Ўзбекистон | 16:46 / 09.02.2022
16963
14 дақиқада ўқилади

Солиқ имтиёзлари: Очиқланаётган маълумотлар етарлими?

2021 йилда 53 мингдан ортиқ корхонага 34 трлн сўмлик солиқ имтиёзлари қўлланган. Бу – ўтган йилги жами солиқ тушумларининг 26,7 фоизи, ЯИМнинг 4,6 фоизига тенг. Хўш, бу нормал кўрсаткичми? Имтиёзлар борасида яна нималар очиқланиши керак?

Коллаж: Kun.uz

Давлат солиқ қўмитаси 2021 йил якунларига кўра солиқ имтиёзлари берилган субъектлар бўйича маълумотларни янгилади.

Kun.uz'нинг мазкур маълумотлар асосидаги ҳисоблашлари ўтган йил давомида 53 561 та хўжалик юритувчи субъектга 7 та солиқ тури бўйича 70 644 та ҳолатда жами 34,9 трлн сўмлик имтиёз қўлланганини кўрсатмоқда.

Имтиёзлар суммасининг асосий қисми қўшилган қиймат солиғига тўғри келади.

2021 йилда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан фойдаланилган солиқ имтиёзлари
(Давлат солиқ қўмитаси маълумотлари асосида Kun.uz ҳисоб-китоблари)

34 триллион сўмлик имтиёзлар: бу нормалми?

Юқоридаги ҳисоблашлар барча солиқ турлари бўйича қўлланилган имтиёзлар натижасида 2021 йилда бюджетга 34 триллион 91 миллиардга яқин солиқ тўланмаганини кўрсатди. Бу – ўтган йилги ЯИМнинг 4,6 фоизини ташкил қилади.

Яқинда эълон қилинган Глобал солиқ харажатлари маълумотлар базаси (GTED) маълумотларига кўра, солиқ имтиёзлари (юридик шахслар ва уй хўжаликлари учун енгилликлар, айрим товарлар ва хизматлар учун ставкаларнинг мақсадли пасайтирилиши) натижасида ундирилмаган маблағлар миқдори глобал миқёсда ўзгармай қолмоқда: сўнгги 30 йил ичида дунё миқёсида ундирилмаган солиқлар қиймати глобал ялпи ички маҳсулотнинг 3,3 фоизидан 4,9 фоизигача бўлган. Бундан, Ўзбекистондаги солиқ имтиёзларидан натижасида ундирилмаган маблағлар меъёри глобал миқёсга мослигини кўриш мумкин, бироқ гап бунда эмас.

VoxEU мутахассисларининг ёзишича, давлатлар солиқ имтиёзлари ҳақида эълон қиладиган  ҳисоботларнинг сифати, мунтазамлиги ва ҳажми сезиларли даражада фарқ қилади. Австралия ва Марокаш каби баъзи мамлакатларда нафақат индивидуал солиқ харажатлари даражасидаги имтиёзлар (яъни бюджетга тушиши мумкин бўлган даромадлар) бўйича ҳисоб-китоблар, балки солиқ базаси, солиқ имтиёзларининг тури, қандай мақсадларда берилгани ва компаниянинг бенефициарлари тўғрисидаги маълумотларни ҳам ўз ичига олган тўлиқ ҳужжатлар нашр этилади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, киши бошига даромади паст ва ўртадан паст мамлакатларда очиқ тақдим этиладиган солиқ имтиёзлари тўғрисидаги ҳисоботлар мундарижаси анчагина сифатсиз, қамрови тор бўлади. Бу – инсон ва молиявий ресурсларнинг етишмаслиги ва институционал асосларнинг заифлиги каби қатор сабабларга боғлиқ.

Ўзбекистон: Очиқланган маълумотлар мундарижаси ҳали тўлиқ эмас

Ўзбекистон – солиқ имтиёзлари ҳақидаги маълумотларни энди эълон қила бошлаган, очиқликнинг бошланғич босқичида турган давлатлардан бири. VoxEU мутахассислари ҳам айнан ўртадан паст даромадли мамлакатларда солиқ имтиёзлари ҳақидаги ҳисоботлар тўлиқ эмаслигини таъкидлашган. Худди шундай, Ўзбекистон солиқ базасида имтиёзлар қайси асосга кўра берилгани ҳақида маълумот йўқ.

2021 йил давомида солиқ имтиёзларидан фойдаланган 70 мингдан зиёд субъектларга қайси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида имтиёзлар берилгани очиқланмаган.

ДСҚ эълон қилган жадвал солиқ турлари бўйича субъектларга берилган умумий имтиёз суммаси ва тўланган солиқлар бўйича маълумотларнигина ўз ичига олади.

