Жаҳон | 13:51 / 27.03.2022
49842
7 дақиқада ўқилади

Музликлар шиддат билан эрияпти: Дунёни кутаётган хавфлар

Музликлар қуёшдан келаётган нурни қайтариб, ерни салқинлатиб туради. Агар ер шари музликларидан ажралса ва эриган сувлар океанларга қуйилса, денгиз сатҳи кескин ошади. Бундан ташқари, Ер ўз ўқи атрофида секинроқ айлана бошлайди ва 1 кун узоқроқ давом этиши мумкин.

Антарктида ва Гренландия музликлари остида дунёнинг келажаги ёзиляпти, дейди тадқиқотчилар. Глобал иқлим исиши “ер совиткичлари” деб аталадиган музликларнинг кескин қисқаришига сабаб бўляпти. Ўз навбатида музларнинг эриши илиқ ҳаво оқимини кўпайтиради ва бу – музликларни яна ҳам тезроқ эритяпти.

Антарктида музликлари / Фото: Вон-Санг-Лее Кореан Полар Ресеарч Институти

Нега музликлар Ер учун муҳим?

Музлар қуёшдан келаётган иссиқликни коинотга қайтариб, ерни салқинлатиб туради. Қоронғи океан эса иссиқликни сўриб олишга мойил бўлади. Музлар эриса, қуёш нурларини қайтарувчи восита қолмайди ва глобал исиш тезлашади. Агар музлар эриса, глобал сув сатҳи ҳам ошади. Хўш, ҳамма музликлар ҳам сув сатҳига таъсир қиладими?

Сув сатҳини денгиз музи ва музликлар шакллантиради. Денгиз музлари сувда, сув музлашидан пайдо бўлса, музликлар қуруқликда, минглаб йиллар давомида ерга ёғган қорнинг тўпланиб, жипслашишидан ҳосил бўлади. Арктика – денгиз музи, Антарктида ва Гренландия музликлардир.

Антарктида музликларининг эриши / Фото: Reuters

Денгиз музининг эриши худди шиша идишдаги муз эриб, сув сатҳи ўзгармаганидек умумий сув сиғимини ўзгартирмайди. Лекин улар кўпроқ эриб, илиқ ҳаво кўпайса, бу сувнинг кенгайишига ҳам сабаб бўлади ва денгиз сатҳи ошишига таъсир этиши мумкин.

Музликлар музи эриши эса сув сатҳига жиддий таъсир қилади. Чунки уларнинг суви эриб, океанга қуйилади. Ердаги қуруқликнинг тахминан 10 фоизи музликлар билан қопланган. Уларнинг 90 фоизи Антарктидада, қолган 10 фоизи эса Гренландияда жойлашган.

Шиддат билан эриётган музликлар

2011-2020 йиллар оралиғида Гренландияда 3-5 триллион тонна муз эриб кетган. Бу – 1 йилда ўртача 357 миллиард тонна муз эриганини англатади. Ҳудудда жами 1 миллион 700 минг километр майдон муз билан қопланган, агар уларнинг барчаси эриб кетса, дунёда денгиз сатҳи 6 метрга кўтарилиши мумкин. Музлар эриши охирги 40 йил ичида 21 фоизга тезлашган.

Шунингдек, изланишлар бу икки қутбда музларнинг эриши 1990 йиллардагидан 6 марта тезлашганини кўрсатган.

2100 йилгача Гренландия музликларининг эриши / Фото: NASA

Агар музларнинг эриши секинлашмаса, денгиз сатҳи 2100 йилга бориб, 71 сантиметрга кўтарилиши мумкин. Бу – қирғоқбўйи давлатлари йўқ бўлиб кетиши мумкин дегани. Чунки инсониятнинг қарийб 1/3 қисми қирғоқ чизиғидан 100 километр узоқликда яшайди. Масалан, Тинч океанида жойлашган Тувалу ва Маршалл орол-давлатлари шундайлардан биринчилари бўлиши мумкин.

Музлар эришининг кун узунлигига таъсири

Ер айланиш ўқининг Ер юзи билан туташган икки нуқтаси Ернинг қутблари деб аталади. Ер қутблари иккита – Шимолий ва Жанубий қутблар. Жанубий қутбда Антарктида, Шимолий қутбда Гренландия муз массалари жойлашган. Агар Ернинг айланиш ўқи атрофидаги массалар кўп бўлса, Ер тезроқ айланади. Агар шу массалар камайса, Ер секин айланади. Бу ерда муҳим нарса, дейлик шу музликлар ёки денгиз музлари эриса-ю, ўз жойида қолаверса, бу – Ернинг айланишига таъсир қилмайди. Лекин улар эриб, океанларга оқиб туша бошласа, Ернинг айланиш ўқи атрофида массалар камаяди ва Ер секинроқ айланади. Бу – 1 кун узоқроқ давом этишини англади. Масалан, Гренландиядаги барча музликлар эриб, океанга оқиб кетса, глобал денгиз сатҳи 7 метрга кўтарилади ва 1 кун ҳозиргидан 2 миллисекунд кўпроқ бўлиши мумкин.

