Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Уруш болалари: қўрқув ва зўравонликлар уларнинг руҳиятида из қолдиради
Ҳозир Украинадаги 7,5 млн боланинг ҳаёти хавф остида. Бу болалар ўз уйларини ташлаб хавфсиз ҳудудларга кетишга, оталарини, акаларини урушга кузатишга мажбур бўляпти. Энг ёмони, болаларнинг кўз ўнгида бўлаётган уруш уларнинг ҳаётида чандиқлар қолдириши мумкин.
Россия Украинага ҳужум бошлаганига 5 кун бўлди. Тинч аҳоли портлашлар таҳдиди сабаб кўп қаватли уйларнинг ертўлаларига, метро станцияларига жойлаштирилди. Ҳатто метрода чақалоқ дунёга келди. БМТнинг бир кун олдинги маълумотларига кўра, тахминан 422 минг тинч аҳоли ўз уйини ташлаб қўшни давлатларга кетишга мажбур бўлган. 18-60 ёшли эркакларга эса мамлакатни тарк этиш ман қилинди.
Болалар оталари, акалари уруш хавфига энг биринчи бўлиб юзма-юз чиқаётганига гувоҳ бўлишяпти. Буларнинг ҳаммаси – ёш болалар учун қурол билан етказилиши мумкин бўлган жароҳатдан кам бўлмаган руҳий зарба бўляпти.
ЮНИСЕФ маълумотларига кўра, Украинада олиб борилаётган ҳарбий операциялар 7,5 млн боланинг ҳаёти ва соғлигига жиддий хавф туғдирмоқда. Ўз уйидан кўчирилган, оилалари ажратилган болалар ҳозир қўрқув ва шок ҳолатида, энг ёмони, улар хавфсиз эмас.
Украина соғлиқни сақлаш вазирлиги 27 феврал ҳолатига кўра, Россиянинг ҳужумлари оқибатида 198 киши, жумладан уч нафар бола ҳалок бўлгани тўғрисида маълумот берган.
Ертўлага кўчирилган бемор болалар
Украинадаги болалар шифохонасидаги кичик ёшли беморлар бомбапана сифатида ташкиллаштирилган касалхонанинг ертўласига кўчирилган. Декабрда муддатидан олдин туғилган Мия ҳам шу шифохонада инкубаторда сақланаётган эди, ҳозир уни ҳам ертўлага жойлаштиришган.
“Қизим ҳали жуда-жуда кичик. Шу сабаб ҳозирги жароҳатли кунларни эслаб қола олмаслигидан хурсандман”, дейди қизчанинг онаси Наталя Тишчук The Guardian нашрига телефон орқали берган интервюсида.

Ҳозиргача ҳалок бўлган болалар орасида 4-синф ўқувчиси Полина ҳам бор эди. Унинг акаси ва синглиси эса шифохонада. Ҳалок бўлган пуштиранг сочли қизалоқ Полинанинг суратлари ижтимоий тармоқларда айланяпти.

Ўз болаларини қолдириб, бегоналарнинг боласини хавфсиз жойга олиб кетаётган она
Наталья Аблеева Украина-Венгрия чегарасидан кесиб ўтишда ўзининг болаларини уруш хавфи остидаги юртида қолдириб, бегона болаларни олиб ўтди. Наталья бир ўғли ва бир қизи билан чегарадан ўтолмай турган 38 ёшли украин эркагини кўриб қолади. 18-60 ёшли эркакларга мамлакатни тарк этиш тақиқлангани учун ота болаларини Натальяга топширади.
“Ота 2 боласини менга ишониб қўлимга топширди, ҳатто ҳужжатларигача берди”, дейди Наталья. У болаларни чегарадан олдинроқ ўтиб олган онасига топширади.
/cloudfront-us-east-2.images.arcpublishing.com/reuters/FAXOK22GDRO4HJVPYRAFRT6MDU.jpg)
Натальянинг икки боласи эса Украинада қолди: уларнинг бири полициячи, бири ҳамшира, улар хизмат вазифаларини бажаряпти.
Урушдан кейинги руҳий бузилиш
Болаликда ҳарбий конфликтларни бошидан ўтказган болаларнинг руҳий саломатлиги ва ривожланишида жиддий хавф пайдо бўлади. Турли кўринишдаги зўравонликларни кўриш, травматик воқеаларга гувоҳ бўлиш ва қўрқувни ҳис қилиш сабаб уларда руҳий бузилишлар кузатилади.
Масалан, Исроил–Фаластин можароларида зарар кўрган болалар ўртасида олиб борилган тадқиқотлар уларнинг 68,9 фоизида травма олингандан кейинги стресс ҳолати мавжудлигини кўрсатган. Ёки Сурия фуқаролар урушида жабрланган болалар ўртасидаги ўрганишлар уларнинг 60,5 фоизи камида битта психологик бузилиш муаммоларига йўлиққанини аниқлаган.
Яшаш жойини ўзгартириш, отишмалар овозларини эшитиш болаларда уйқу бузилиши, қўрқинчли тушлар кўришга мойилликни оширади.
Бунинг таъсирида болалар диққат жамлай олмасликлари, ўзларига қизиқарли машғулотлардан доимгидек завқ олмай қўйишлари, дўстлари, ота-онасидан руҳан узоқлашиш ҳолатини бошдан ўтказиши мумкин.
Уруш кўрган болаларда ҳушёрликнинг ортиб кетиши ҳам (ортиқча асабийлик билан намоён бўлади) кузатилади.
Россия–Украина уруши яқин орада тугаши, давлатлардаги вазият секинлик билан яна ўз оқимига тушиши мумкин. Лекин минглаб болаларнинг руҳий жароҳатлари осонликча битмайди. Ҳарбий ҳаракатларда иштирок этаётган украин ва рус аскарлари ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин.
Интернет маълумотлари асосида
Зилола Ғайбуллаева тайёрлади
Мавзуга оид
13:21 / 28.05.2025
Ёзги оромгоҳлар учун йўлланмани онлайн олиш имкони яратилди
13:11 / 28.05.2025
NYT: Россия Запорижжя АЭСни ўз энерготизимига улашни режалаштирмоқда
11:58 / 28.05.2025
Евроиттифоқ 150 млрд евролик SAFE мудофаа фондини тузди
20:37 / 27.05.2025