Экспертлар имтиёзларнинг ҳисоб-китобидан ташқари, улар қай мақсадда, қачон ва қай тартибда берилгани ҳамда компаниянинг бенефициарлари тўғрисидаги маълумотлар ҳам очиқ бўлиши кераклигини тавсия қилишади.

ДСҚ: Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар илова қилинади

Давлат солиқ қўмитаси Kun.uz'га имтиёз қўлланилиш асослари – яъни қайси норматив-ҳуқуқий ҳужжатга асосан имтиёз берилгани ҳақидаги маълумотлар базага киритилишини маълум қилди.

Шунингдек, қўмита матбуот хизмати “E-imtiyoz” портали орқали солиқ имтиёзларининг асослари ҳақидаги маълумотлар эндиликда ДСҚда бўлишини билдирди.

“Корхоналар энди (солиқ ҳисоботларини) киритишни бошлашди; янги дастур билан аввал ҳисоботларини ўзлари белгилаб кетишган. Бу йилдан имтиёз дастури ишга туширилди ва асослари билан оляпмиз, шу сабабли энди тўлиқ маълумот солиқда бўлади”, – деди қўмита масъули.

Имтиёзлар қайси ҳужжатлар билан берилганини очиқлашнинг ўзи етарлими?

Таъкидлаш керакки, солиқ имтиёзлари берилган субъектларнинг катта қисми – бюджет ташкилотлари, ижтимоий муассасалар ва давлат компаниялари. Бироқ рўйхатда хусусий корхоналар, айниқса ижтимоий аҳамиятга эгалиги жиддий савол остидаги компаниялар ҳам кўплигини кўриш мумкин.

Жами солиқ имтиёзлари суммасининг қанча қисми хусусий корхоналар ҳиссасига тўғри келиши ДСҚнинг тор профилли очиқ маълумотларида йўқ. Бу корхоналарнинг тармоқлар кесимида гуруҳланиши ва бенефициарлари ҳақида эса ҳозирча гап ҳам бўлаётгани йўқ.

Бундан ташқари, берилган имтиёз самара бердими-йўқми, бу саволга жавоб изланмайди. 2021 йил июнида Солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев Kun.uz саволига жавобан берилган солиқ имтиёзлари қанақа самара бергани мониторинг қилинмаслигини тан олганди. У берилган имтиёзлар самарасини мониторинг қилиб бориш тизими йўлга қўйилиши кераклигини айтганди, бироқ бу борада ҳозирча янгилик йўқ.

2022 йилги давлат дастурида имтиёзлар ва преференциялар самарасини баҳолаш тизимига ўтилиши ҳақида банд киритилмаган. Фақатгина давлат кўмаги (имтиёз ва преференциялар) шакллари ва уларни тақдим этишга нисбатан монополияга қарши талабларни белгилаш кўзда тутилган. Бу талаблар “Рақобат тўғрисида”ги ва “Табиий монополиялар тўғрисида”ги қонунларни бирлаштириш орқали киритилиши кутилмоқда.

Шунча имтиёзни ким берган?

Ўзбекистонда 2020 йилдан бошлаб солиқ имтиёзлари фақат қонун билан бериладиган тартиб ўрнатилган. Бунга қадар эса президентдан ташқари Вазирлар Маҳкамаси ва ҳатто маҳаллий ҳокимликлар ҳам имтиёз бера оларди.

“Тўғри тушунинглар, бизнинг мамлакатимиз учун бу бир катта қадам олдинга бўлди. 483-модда, вақтинча имтиёзлар деган нарса пайдо бўлди. Манзилли имтиёзлар йўқ у ерда. Аввал 2017 йилдан олдинги даврни қараб чиқсангиз, манзилли имтиёзлар бор эди”,деди 17 январ куни солиқ ўзгаришларига бағишланган матбуот анжуманида молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов.

Вазир ўринбосари имтиёзлар берилгани эътирозларга сабаб бўладиган компаниялар ҳақида ҳам тўхталди.

“Ҳаммани қизиқтираётган 20та ташкилот ҳақида гапирсак – 50та бўладими, 100тами – бу ерда солиқ органи буларни элон қилгани “айб” бўлди. Кўрайлик, ҳаво йўллари нима бўйича имтиёз қўллаши мумкин эди, ёки темир йўллар 2020 йилгача бирорта ер солиғини тўламай келган. 2020 йилдан бошлаб у ер солиғи тўловчиси тоифасига ўтди. Сабаби, унда қанча ер борлиги ҳисоб-китобини юритишимиз керак эди", – деди вазир ўринбосари.

