Иқтисодиёт | 10:17 / 24.03.2022
77245
7 дақиқада ўқилади

Путин Россия «дўст бўлмаган давлатлар»га газни фақат рублда сотишини эълон қилди

Россия президентининг сўзларига кўра, газни шартномаларда кўрсатилган ҳажм ва нархларда етказиб бериш давом этади.

Фото: DMITRY FEOKTISTOV/TASS

Россия президенти Владимир Путин Россия газининг «дўстона бўлмаган давлатлар»га экспорти учун тўлов рублда амалга оширилишини маълум қилди. Бундай давлатлар рўйхати март ойида Россиянинг Украинага босқинига жавобан киритилган санкциялар туфайли жиддий кенгайтирилган. Энди қарийб 50 мамлакат Россия ички бозорида рубль сотиб олишига тўғри келади.

«Интерфакс»нинг ёзишича, Путин Марказий Банк ва ҳукуматга бир ҳафта ичида Россия гази харидорлари Россия ички бозорида рубль сотиб олиши бўйича операциялар ўтказиши тартибини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берган.

«Кўриниб турибдики, маҳсулотларимизни Европа давлатлари ва АҚШга етказиб бериб, тўловни доллар ва еврода қабул қилишдан маъно қолмади. Шу сабабли тўловларни рублга ўтказиш бўйича чораларни амалга оширишга қарор қилдим. Ишни табиий газдан бошлаймиз — нодўст мамлакатларга етказиб бериладиган газ учун тўловларни рублга ўтказамиз. Яъни ҳисоб-китобларда ўзини оқламаган барча валюталардан фойдаланишдан воз кечамиз», деган Путин.

Путиннинг сўзларидан кейин доллар курси 101 рублдан камайди, кейинроқ Москва биржасида бир доллар 95 рублгача тушган.

Ўз навбатида, Россиянинг бу қарори эълон қилинишидан кейин Европада газ нархи 10 фоизга кўтарилган. Шу билан бирга, ўсиш ўтган кундаги ёпилишдаги нархга қараганда 25 фоиздан ортиқни ташкил этган.

Путиннинг баёнотидан кейин ICE Futures биржасида апрель фьючерслари минг кубметр газ учун 1359 долларга чиқди. Бир кун аввалги савдолар 1077 доллар даражасида ёпилганди.

Айни вақтда Россия ҳукумати «нодўст мамлакатлар» рўйхатига 48 давлатни киритган.

7 март куни бу рўйхат россиялик ҳарбийларнинг Украинага бостириб кириши туфайли қўлланган санкцияларга жавобан кескин кенгайтирилганди. «Нодўст мамлакатлар»нинг аввалги рўйхатида атиги икки давлат - АҚШ ва Чехия бор эди. Улар бу рўйхатдан 2021 йил 14 майда ўрин олган.

Россия ҳукумати яна 46 давлатни қўшиб, янги рўйхатни тасдиқлаган: булар ЕИнинг барча аъзолари, шунингдек Австралия, Албания, Андорра, Буюк Британия (Жерси, Ангилья, Британ Виржин ороллари ва Гибралтар билан бирга), Исландия, Канада, Лихтенштейн, Микронезия, Монако, Янги Зеландия, Норвегия, Жанубий Корея, Сан-Марино, Шимолий Македония, Сингапур, АҚШ, Тайвань, Украина, Черногория, Швейцария ва Япония.

Энди Россия компанияларининг «нодўст мамлакатлар» компаниялари билан келишувлари МБ вакиллари ва президент маъмурияти вакилларидан иборат ҳукумат комиссияси томонидан маъқулланиши керак бўлади.

Россия фуқаролари ва компанияларининг «нодўст мамлакатлар» олдидаги қарзлари ҳам рублда - тўлов кунидаги МБ курси бўйича тўланиши мумкин.

«Жорий этилаётган бу санкциялар уруш очиш билан тенг», деганди Путин 5 март куни. Кейинги куни эса у ҳукуматга «нодўст мамлакатлар» рўйхатини янгилашни буюрганди.

Россия молия вазирлиги 14 март куни давлат қарзи бўйича хорижий валютадаги тўловларнинг вақтинча тартибини тасдиқлади. Агар валюта захираларини тасарруф этишига рухсат беришмаса, Россия давлат қарзини рублда тўлайди. Молия вазири Антон Силуанов санкциялар туфайли Россия захираларининг қарийб ярми - 640 миллиард доллардан 300 миллиард доллари блоклангани ҳақида маълум қилган.

Газ учун тўлов илк бор рублда амалга оширилиши 2019 йил мартида кузатилган, ўшанда «Газпром экспорт» 80 млн куб метр газни Германиядаги ҳабга етказиб берганди. Компания раҳбари Елена Бурмистрова ўшанда бу келишув «рамзий маънога эгалиги»ни айтганди.

Ҳозирда Россия бир ойда тахминан 10 млрд долларлик газ экспорт қилади. Уруш ҳолатига қарамай, Европага Украина орқали газ етказиб берилиши давом этмоқда.

«Россия табиий газни шартномаларда кўрсатилган ҳажм ва нархларда етказиб беришда давом этади», - деди Путин ва ҳукуматдан «Газпром»га амалдаги шартномаларга ўзгартиришлар киритиш бўйича кўрсатма беришни сўради.

«Улар учун тўловларни амалга оширишнинг тушунарли, шаффоф тартибини яратиш керак, жумладан, бизнинг ички валюта бозоримиздан Россия рублини сотиб олиш бўйича. Россия Банки ва ҳукуматдан бир ҳафта ичида бундай операцияларни амалга оширишнинг тартибини белгилаб беришни сўрайман», деган россияликлар президенти.

ЕИ давлатлари ва Еврокомиссия келгусида табиий газни, шу жумладан суюлтирилган газни биргаликда сотиб олишни режалаштирмоқда, dpa агентлиги хабар беришича, бу борадаги якуний қарор Евроиттифоқнинг ҳафта охирида ўтказиладиган саммитида қабул қилиниши кутилмоқда.

ЕИ сотиб оладиган газнинг 40 фоизи Россия ҳиссасига  тўғри келади, шу туфайли Брюссель имкон қадар тез муддатда Россия гази импортига қарамликдан халос бўлишни истамоқда. DW хабарига кўра, янги ҳамкорлар қидириш учун ГФР иқтисодиёт вазири Роберт Ҳабек Қатар ва Бирлашган Араб Амирликларига ташриф буюрган, томонлар энергетика соҳасида ҳамкорликни муҳокама қилишган.

Ольга Шамина, BBC рус хизматининг иқтисодиёт бўлими муҳаррири:

Россия нефти ва гази экспортига қарши санкциялар Россия иқтисодиёти учун энг оғриқлиларидан бири ҳисобланади. Ҳозирча Россиядан нефть ва газ импорт қилишга тўлиқ эмбарго фақат АҚШ томонидан жорий этилган. Буюк Британия йил охирига қадар Россия энергоресурсларидан воз кечишни режалаштирмоқда.

Аммо ЕИ давлатлари энергоресурслардан воз кечиши Россия иқтисодиётига бериладиган энг катта зарба бўлади. Ҳозирча европаликлар бунга жазм этмаган, чунки бундан Европа аҳолиси ҳам жабр кўради. Аммо Россия энергетика секторига санкциялар масаласи кундан кунга фаол муҳокама қилинмоқда.

Назарий жиҳатдан рублда тўлов мажбурияти европаликларни янада қатъий ҳаракатларга ундаши мумкин, чунки энди улар учун газ харид қилиш қоидалари жиддий равишда кучайтирилмоқда. Бундан ташқари, қатор европалик иқтисодчилар ҳам шунга чақирмоқда.

Улар Россия нефти импортидан бош тортиш ва Россия гази сотиб олиш учун солиқ жорий этилиши Россия иқтисодиётига жиддий путур етказади деб ҳисоблашади.

Россия учун энергоресурслар сотуви - валютанинг асосий манбаларидан бири. Бу пуллардан мамлакат халқаро ҳисоб-китобларда ёки турли қурилмаларни сотиб олишда фойдаланиши мумкин. Экспортёрлар ҳозирда валютани ички бозорга сотишмоқда - бу билан рубль курси қўллаб-қувватланмоқда.

Ҳукумат бир ой мобайнида янги тизим қандай ишлаши бўйича қоидаларни тақдим этиши керак. Саволлар кўп. Масалан, Европа давлатлари руслар валютасини қандай сотиб олиши мумкин - ёки бундай тўловлар қандай амалга оширилади. Рубль ҳозирда ҳисоб-китоблар учун халқаро валюта ҳисобланмайди ва кўплаб компаниялар ва банклар шунчаки бундай тўловларни амалга оширишга тайёр бўлмаслиги мумкин.

Бундан Россия иқтисодиёти ютиши ёки ютқазиши кўп жиҳатдан Россия ҳукумати таклиф этадиган механизмга боғлиқ бўлади.

Мавзуга оид