Ўзбекистон | 10:48 / 27.03.2022
7122
2 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистон ва Бухорода ер сотмоқчи бўлган шахслар ушланди

Фото: Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти

Қорақалпоғистонда 10 сотихни ерни 10 минг, Бухорода эса 1 сотих ерни 2 минг АҚШ долларига сотмоқчи бўлганлар қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, департаментнинг Тўрткўл тумани бўлими томонидан ДХХ ва ИИБ билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Унда фуқаро Ш.А. бошқа бир фуқаро Ф.нинг ишончига кириб, туман ҳудудидан 10 сотих ер майдонини ажратиб берилишини ижобий ҳал қилиб беришни 10 000 АҚШ долларига келишган. Шундан 9 500 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Худди шундай, Департаментнинг Бухоро вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, Давлат кадастрлари палатасининг Бухоро вилоят бошқармаси собиқ мутахассиси С.К. фуқаро Н.нинг ишончига кириб, ўз хизмат фаолияти давомида Бухоро шаҳар ҳокимлиги захирасидан 1 сотих ер майдонини расмийлаштириб бериш эвазига 2 000 АҚШ долларини қўлга киритганлиги аниқланган. Тадбир жараёнида 100 АҚШ долларини қайтарган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят Кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Олдинроқ Жиззах ва Наманган вилоятларида фермер хўжалик ерини, Сирдарё вилоятида эса “Ёшлар меҳнат гузари” учун ажратилган ер майдонининг бир қисмини сотмоқчи бўлганлар ушланганди.

Мавзуга оид