Жамият | 15:06 / 22.02.2022
15283
8 дақиқада ўқилади

“Ишли бўлсам, оиламни эплаб кетардим” — чекка қишлоқ аёлини ким эшитади?

Боласининг тузалиши учун елиб югураётган, лекин чорасизликдан қийналаётган, чиқиш йўлини топа олмаётган аёл ҳозир дорилардан зада бўлган боласига мева олиб беришга ҳам қўли калта. Лекин у ишлашни, оиласини таъминлаб, болаларини оёққа қўйишни орзу қилади. Аслида, иложини топиш қийин бўлмаган орзу, лекин...

Фотоколлаж: Kun.uz

Бундан салкам 2 йил олдин Самарқанд вилояти, Қўшработ туманида яшайдиган Меҳринисо Баҳромова билан суҳбатлашгандик. Меҳринисо опа – 2 фарзанднинг онаси; яна 3 фарзандини эса туғилиши биланоқ тупроққа қўйган, юраги куйган она, рўзғорни амаллаб турибди.

Карантиннинг айни авж пайти қилган ўша суҳбатимизда аёл эрининг бир қўли ишламаслиги, шунинг учун рўзғор тебратиш ўзининг зиммасида экани, қишлоқдаги барча юмушларни қилиб кетавериши, лекин қийинчилик юкидан эзилаётгани ҳақида гапириб берганди. Ўша интервюдан бери ўтган 2 йиллик вақтда ҳам аёлнинг ҳаётида бирор яхши ўзгариш бўлгани йўқ. У ҳаракат қилишни, болалари учун яхши шароит қилиб беришни хоҳлайди, аммо қишлоқ шароитида бунинг учун йўл топа олмаяпти.

Ҳали боласи 1,5 ёш бўлган она оиланинг қорнини тўйдириш учун тинмай чора излаяпти. Аслида эса бу ёшдаги болалари бор оналар бола парвариши таътилида, бор эътиборини фарзандини катта қилиш ва ўз соғлигини тиклашга қаратиши лозим. Аммо ҳаёт ҳамма учун ҳам бирдай тўкин-сочин эмас.

“5 фарзандимдан 2 нафари яшаб қолди”

— Қонимда торч инфекцияси бўлгани сабаб 3 фарзандим туғилгач, 3-4 кун, 1 ҳафта яшаб нобуд бўлган. Ҳозир 2 фарзандим бор: бир қиз, бир ўғил. Қизим 2-синфга боради. Яхшилар ёрдами билан керакли дори-дармонларни олиб, кичик фарзандимни дунёга келтирдим. Ҳозир 1,5 ёшда.

Бироқ ўғлим касалманд. Шу фарзандим туғилишидан олдин ҳеч қаерга ёрдам сўраб бормагандим. Ҳаммасини ўзим эплашга ҳаракат қилардим. Лекин бола учун ҳамма нарсага тайёр бўларкан одам. Болам бир ойда 2 марталаб туман шифохонасида даволанишига ҳам тўғри келади. Ўғлим қийинчилик билан туғилган: дунёга келганда, дастлаб, юраги урмади. Шифокорлар муолажалари ёрдамида ўзига келтирилган чақалоғимни бир ҳафта менга умуман кўрсатишмади. Болам шу туғилганидан бери нимжон. Айнан ниманинг таъсиридан эканини ҳам билмайман. Шифокорлар инфекциядан дейишганди. 1,5 ёшдаги бола ҳали ҳам қайт қилади, ошқозони яхши ҳазм қилмайдими, билмаяпман, еган овқатини қайт қилади.

“Қийинчилик бўлса ҳам, ажрашмадим”

— Хўжайинимнинг бир қўли ишламайди. 4 марта операция қилинган. Охирги марта операция қилишганда оёғидан суяк олиб қўлига қўйишганди. Шунинг учун ҳам рўзғор юки ўзимнинг бўйнимда. Боламни шаҳарма-шаҳар врачларга кўрсатаман деб югурганимда ҳам хўжайиним ёнимда тургани йўқ.

Қайнотам раҳматли ўғли ёшлигида “Уйлантирмайман, рўзғорни эплолмайди”, дер экан. Пешонам экан, шу одам билан яшаяпман. Ота-онам “Бу одам рўзғор боқолмаса, ажрашиб қўяқолгин”, деб ҳам айтишди. Лекин Аллоҳга нола қилиб, фарзанд сўраб юрган пайтларим ажрашмадим, энди болаларимни отасидан қандай айираман, улғайишса, “Нега биз отамиз билан яшамаймиз”, дейишса, нима деб жавоб бераман, пешонамда борини кўраман деб яшаяпман.

“Боламга йогурт, банан олиб беролмайман”

— Жуда қийналиб кетдим, болаларимнинг аҳволига қараб қийналаман. Ўғлим йиғлаган пайти бошидаги томирлари бўртиб чиқиб қолади. Туман шифокорлари вилоят кўптармоқли шифохонасига, невропатологга олиб бориб кўрсатишни тавсия қилишган. Олиб боришга ҳам имконим бўлмаяпти.

Катта қизим ҳали 2-синф, шу ёшида сочига оқ тушиб кетди, боши оғриб қолади.