Мазкур матбуот анжуманида, шунингдек, Солиқ қўмитаси раиси Шерзод Қудбиев солиқ имтиёзлари кимнинг елкасига тушиши ҳақидаги саволга “ҳеч кимнинг” дея жавоб берганди.

Давлат фискал ва молия сиёсати доирасида қайсидир соҳаларни ривожлантириш учун солиқ имтиёзларини беради. Агар биз ўша солиқ имтиёзларини яшириб, эълон қилмаганимизда, Солиқ қўмитасига айбдор сифатида қарашингиз мумкин эди. Биз ҳаммасини очиқчасига эълон қиляпмиз”,деганди Қудбиев.

Афтидан, Ўзбекистоннинг бош солиқчиси солиқ имтиёзларини катта муаммо деб ҳисобламайди. У имтиёзлар ҳам муаммо бўлиши мумкинлигини истисно этмаган ҳолда, энг асосий муаммо – “адолатли ҳисобот берилишини таъминлаш” эканини айтди.

“Солиқ имтиёзлари бутун халқнинг елкасига тушади – хизматлар ёмонлашиши, солиқ юки ва ташқи қарз ошиши кўринишида”

Фото: Миркомил Холбоев / Facebook 

Иқтисодчи Миркомил Холбоев Kun.uz билан суҳбатда солиқ имтиёзи ҳеч кимнинг елкасига тушмаяпти деб ҳисоблаш абсурд дея фикр билдирди.

“Абсурд фикрлиги шундаки, кимдир солиқ имтиёзи олиши – бу адолат нуқтайи назаридан хато. Масалан, мен имтиёз олсам-у қўшним олмаса, бу тенгсизликнинг авж олиши ёки жамиятдаги кайфиятга ёмон таъсир қилади.

Солиқ тушумлари биринчи навбатда бюджет даромадларини англатади. Қайсидир солиқ тўловчиларга имтиёз берилиши эса бюджет даромадларининг камайишини англатади.

Кимдир солиқ имтиёзи олаётгани бошқа биров стандартдан кўра ёмонроқ синфхонада таълим олиши, етарлича тиббий хизматдан фойдалана олмаслиги, қайсидир ўқитувчининг ойлиги ошмаётгани ва умуман исталган нарсада кўриниши мумкин. Айтайлик, давлат харажатларни камайтирмаса, бу солиқ юки ёки ташқи қарзнинг ошишига ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Кимнингдир имтиёз олиши бизнинг давлат таъминлайдиган ижтимоий хизматлар ҳажмининг пасайиши, солиқ юки ва ташқи қарзнинг ошишига олиб келади. Солиқ юкининг ошиши имтиёз тақдим қилинганлардан бошқа иқтисодий қатнашчилар учун албатта зарар. Ташқи қарз эса келажакда тўлашимиз шарт бўлган юк ҳисобланади.

Хулоса шуки, солиқ имтиёзлари албатта солиқ тўловчилар ёки жамият аъзоларининг, бутун халқнинг елкасига тушади”, – дейди иқтисодчи.

“Бирор соҳага имтиёз бериш – қаерга пул тикишни бозордан кўра мен яхшироқ биламан дейишга тенг”

Беҳзод Ҳошимов / Фото: Kun.uz

Kun.uz'га интервю берган иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов бирор соҳага имтиёзлар берилишининг иқтисодий жиҳатлари ҳақида гапирди. Имтиёзларнинг кўплиги бозордаги мувозанатни бузади, дейди иқтисодчи.

Беҳзод Ҳошимов қуйида келтирилаётган мулоҳазаларида нафақат солиқ имтиёзлари, балки у ёки бу тармоқ ёхуд индивидуал субъектларга бериладиган барча турдаги имтиёзлар ва преференцияларни ҳам назарда тутади.

“Қонуният тариқасида, истиснолар ва имтиёзлар яхши нарса эмас. Лекин баъзан мантиққа асосланган ҳолда имтиёзлар тақдим этилиши ҳам мумкин.

Баъзи бир хил алоҳида имтиёзларнинг кўлами кичкина бўлгани учун умумий иқтисодиётга таъсир ўтказмаса-да, кўлами катта имтиёзларнинг салбий таъсири бор. Ўзи, имтиёзлар берилишининг сабаби – ўша соҳага етарлича пул кириб бормаяпти, деб ҳисоблаш. Имтиёзлар ўша соҳага кўпроқ маблағларни жалб қилиш учун тақдим қилинади. Бунинг фалсафий илдизи шундаки, бирор соҳага имтиёз бериш – қаерга пул тикишни бозордан кўра мен яхшироқ биламан дейишга тенг.

