Спорт | 17:29 / 26.02.2022
31034
13 дақиқада ўқилади

«Челси» ва «Ливерпуль» ўртасида финал, «Барса» «Атлетик»га қарши. Ҳафта ўйинлари анонси

Фото: Getty Images

Европада бир қарич ер учун курашлар фақат ва фақат спорт майдонларида бўлиши кераклигини тарғиботи ўлароқ, бу ҳафта ҳам эътиборингизга бир қатор катта ўйинларни тайёрлаб қўйган. Испанияда Класико ва Андалусия дербиси, Англияда Ливерпуль ва Манчестернинг навбатдаги тўқнашуви, Италияда эса чемпионликни ютқазиш мусобақаси давом этади.

26 февраль (шанба)

ЭВЕРТОН – МАНЧЕСТЕР СИТИ

Ўйин бошланиш вақти: 22:30

ТВ-трансляция: UzReportTV

«Эвертон» ва «Манчестер Сити» ўртасида қизиқ тенденция бор – аслида ливерпулликлар «Сити»га қарши анча муносиб рақиб ҳисобланишади, масалан, ўтказилган охирги 25 ўйиннинг 11тасида мағлубиятга учрамасликнинг уддасидан чиқишган. Лекин бошқа томондан «Сити» айнан «Ливерпуль» билан чемпионлик курашига киришган мавсумларда «Эвертон» ҳеч қандай жиддий қаршиликсиз мағлубиятга учрайверган. Буни ҳатто икки Ливерпуль клуби ўртасидаги зиддият билан боғлашади ҳам. Сўнгги йилларда эса Гвардиола шогирдлари натижа борасида яққол устунлликка эга. Барча мусобақалардаги охирги 9 ўйин «Сити»нинг ғалабаси билан якунланган. «Эвертон» сўнгги ғалабасини 2016 йилда, Гвардиоланинг мураббий сифатида «Гуддисон»га илк сафарида рўй берганди – 4:0.

«Сити»нинг «Тоттенҳэм»га учралган мағлубиятидан сўнг, «Ливерпуль» вазиятдан усталик билан фойдаланди ва ҳафта ўртасида «Лидс»ни мағлуб этиб, ўртадаги фарқни 3 очкогача қисқартирди. Демак бир ой олдинги яққол пешқадамликдан асар ҳам йўқ, «Сити» буёғига очко йўқотмаслиги шарт. Зеро икки фаворит ўртасида ўзаро ўйин ҳам бизни кутиб турибди.

Фото: Getty Images

Лэмпард жамоа ўйинини яхшилашга уринаётган, баъзи вазиятларда бу сезилаётган бўлса-да, натижа борасида муаммолар кўп. «Лидс» билан ўйиндаги чиройли ғалабадан сўнг, «Саутҳэмптон»дан оғир, ҳар жиҳатдан мағлубият қабул қилинди. Лигада жон сақлаш учун асосий рақиблар ўша «Лидс», янгиланган «Ньюкасл» ва сўнгги турларда очко тўплашни бошлаб юборган «Бёрнли» эканини эътиборга олсак, Лэмпардга осон бўлмайди. Дарвоқе, «Манчестер Сити» Лэмпард учун Англиядаги сўнгги тўп сурган жамоаси эканини ҳам эсга олиш керак.

Таркибларга келсак, мезбонлар таркибида Годфри, Дейвис ва Мина камида бир ойдан кейин сафга қайтади. Собиқ «ситичи» Фабиан Дельфнинг ҳам тикланиш муддати шунақа. Виталий Миколенконинг майдонга тушиши сўроқ остида. Меҳмонлар сафида эса деярли йўқотишлар йўқ.

27 февраль (якшанба)

ВЕСТ ҲЭМ – ВУЛВЕРҲЭМПТОН

Ўйин бошланиш вақти: 19:00

ТВ-трансляция: UzReportTV/FutbolTV

Ушбу мавсумда «топ-6»дан ташқари, юқори ўринлар учун даъвогарлик қилаётган ва айниқса нейтрал мухлисларнинг эътиборини қозонаётган икки жамоа ўртасидаги ўйин жуда қизиқ бўлиши шубҳасиз. «Вест Ҳэм»нинг бугунги ҳолати ўтган мавсумдаям тахмин қилинган ва Мойес даражани тушириб юбормаслигига ишонилган бўлса, «Вулверҳэмптон»нинг натижалари чиндан ҳам сюрприз бўлди. Тўғри, «бўрилар» икки йил олдин ҳам АПЛда юқори ўринларда боргандилар, лекин ўша натижаларнинг асосий сабабчиси сифатида португалиялик мураббий Нуну Эшпириту кўрсатилганди. Мураббийнинг «Тоттенҳэм»га ўтиб кетиши жамоадаги пасайишга олиб келиши айтилаётганди. Аммо Бруно Лаже нафақат жамоа натижаларини яхшилади, балки янада томошабопроқ услубни кўрсатмоқда.

Ҳар икки жамоанинг кайфияти ўхшаш бўлиши керак. «Вест Ҳэм» қаторасига икки ўйинда ҳисобда олдинга чиқиб олганига қарамасдан, очко йўқотди. «Вулверҳэмптон» худди шундай ҳолатда «Арсенал»га қарши ўйинда дуч келди. Ўйин охирларигача ҳисобда олдинда борган «бўрилар» икки гол ўтказиб, ҳам бешинчи ўринга кўтарилиб олиш имкониятини қўлдан бой бердилар ҳамда ЕЧЛ ўринлари учун курашдаги асосий рақибга уч очко тақдим этдилар. Табиийки, «Вест Ҳэм» ҳам, «Вулверҳэмптон» ҳам бу сафар иложи борича ғалаба қозонишга ҳаракат қиладилар. Акс ҳолда юқори ўринларга қайтиш деярли имконсиз бўлиб қолади.

Мезбонлар таркибида мавсум охиригача сафдан чиққан Огбоннадан ташқари, Ярмоленко ва Соуфалларда жароҳатлар бор. Шунингдек, Масуакунинг ҳам майдонга тушиши сўроқ остида турибди.»Вулверҳэмптон» вакиллари сафида эса Нелсон Семедунинг жароҳати ўз таъсирини кўрсатса керак. Ўнг қанот ҳимоячиси «Арсенал» билан ўйинда майдонни эрта тарк этганди.

Биринчи даврадаги тўқнашувда Раул Ҳименеснинг ягона голи учрашув тақдирини ҳал қилганди. Лондонда ўтган сўнгги ўйинда эса мезбонлар йирик 4:0 ҳисобида ғалаба қозонгандилар. Қизиғи, ўша ўйинда ҳам голлардан бири Ҳименес ҳисобига ёзилганди – у ўз дарвозасини ишғол қилиб қўйган.

27 февраль (якшанба)

СЕВИЛЬЯ – БЕТИС

Ўйин бошланиш вақти: 20:15

ТВ-трансляция: UzReportTV/UzReportTV

Андалусия дербиси шундоқ ҳам катта воқеа, шу билан бирга мавсумнинг мана шундай палласида ҳар икки клубнинг лигада бу қадар юқорида турган ҳолатда тўқнаш келишлари ҳам доим ҳам содир бўлавермайди. «Севилья» «Реал»ни таъқиб қилаётган ягона жамоа бўлиб турибди ва ўртадаги фарқ 6 очкони ташкил қилмоқда. Лопетеги шогирдларининг бу муваффақияти тушунарли, жамоа анчадан бери ЕЧЛ ўринлари учун курашиб келади, бир нечта еврокубокларда ғолиб ҳам чиқди. Чемпионлик кураши қайсидир маънода узоқ кутилган қадам.

Аммо «Бетис»нинг мавсумнинг учдан иккиси ортда қолган пайтда 3-ўринни эгаллаб туриши ростан ҳам кутилмаган ҳолат. Тўғри, бунга «Барселона» ва «Атлетико»да кузатилаётган инқирозлар ҳам сабаб бўлди, лекин Испанияда уларнинг ўрнини эгаллаши мумкин бўлган жамоалар кўп – «Вильяреал», «Валенсия», «Атлетик» ва ҳоказо. Аммо улар эмас, айнан «Бетис»нинг учинчи ўринда туриши табиийки, Пеллегрини шогирдлари сўнгги йиллардаги энг яхши мавсумини ўтказатганидан далолат. Бунинг устига Ла Лигада охирги 6 ўйиндан 5 тасини ўз фойдасига ҳал қилган «Бетис» еврокубокларда ҳам муваффақиятли қатнашмоқда. Жамоа «Зенит» устидан ғалаба қозониб, нимчорак финалга йўл олди ва у ерда Германиянинг «Айнтрахт» клубига қарши тўп суради.

Биринчи даврадаги дербида «Севилья» меҳмонда 2:0 ҳисобида ғалаба қозонганди. Умуман чемпионатдаги охирги олти дербининг бештасида «Севилья» ғалаба қозонган ва бир ўйин дуранг билан якунланган. Аммо январь ойида Қироллик кубоги доирасида ўтказилган дербида «Бетис»нинг қўли баланд келди ва рақибини мусобақадан чиқариб юборди. Гомеснинг голига Фекир ва Каналес икки гол уриб, иродали ғалабага сабаб бўлгандилар.

Ҳар икки жамоа ҳам пайшанба оқшомида Европа лигасида тўп сурдилар. Бундан келиб чиқадики, жисмоний томондан ҳар икки жамоада ҳам камчиликлар бўлади ва бу хатоларга, кўпроқ голларга сабаб бўлиши мумкин. Шунингдек, «Севилья»да майдонга туша олмайдиган футболчилар жуда кўп. Марсьяль, Ламела, Карлос, Сусо ва Рекик бир неча ҳафтага сафдан чиққанлар. Окампос «Эспаньол»га қарши ўйинда навбатдаги сариқ карточкасини олган бўлса, Кунде ўша ўйинда майдондан четлатилди. Ҳар икки футболчи ҳам дисквалификация туфайли ўйнай олишмайди. Меҳмонлар сафида эса Миранда ва Монтойяда жароҳат бор.

27 февраль (якшанба)

ЧЕЛСИ – ЛИВЕРПУЛЬ

Ўйин бошланиш вақти: 21:30

ТВ-трансляция: МатчТВ (Россия)

Одатда «Ливерпуль», айниқса, Юрген Клопп қўл остидаги йилларда бир нечта фронтда кураша олмаётганди ва кўпинча кубок ўйинларини эрта тарк этарди. Буни ҳам тушуниш мумкин, жамоа анча жисмоний куч талаб қиладиган футбол намойиш этади, жароҳатлар кўп кузатилади, бу ҳолатда бир неча турнирда кураш олиб бориш қийинлашиб кетади. Аммо бу сафар «Ливерпуль» бошқача, ўзи иштирок этишни бошлаган барча мусобақаларда ғолиб чиқиш имкониятига эга бўлиб турибди. Бу Юрген Клопп учун ҳам сюрприз бўлаётганини мураббийнинг ўзи яшириб ўтирмади. ЕЧЛда чоракфинал узоқ эмас, Англия кубогида кейинги босқич, АПЛда эса чемпионлик кураши давом этмоқда. Лига кубогида эса «Челси»га қарши финал кутиб турибди. «Ливерпуль» ушбу турнирни охирги марта 2012 йилда қўлга киритган. 2016 йилда эса финалда мағлубиятга учраганди.

Фото: Getty Images

«Челси» учун эса финаллар одатий ҳол бўлиб қолди. Тухель келганида бир йилдан сал кўпроқ вақт ўтди ва жамоа аллақачон ЕЧЛ, Англия кубоги, Европа Суперкубоги, клублар ўртасида жаҳон чемпионати финалларида иштирок этиб улгурди. Бу сафар ғолиб чиқадиган бўлса, Тухель қисқа вақт ичида тўртинчи совринини қўлга киритган бўлади. Жамоалар ўртасидаги охирги икки ўйин ҳам дуранг бўлганини инобатга олсак, бу ўйин анча муросасиз ва шиддатли курашларга бой ўтиши шубҳасиз. Умуман ўзаро ўйинларга қарайдиган бўлсак, охирги 30 учрашувда ҳар икки томон 10 маротабадан ғалаба қозонганини ва шунча ўйин дуранг билан тугаганини кўрамиз.

Таркибларга келсак, «Ливерпуль»даги ноанъанавийлик давом этяпти. Жамоа сафида жароҳатланганлар деярли йўқ. Фирмино ўйинга тайёр эмаслиги айтилмоқда, лекин Диогу Жота тикланиб унинг ўрнини эгаллаши мумкин. Усиз ҳам сўнгги ўйинларда Луис Диас ҳам анча фойдали тўп сураётганини унутмаслик керак. «Челси»да ҳам йўқотишлар йўқ. Шунчаки, Тухель олдида қизиқарли дилемма бор – айнан «Ливерпуль» каби юқори ҳимояда тўп сурадиган жамоаларга қарши фойда келтириши мумкин бўлган Лукакуга ишониш керакми ёки сўнгги ўйинларда анча сермаҳсул ва фойдали ўйин кўрсатаётган Ҳаверцгами?

27 февраль (якшанба)

БАРСЕЛОНА – АТЛЕТИК

Ўйин бошланиш вақти: 01:00

ТВ-трансляция: UzReportTV/FutbolTV

«Атлетик» сўнгги йилларда «Барселона»нинг кушандаси бўлиб бормоқда ва балки бильбаоликлар қаршилик қилмаганда, ҳозирда «Барселона»нинг совринлари сони учтага кўп бўларди. Яқинда «Атлетик» Испания кубогида «Барселона»ни 3:2 ҳисобида мағлуб этди ва турнирдан чиқариб юборди. Ўтган йилнинг бошида эса «Атлетик» худди шу ҳисобда Суперкубок учун баҳсда рақибидан устун келганди. Икки йил олдин эса Уильямснинг голи каталонияликларнинг Испания кубогидан чиқариб юборганди.Қизиғи, ҳар уч ўйинда ҳам сўнгги дақиқалар ҳал қилувчи аҳамият касб этган. Биринчи даврадаги ўйинда эса 1:1 ҳисоби қайд этилган эди.

Ниҳоят «Барселона»да қасд олиш имкони бор. Айни вақти, зеро Хави шогирдлари сўнгги ўйинларда жуда ҳужумкор ва самарали ўйин кўрсатмоқдалар. Жамоа Европа лигасидаги «Наполи»га қарши ўйинда, шунингдек, Ла Лигадаги охирги уч ўйиннинг иккитасида рақиб дарвозасига тўрттадан гол уришнинг уддасидан чиқяпти. Турнир жадвалиядаям юқорига кўтарилиш давом этмоқда. Бу турда ҳатто йўқотилган очколар бўйича 3-ўринга чиқиб олиш имконияти бор.

Фото: Getty Images

«Атлетик» ҳам у қадар узоқда эмас, бильбаоликлар бемалол 6-ўрин учун, яъни Европа Лигаси йўлланмаларидан бири учун курашиш имкониятига эга. Жамоа шу ўриндаги «Вильяреал»дан атиги 2 очко кам жамғаришган холос. Испанияда ўзига хос кубок жамоасига айланиб қолган «Атлетик» бу нуфузни Европада ҳам давом эттиришни бошлаши керак. Ахир ўн йил олдин икки Манчестер клубини чиройли тарзда Европа Лигасидан чиқариб юборган ва финалда ўйнаган Бьелсанинг «Атлетик»и кўпчиликнинг эсида бўлса керак.

Ҳар икки томондаям анча олдин сафдан чиққан футболчилар бор. Шунингдек, мезбонлардан Альба, меҳмонлардан эса Алекс Беренгер ўтган ўйинлардаги карточкалари туфайли ушбу учрашувга дисквалификация қилинишган.

БОШҚА ЎЙИНЛАР

26 февраль. Лидс – ТОТТЕНҲЭМ (17:30), МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД – Уотфорд (20:00), Эмполи – ЮВЕНТУС (22:05), Айнтрахт – БАВАРИЯ (22:30), Райо Вальекано – РЕАЛ (22:30), АТЛЕТИКО – Сельта (27 февралга ўтар кечаси, 01:00), ПСЖ – Сент Этьен (27 февралга ўтар кечаси, 01:00)

27 февраль. Специя – РОМА (22:05).

Мавзуга оид