Ўзбекистон | 07:32 / 28.02.2022
7893
6 дақиқада ўқилади

«Солиқ маслаҳати тўғрисида»ги қонун лойиҳаси эълон қилинди

Фото: Depositphotos

Ўзбекистон Республикасининг “Солиқ маслаҳати тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.

Қонун лойиҳасининг мақсади – солиқ маслаҳати соҳасида ўзини ўзи бошқариш асосий қоидаларини белгиловчи ҳамда самарали фаолият кўрсатадиган солиқ маслаҳатчилари институтини шакллантириш, солиқ маслаҳати соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, солиқ тўловчиларга малакали солиқ маслаҳати хизматлари кўрсатилишини таъминлашдан иборат.

Қонун лойиҳасининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

  • республикада солиқ маслаҳати соҳасини янги босқичга олиб чиқиш ҳамда ушбу институтини янада такомиллаштириш;
  • солиқ тўловчиларга сифатли ва малакали солиқ маслаҳат хизматини кўрсатишни таъминлаш;
  • тадбиркорлик субъектлари ва солиқ органлари ўртасида юзага келадиган мунозарали ҳолатларни бартараф этиш;
  • солиқ маслаҳати соҳасини халқаро амалиётда қўлланиладиган нормаларга мувофиқлаштириш;
  • солиқ маслаҳати соҳасидаги нодавлат нотижорат ташкилотининг ролини ошириш;
  • солиқ маслаҳатчиси малака сертификатини олиш жараёни шаффофлигини таъминлаш.

Ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси 8 та боб ва 33 та моддадан иборат бўлиб, унда куйидагилар кўзда тутилмоқда:

“Солиқ маслаҳати соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарорида белгиланган меъёрлар қонун лойиҳасида акс эттирилди, хусусан:

а) Солиқ маслаҳатчилари палатасига қуйидаги функциялар юклатилмоқда:

  • солиқ маслаҳатчиларига малака сертификатини бериш бўйича малака имтиҳонлари ўтказилиши, малака сертификатлари берилиши ва тугатилиши;
  • солиқ маслаҳатчиларини ўқитиш ва уларнинг малакасини ошириш дастурларини тасдиқлаш;
  • солиқ маслаҳатчиларининг реестри юритилиши.

б) йиллик товар айланмаси охирги 3 йил мобайнида 1 млрд сўмгача бўлган солиқ тўловчилар ихтиёрий тугатилганда солиқ маслаҳатчилари ташкилоти томонидан берилган солиқлар бўйича хулосалари солиқ органлари томонидан тан олиниши;

  • солиқ маслаҳатчиси адвокатлик тузилмалари, аудиторлик ташкилотлари, бухгалтерия ҳисобини юритиш бўйича хизматларни кўрсатувчи бошқа юридик шахсларнинг штатида меҳнат фаолиятини олиб борган тақдирда унинг малака сертификати амал қилиши тугатилмаслиги;
  • солиқ органлари мансабдор шахсларининг ҳаракатлари ва (ёки) ҳаракатсизлиги юзасидан шикоят қилиш билан боғлиқ ишларни кўриб чиқишда солиқ маслаҳатчиларига аудио ва видео ёзиш қурилмаларидан фойдаланиш ҳуқуқи берилиши.

Молия вазирлиги солиқ маслаҳати соҳасида ваколатли давлат органи ҳисобланиши тўғридан тўғри белгиланмоқда. Бунда, ваколатли давлат органи:

  • солиқ маслаҳати бўйича фаолиятни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни шу жумладан, миллий стандартларни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;
  • Солиқ маслаҳатчилари палатасига солиқ маслаҳатчиси малака сертификатини олиш учун малака имтиҳонларни ўтказиш ва солиқ маслаҳатчиси малака сертификатини олишга номзодларни ўқитишни ташкил этиш бўйича техник, методологик кўмак кўрсатади;
  • қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

Солиқ маслаҳатчилари палатасига солиқ маслаҳати соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи норма ва қоидаларни ўз ичига олган қонунчилик ҳужжатлар лойиҳаларини келишиш ваколати берилмоқда.

Солиқ маслаҳатчилари палатасининг вазифалар ва функциялари белгиланмоқда. Вазифа сифатида қуйидагилар кўзда тутилмоқда:

  • солиқ маслаҳатчилари ва солиқ маслаҳатчилари ташкилотларини бирлаштириш ва уларнинг манфаатларини ифода этиш;
  • солиқ маслаҳатчиларнинг касбий манфаатларини ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш;
  • солиқ қонунчилигини ва солиқ маслаҳати тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш жараёнида қатнашиш.

Солиқ маслаҳатчиси ассистенти тушунчаси киритилмоқда. Солиқ маслаҳатчисининг ассистенти – айрим профессионал фаолият турларини амалга оширувчи жисмоний шахс.

Солиқ маслаҳатчисининг ассистенти, агар солиқ маслаҳатчилари ташкилоти штатида бўлганда ёки у билан солиқ маслаҳатчилари ташкилоти томонидан фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятдаги шартнома тузилган тақдирда, солиқ маслаҳатига жалб қилиниши мумкин.

Солиқ маслаҳати хизмати муайян билимни талаб қиладиган хизматлар турига киргани инобатга олиниб “профессионал хизматлар” деб белгиланмоқда ва улар рўйхати кенгайтирилмоқда. Жумладан:

  • ортиқча ундирилган ёки ортиқча тўланган солиқларни қайтариш ва (ёки) қоплаш, солиқларни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳолларда солиқ органларига тақдим қилинадиган ҳужжатларни тайёрлаш;
  • солиқ ва молиявий хавфларни таҳлил қилиш ва баҳолаш, шунингдек улар бўйича тавсиялар тақдим қилиш, солиқ имтиёзларини қўллаш бўйича тавсияларни мижозга (ишонч билдирувчига) тақдим қилиш;
  • мижоз томонидан унинг муайян давр учун, шу жумладан, ихтиёрий тугатилаётганда солиқ мажбуриятларини тўғри бажарганини текшириш.

Солиқ маслаҳатчилари ташкилоти солиқ маслаҳати бўйича хизматлар билан бир қаторда бошқа хизматларни кўрсатиши мумкин бўлган рўйхат кенгайтирилмоқда. Жумладан:

  • давлат рўйхатидан ўтказишда, фаолият юритиш даврида, шунингдек, мижоз (ишонч билдирувчи) тугатилганда кузатиб бориш;
  • инвестиция лойиҳаларини таҳлил қилиш, экспертизадан ўтказиш ва кузатиб бориш;
  • солиқ солиш масалалари бўйича семинарлар ва тренинглар ўтказиш.

Солиқ маслаҳатчиларига қуйидаги ҳуқуқлар берилмоқда:

  • мижознинг (ишонч билдирувчининг) манфаатларини судларда ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда солиқ ҳуқуқбузарликлари билан боғлиқ бўлган иқтисодий, фуқаролик, жиноят, шу жумладан, дастлабки тергов ва маъмурий ишларни кўриб чиқиш давомида ифода этиш;
  • солиқ текшируви ўтказилганда, мижоз (ишонч билдирувчи) номидан асослантириш сифатида солиқ маслаҳати бўйича хулосани мустақил равишда тақдим қилиш;
  • солиқ маслаҳатчилари ташкилотлари солиқ маслаҳати бўйича биргаликда хизмат кўрсатиш ва бошқалар.

Солиқ маслаҳатчиларининг Эксперт кенгаши ташкил этилиб, қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгиланмоқда:

  • низоларга сабаб бўлаётган солиқ қонунчилигига оид масалаларни кўриб чиқиш;
  • солиқ соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини экспертлик баҳолашдан ўтказиш;
  • солиқ қонунчилиги соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда тафовутларни аниқлаш ва ваколатли давлат органига кўриб чиқиш учун тақдим қилиш.

Мавзуга оид