Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ССВ: энди операция учун сунъий навбатларга чек қўйилади
Вазирлик мутахассислари мураккаб жарроҳлик амалиётларини вилоятлар ва туманларнинг ўзида амалга оширишмоқда, сўнгги уч кунда қирққа яқин киши операция қилинган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакат бўйлаб «Саломатлик кунлари» ижтимоий акцияси бошлангани ҳақида хабар берди.
«Юртдошларимиз орасида оғир хасталикдан дард чекиб, даволанишга имкон тополмай юрганлар кам эмас. Республика даражасида ўтказиладиган баъзи мураккаб операциялар учун пойтахтга келишга ҳам қўли калталик қилаётганлар топилади. Қолаверса, ихтисослаштирилган тиббиёт марказларида имтиёзли даволаниш учун йўлланма олган, бироқ навбати келишини кутиб турганлар ҳам бор.
Хасталик туфайли тўшакка михланиб қолганларни узоқ масофадан Тошкентга олиб келишнинг ўзи бўлмайди, албатта. Бундан ташқари, шифохонада яқинлари уларнинг ҳолидан доимо хабардор бўлиб туришлари керак. Реабилитация жараёнлари ҳам худди шундай эътибор ва парваришни талаб этади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан ана шундай муаммоларга ечим топиш мақсадида мамлакатимиз бўйлаб «Саломатлик кунлари» ижтимоий акцияси эълон қилинди.

Етакчи шифокорлар беморлар ҳузурига келди
Акция доирасида, аввало, маҳаллий тиббиёт ходимлари кўмагида хонадонма-хонадон ўрганишлар олиб борилиб, юқори технологик операцияларга муҳтож беморлар рўйхати туманлар кесимида шакллантирилмоқда.
Жумладан, Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларининг болалар урологияси, пластик ва юз-жағ жарроҳлиги, абдоминаль ҳамда интервенцион хирургия, кардиохирургия каби ўнга яқин йўналиш бўйича малакали шифокорлар, тиббиёт фанлари докторлари ва номзодларидан иборат гуруҳлар Жиззах вилоятида яшовчи беморлар ҳузурига келди.
Мутахассислар дастлабки уч кунда қирққа яқин кишида мураккаб жарроҳлик амалиётларини ўтказишди. Баъзи операциялар ҳудудий тиббиёт муассасалари моддий-техник имкониятларидан келиб чиққан ҳолда туманлар кесимида ҳам бажарилди.
«Бу галги «Саломатлик кунлари» аввалги акцияларимиздан фарқ қилади. Масалан, юртимизда биринчи марта Давлат тиббий суғурта жамғармаси маблағлари ҳисобидан беморлар операциялари учун зарур барча сарфлов воситалари олдиндан олиб берилди. Бу эса муолажаларга аввалдан пухта тайёргарлик кўриш имконини берди.
Муҳими, барча жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли ўтказилмоқда. Ҳатто баъзи операциялар вилоятда илк бор амалга оширилди. Шу сабабли бу юқори технологик муолажалар маҳаллий шифокорлар учун маҳорат дарслари ҳам бўляпти. Келгусида «Саломатлик кунлари» навбат асосида барча вилоятларда ўтказилади», дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги Даволаш-профилактика ёрдамини ташкиллаштириш бош бошқармаси бошлиғи Умидулла Рисқиев.
«Фарзандим қайта туғилгандай бўлди»
Зоминда яшовчи оила етишмовчилик туфайли бемор фарзандини Тошкентга олиб кела олмаган.
«Ўғлим туғма лаб нуқсони билан дунёга келган, 16 йилдирки шу дарддан азият чекади. Бир неча марта операция қилдирдик. Лекин кутилган ўзгаришни сезмадик. Пойтахтдаги кучли шифокорларга кўрсатишга эса имконимиз бўлмади.
Шу сабабли туман тиббиёт бирлашмасидан қўнғироқ қилиб, болангизни бепул операция қилиб берамиз, дейишганида қувончим ичимга сиғмади. Дарҳол вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт марказига етиб бордик. Пойтахтдаги Болалар миллий тиббиёт марказидан келган малакали хирурглар шу ерда экан.
Операция муваффақиятли ўтди. Ҳозир ўғлимнинг аҳволи яхши. Шифокорларнинг айтишича, энди унинг юқори лаб ва танглай соҳасидаги туғма нуқсон бутунлай бартараф этилиб, юз ва жағидаги функциялар тўлиқ тикланди. Фарзандим қайта туғилгандай бўлди. Инсон қадри учун қилинаётган хайрли ишлар, мана, хонадонимизгача етиб келди», дейди зоминлик Нурали Эсонбоев.
Худди шундай жарроҳлик амалиёти Жиззах шаҳрида яшовчи Гуллола Оқилованинг 6 ойлик чақалоғида ҳам муваффақиятли ўтказилди. Қолаверса, республика Болалар миллий тиббиёт марказидан келган офтальмология ва болалар урологияси йўналишларидаги мутахассислар ҳам жажжи беморларда юқори технологик жарроҳлик амалиётларини бажаришмоқда.
«Операция учун тўплаётган пенсиям ёнимга қолди»
Йиллар давомида касаллик билан курашиб, дардига даво излаб юрган беморлар саноқли соатлар ичида, беминнат ва ортиқча оворагарчиликсиз хасталикдан фориғ бўлмоқда.

Жиззах шаҳрида яшовчи 73 ёшни қаршилаган Зайнаб она Соатова шулардан бири.
«Тўрт йил аввал юрак хуружини бошдан кечиргандим. Шундан кейин аҳволим тўлиқ ўнгланмади. Бир-икки қадам боссам ҳам, ҳансираб, юролмай қолардим. Кўкрак қафасимда қаттиқ оғриқ пайдо бўларди. Мунтазам дори ичиб юришим керак эди. Шифокорлар касаллигимни даволаш учун операция қилиш кераклигини айтишди. Лекин бунга иқтисодий имкониятимиз етмаган.
Мана, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан биз каби эҳтиёжманд беморларда бепул операциялар амалга оширилаётганидан хабар топдик. Шифокорлар юрагимга стенд қўйишди. Ҳозир ўзимни яхши ҳис қиляпман. Бир-икки кундан кейин уйга жавоб беришаркан.
Дарддан қутулганимдан хурсандман. Операция учун тўрт йилдан бери пенсиямдан орттириб пул йиғаётгандим. Бу кутилмаган мўъжизадай бўлди. Тошкентдан шифокорлар келиб, мени ўз шаҳримда, бунинг устига, бепул операция қилишини хаёлимга ҳам келтирмагандим. Давлатимиз меҳр-эътиборидан четда қолмаётганимиз шу-да...», дейди онахон.

Жиззахда «Саломатлик кунлари» доирасидаги операциялар давом этмоқда.