Бир соҳага имтиёзларнинг берилиши бошқа соҳалардан инвестиция ва маблағларни, инсон капиталини камайтириш ҳисобига амалга оширилади. Биз қайсидир соҳага имтиёз берсак, инвесторлар шу соҳага пул тикишни бошласа, улар бошқа соҳаларга ажратиши мумкин бўлган пулни ушбу соҳага ажрата бошлашади, яъни сунъий тарзда бозор мувозанати бузилади.

Хўш, қандай ҳолларда имтиёз бериш мумкин?

Бу ўринда бозорда йўқ бўлган нарсаларни айтиш мумкин. Кўплаб иқтисодий хатти-ҳаракатларимизнинг ташқи таъсирлари бор; масалан, мен бир маҳсулотни ишлаб чиқарсам, экологияга салбий таъсир кўрсатаман, ана шу салбий жиҳат – ташқи таъсир.

Бу ташқи таъсирнинг жамиятга етказаётган зарари менинг бухгалтерлик ҳисоб-китобларимда акс этмайди. Мен 100 сўмга олиб, 50 сўм харажат қилиб, 200 сўмдан сотяпман ва 50 сўм фойда кўряпман, деб ҳисоб-китоб қиламан, ваҳоланки мен 50 сўм фойда қилаётган бўлсам-да, шу 50 сўмни деб жамиятга 100 сўмлик зарар келтираётган бўлишим мумкин. Мана шу нарса – ташқи таъсирлардир.

Ташқи таъсирлар ижобий бўлиши ҳам мумкин. Масалан, таълим. Тадбиркор даромад кўриш мақсадида таълим муассасаси очади, лекин бу орқали жамиятга билвосита фойда ҳам келтиради. Яъни таълим муассасаси очган тадбиркор 50 сўм топаётган бўлса, жамият унинг фаолиятидан 100 сўм топаётган бўлиши мумкин.

Ёки бошқа бир мисол: кимдир боғ қиляпти. Бу боғ унга 0 сўм, жамият учун эса 100 сўм фойда келтиряпти. Демак, ҳукуматлар имтиёз қўллайдиган соҳалар ижобий ташқи таъсирларга эга бўлиши муҳим.

Шу билан бирга, салбий ташқи таъсирларга эга соҳаларга манфий имтиёзлар қўллаш ҳам мумкин. Масалан, экологияга зарар етказадиган фаолият турлари учун солиқларни баланд қилиб қўйиш. Бу ҳам бозордаги мувозанатга аралашиш бўлади, лекин биз рағбатларни тўғри қўйишимиз керак.

Сиз айнан чорвачилик ва паррандачиликни айтдингиз. (Саволда чорвачилик ёки паррандачиликка бериладиган имтиёзлар мисо сифатида келтириган эди) Улар бозорда мавжуд тадбиркорлик фаолияти бўлгани учун мен уларнинг ташқи таъсирларини кўрмаяпман. Яъни идеалда чорвачиликнинг жуда ҳам оммалашиб кетиши яхшими ёки ёмонми, деган саволга жавоб, менимча, ёмонга яқин. Чунки чорвачиликнинг ҳам экологик таъсирлари бор. Ҳар бир килограмм гўштни етиштириш учун неча минг литр сув кетади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, имтиёзлар керакми-йўқми деган саволга қисқа жавоб – вазиятга қараб. Бунда бирор соҳага имтиёз беришдан олдин бу соҳанинг ташқи таъсирларига қараш керак.

Умуман олганда эса қонуният тариқасида имтиёзлар бериш ёмон, деган бўлардим”, – дейди Беҳзод Ҳошимов.

Хулоса

Молия вазирлиги ва Монополияга қарши курашиш қўмитаси қўллаб-қувватлаш инструментларининг барча шакллари (имтиёз, преференция, субсидия, компенсация ва б.) мақсадга мувофиқлигини қайта тафтиш қилиши ҳамда уларнинг самарасини мониторинг қилиб боришни йўлга қўйиши мақсадга мувофиқ.

Давлат солиқ қўмитаси имтиёзларнинг шаффофлигини янада ошириши, Давлат божхона қўмитаси эса бу борада ДСҚдан ўрнак олиши лозим. Очиқлик сиёсати эълон қилинган экан, солиқ имтиёзлари билан ёнма-ён юрадиган божхона имтиёзлари ҳақида ҳам ҳисоботлар жамоатчиликка тақдим этилиши зарур.

Шу билан бирга, Адлия вазирлиги ташаббус кўрсатаётган “Лоббизм тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг ишлаб чиқилиши ва қабул қилиниши ҳам узоқ йилларга чўзилиб кетмай, имкон қадар қисқа фурсатларда ва сифатли нормаларни ўз ичига олган ҳолда амалиётга киритилиши муҳим аҳамиятга эга.

Мадина Очилова

Мавзуга оид