Ўзбекистон | 09:36 / 24.03.2022
11439
2 дақиқада ўқилади

ЙПХ автомобили устига чиқиб олган вояга етмаган боланинг отаси жаримага тортилди

Видеодан кадр

Ижтимоий тармоқларда йўл-патрул хизмати автомобилининг устига чиқиб олган фуқаро тасвирланган видео тарқалди. Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳолат юзасидан маълумот берди.

2022 йил 25 январь куни соат 15:00 ларда Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот тумани, Ипак йўли кўчасида кўринишидан вояга етмаган бола йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасига тегишли бўлган ва тўхтаб турган "Lacetti" русумли махсус хизмат автомобилининг устига чиққан ҳамда унинг мазкур хатти-ҳаракатлари дўсти томонидан тасвирга олинган.

Ҳолат юзасидан суриштирув олиб борилганда, мазкур ҳуқуқбузарликни вояга етмаган, 2005 йилда туғилган Б.Т. содир этгани маълум бўлган. 

Ҳудудий профилактика инспектори томонидан тўпланган ҳужжатлар вояга етмаганлар ишлари бўйича туман идоралараро комиссияси томонидан ўрганилган.

Қайд этилишича, ушбу вояга етмаган боланинг отаси Ж.Т.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 47-моддаси (болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) биринчи қисми тартибида базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида жарима жазоси белгиланган.

“Барча ота-оналардан ўз фарзандларига эътиборли бўлишни, тартиб ва қоидалар ҳақида доимий равишда тушунтиришлар бериб боришни сўраймиз”, дейилади маълумотда.

Мавзуга оид