Ернинг ўз ўқи атрофида айланиши / Фото: NASA

Глобал исиш сабаб Арктика денгиз музи ҳар ўн йилда деярли 13 фоизга эриб боряпти. Сўнгги 30 йилда эса Арктикадаги энг қадимги ва энг қалин музнинг 95 фоизи эриб кетди. Исиш тўхтамаса, Арктика 2040 йилда ёзини музсиз ўтказиши мумкин.

Музликлар остидан эришни бошлаган

Янги тадқиқотларга кўра, музликлар янгича эриш босқичига ўтган. Шу пайтгача музларнинг эришини сунъий йўлдошдан кўриб, қачон қанча муз эриши ҳақида маълумот тўпланарди. Энди музлар асосидан бошлаб эришни бошлаган. Бу – “базавий эриш” дейилади.

2018 йилги тадқиқотга кўра, ҳар 40 соатда Антарктида миллиард тонналаб музни йўқотади.

Гренландия музликларининг эриши / Фото: ESA

“Бу йўқотишларнинг аксариятини кузатиш қийин. Чунки биз сунъий йўлдошлардан музнинг маълум ҳудудларда сезиларли даражада юпқалашганини кўришимиз мумкин. Лекин ҳозир эриш юзадан эмас, балки пастдан юқорига қараб содир бўлмоқда”, – деган Британия Антарктика тадқиқотининг геофизиги Роберт Лартер.

Одатда муз қояларининг юза қисми ўта силлиқ бўлади. Geophysical Research Letters тадқиқотига кўра, музлар остидан эришни бошласа, уларнинг юзаси дағаллашади. Яъни муз остининг эриш даражасини муз юзасининг силлиқлигини текшириб билиш мумкин.

Океан ва атмосфера тадқиқотлари миллий бошқармаси (The National Oceanic and Atmospheric Administration – NOAA) маълумотига кўра, кейинги 30 йилда Қўшма Штатлар қирғоқларида денгизлар сатҳи 25-30 сантиметр кўтарилиши мумкин.

Арктика денгиз музлари / Фото: NASA

NOAA миллий океан хизмати директори Никол ЛеБёф 2050 йилга бориб, сув тошқинлари ҳозиргидан 10 мартадан кўпроқ содир бўлишини айтмоқда. Бу – айрим жойларда 2-5 йилда юз берадиган табиат ҳодисаси ҳар йили бир неча маротаба содир бўлишини англатади.

Ерни кутаётган офатлар

Глобал денгиз сатҳи 1900 йилдан бери 17-18 сантиметр кўтарилган ва кўтарилишда давом этяпти. Бу қирғоқбўйи давлатлар ва кичик орол давлатларда тошқин, бўрон каби экстремал табиат ҳодисаларини кўпайтириши мумкин.

Шунингдек, қутбий ўзгаришлар илиқ оқимларни кўпайтиради, натижада тахмин қилиб бўлмайдиган об-ҳаво пайдо бўлади. Бу эса глобал озиқ-овқат системасига жуда катта зарар етказади. Озиқ-овқат нархлари кўтарилади, дунёнинг заиф давлатларига очарчилик хавф солади.

Музлар эриши билан Арктика томон янги сув йўллари очилади. Янги йўналишлар вақтни тежаши мумкин, аммо саёҳатлар жуда хавфли бўлади. Кемалар ҳалокати ёки нефтнинг сувга оқиб кетиши экипажни қутқаришни имконсиз қилиб қўйиши мумкин.

Денгиз музларида яшайдиган ҳайвонлар музларнинг эришига мослашади ёки ҳалок бўлади. Қутб айиқлари, моржлар, арктика тулкилар, қорли бойқушлар, буғулар ва бошқа турлар учун фожиа юз бериши мумкин.

Эриган музда қолган қутб айиғи / Фото: Getty Images

Арктика ва қуруқликдаги музликлар ўзида катта миқдорда метан ва иссиқхона газларини сақлайди. Музлар эриганда бу газлар ҳам тарқалиб, глобал исиш яна ҳам тезлашади. Иссиқ эса музларнинг ўзини яна ҳам тезроқ эрита бошлайди ва биз ҳозиргидан ҳам ғайритабиий иқлим ўзгаришларига гувоҳ бўлиб бораверамиз. 

Зуҳра Абдуҳалимова, Kun.uz мухбири

Мавзуга оид