Ўғлимни Самарқанд шаҳрига дўхтирга олиб борганимда шифокор “Болангни танаси дорига тўлиб кетган, жигарига зарар. Унга йогурт, банан олиб бер, суяк қайнатиб бергин”, деб тайинлаганди. Ҳали нимжон бўлгани учун каша бергин, деганди. Лекин иложсизман, ҳеч қайси бирини олиб бера олмайман. Фақат боламга бериладиган бола пулини рўзғорга зўрға етказяпман, холос.

“Темир дафтар”га киритишганми-йўқми, билмайман”

— Шу икки боламни оёққа турғизиб олишни жуда истайман. Бирор имконият берилса, бор кучим билан фойдаланиб, ҳаракат қилардим. Карантин пайти маҳалладан “Темир дафтар”га киритганмиз, деб бир марта озиқ-овқат ташлаб кетишганди. Лекин ҳозир ҳеч қайси дафтарда турмайман, адашмасам. Буни олдинроқ ўғлимнинг соғлигида муаммо бўлганда, дориларга муҳтож пайти ҳокимиятга бориб билгандим.

Ўшанда ҳоким ўринбосари (аниқ кимлиги эсимда йўқ) “Бу аёлни нега дафтарга киритмагансизлар?” деб маҳалладагиларни урушиб берганди. Шундан кейин қайта киритишганми-йўқми билмадим.

“Қишлоқда иш йўқ”

— Мен ўзим ишлаб, пул топишни, болаларимга яхши шароит қилиб беришни хоҳлайман. Шу сабаб иш сўраб маҳаллага ҳам, ҳокимиятга ҳам бордим. Қишлоғимизда янги боғча қуриляпти, шу ерда нима иш бўлса ҳам қила олардим. Қишлоқ жойда иш ўринлари йўқ. Ҳеч ким ўзидан ортмайди, бировлардан уни-буни сўраб юришни хоҳламайман. Қўлдан берганга қуш тўймайди дейишади. Ишли бўлсам, ўз оиламни эплаб кетардим.

Шу пайтгача қишлоқ ерларида нўхат ўрдим, майиз тердим, ҳеч нарсадан қайтмасдим. Биз томонларда майизчилик билан шуғулланишади. Қишда сифати пастроқ майизларни сотиб олиб, тозалаб, саралаб бироз қимматроққа сотиб рўзғорга етказардим.

Болам туғилгач, ёш бола билан кўп нарсанинг имконини қила олмадим. Ота-онам ёрдам беришади, озиқ-овқатларни қарзга олиб тураман. Маҳалламизда бир дўкончи ёрдам бериб туради. Шу кишидан маҳсулотларни қарзга олиб, бола пули тушгач бераман, дўкончи – яхши одам, маҳсулотлардан бепулга ҳам ёрдам қилиб туради.

Карантиндан сўнг қишлоқда аҳвол баттар қийинлашди. Қишлоқ ҳаёти қийин-да барибир. Эрлари ишлайдиган аёллар унчалик қийналмайди. Кўпчиликнинг ҳаёти шу – ишсизлик. Журналистлар менга қўнғироқ қилганини эшитган бир аёл менга дардини айтиб йиғлаб қолди, унинг эри Россияда, рўзғори абгор бир ҳолатда яшашади. У ҳам ҳаётида нимадир ўзгаришидан умид қилади.

Аёллар касалманд болаларнинг онаси эмас, бахтли бўлишсин

Аслида, Меҳринисо опага ўхшаш тақдирли аёлларни ҳар қадамда учратиш мумкин. Айниқса, қишлоқларда аёллар боғча, мактаб ёки шифохоналарда ишламаса, бошқа иш ўринлари деярли йўқ. Қишлоқлик аёллар томорқасига экин экиб, ундан чиқадиган ҳосил ҳисобидан рўзғорга ёрдам беришади ёки Россияда ишлаётган эрининг юборганини йиғиб, рўзғорни тебратишади.

Шундай инсонлар билан учрашиб, суҳбатлашар экансиз, етарлича доимий иш ўринлари пайдо бўлиши, одамлар меҳнат қилиб бирламчи эҳтиёжларини қондира олишлари, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам ҳам сифатли тиббий хизматлар билан таъминланиши учун ҳали қилиниши керак бўлган ишлар жуда ва жуда кўплиги, аввало инклюзив иқтисодий ўсишга эришиш заруратини чуқурроқ англайди киши.

Нима бўлса ҳам, Меҳринисо Баҳромованинг дардини Самарқанд вилояти масъуллари, Қўшработ тумани мутасаддилари эшитади, унинг бирор касбга ўқиб ишга жойлашишига ёрдам беради, деган умиддамиз. Ахир аёл кимдандир нимадир тама қилмаяпти, фақат ўзи учун иш сўраяпти; бор имконини ишга солишга, ҳатто ўрганишга ҳам тайёр. Бундай сўровга эса унинг ҳаққи бор.

Зилола Ғайбуллаева суҳбатлашди.

P.S. Меҳринисо Баҳромованинг карта рақами: 8600 0609 2153 0946 
Бундан ташқари, ёрдам бериш истагида бўлганлар @jurnalistgamurojaatbot телергам манзили орқали мурожаат қилишлари мумкин.

Зилола Ғайбуллаева
Муаллиф Зилола Ғайбуллаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид