Жаҳон | 21:50 / 11.03.2022
52684
2 дақиқада ўқилади

Байден: «Россия билан урушмоқчи эмасмиз, бу учинчи жаҳон уруши бўлади»

АҚШ президенти Жо Байден мамлакатнинг Россияга қарши навбатдаги санкциялар пакетини эълон қилди.

Фото: Reuters

Байденнинг айтишича, АҚШ санкцияга учраган Россия банклари раҳбарлари ва Дума депутатларига қарши тўлиқ чекловчи санкция қўллайди. Оқ уй баёнотида айтилишича, «Катта еттилик» давлатлари Россияга қарши ҳаракатлар бўйича маслаҳатлашув ўтказган. Улар Россия Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банкидан пул ололмаслиги бўйича келишувга эришиши кутилмоқда.

АҚШ Россиядан алкогол, денгиз маҳсулотлари ва олмос олиб киришга чеклов қўяди. Россияга қимматбаҳо маҳсулотлар олиб киришга тақиқ қўйилади. «Катта еттилик» Россия билан энг мақбул савдо муҳити режимини бекор қилади. Аниқлик киритилишича, бу режимнинг бекор қилиниши Россия импортига қўшимча божлар қўллашга имкон беради.

Эндиликда АҚШ Россиянинг ҳар қандай соҳасига инвестиция киритишни чеклаш ҳуқуқига эга бўлади. Украинага рекорд миқдорда (14 млрд доллар) ёрдам пули ажратиш тўғрисида фармон тез орада имзоланади.

Байденнинг айтишича, АҚШ Украинага ҳар куни қурол етказиб беришда давом этади, аммо Россия билан тўғридан-тўғри урушмайди: «Биз Украинада Россия билан урушмаймиз. НАТО ва Россиянинг тўғридан-тўғри тўқнашувига йўл қўйиб бўлмайди. Бу учинчи жаҳон уруши дегани. Аммо биз НАТОнинг ҳар бир қаричини ҳимоя қиламиз», деди Байден.

АҚШ президенти Россия кимёвий қурол қўлласа, бу учун катта товон тўлашидан огоҳлантирди.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид