Иқтисодиёт | 15:03 / 31.03.2022
23014
7 дақиқада ўқилади

1,1 трлн сўм бюджет пули нималарга ишлатилиши керак: “Ташаббусли бюджет”да овоз бериш якунланмоқда

Фуқаролар ижтимоий аҳамиятга эга муаммолар ечими учун пул ажратилишини сўраб жойлаштирилган жамоавий таклифларга 1 апрель соат 23:59га қадар овоз беришлари мумкин.

Фото: Kun.uz

«Ташаббусли бюджет» лойиҳаси ҳақида?

Фуқаролар ташаббус ва талабларини инобатга олган ҳолда камчиликларни бартараф этиш мақсадида Молия вазирлиги томонидан «Очиқ бюджет» портали ишга туширилган. Бунда ҳар бир Ўзбекистон фуқароси ўзи истиқомат қиладиган туман ёки шаҳарда айнан уларни қийнаб келаётган, ечими маблағ билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш мақсадида таклиф қолдириши мумкин.

Ташаббусли бюджет жараёнлари жорий йилда икки марта, 3 босқичда амалга оширилади:

1-босқич – фуқаролар ўз таклифларини (батафсил кўринишда) қолдирадилар:

  • Биринчи ярим йиллик учун – 1 февралдан 22 февралгача
  • Иккинчи ярим йиллик учун – 1 июлдан 20 июлгача

2-босқич – фуқаролар томонидан билдирилган таклифлар модерация жараёнидан ўтказилади:

  • Биринчи ярим йиллик учун – 23 февралдан 4 мартгача
  • Иккинчи ярим йиллик учун – 21 июлдан 30 июлгача

3-босқич – модерациядан ўтказилган таклифлар овоз бериш жараёнига ўтказилади:

  • Биринчи ярим йиллик учун – 5 мартдан 1 апрелгача
  • Иккинчи ярим йиллик учун – 31 июлдан 19 августгача

Ғолиб чиққан таклифлар қандай молиялаштирилади?

Амалдаги меъёрий ҳужжатларга кўра, ҳар бир туман ёки шаҳар тасдиқланган бюджетининг 5 фоизи ҳамда қўшимча маблағининг камида 30 фоизи ҳисобидан тегишли маблағлар «Ташаббусли бюджет» жараёни учун ажратилади. Молия вазирлигига кўра, ушбу маблағлар ҳар бир ҳудудда турлича шаклланади ва ўртача 5-10 млрд сўмни ташкил этади.

Ҳар бир туман ёки шаҳарнинг ўзида энг кўп овоз тўплаган таклифлар амалга ошириш қийматидан келиб чиққан ҳолда «ғолиб» деб топилади. Оддий қилиб айтганда, таклифларга қанчалик кўп овоз тўпланса, ютиш имконияти ортади ва энг кўп овоз олганлари юқоридан пастга қараб саралаб олинади.

Овоз бериш жараёни якунларига кўра, «Очиқ бюджет» ахборот портали автоматик равишда ҳар бир ҳудуд бўйича энг кўп овоз тўплаган таклифлар асосида «ғолиб» таклифларни аниқлайди ва муаллифининг шахсий кабинети орқали ҳамда мобил телефон рақамига бу хақда хабар юборилади.

2022 йилнинг биринчи ярим йиллиги учун ғолиб деб топилган лойиҳаларга жами 1,1 трлн сўм ажратилган.

Овоз бериш жараёнида қандай иштирок этилади?

Саралаш босқичидан ўтган барча таклифларга овоз бериш имконияти берилади. Бунда, ҳар бир таклифнинг ўз саҳифасида «овоз бериш» тугмаси бўлиб, ушбу таклифни қўллаб-қувватламоқчи бўлган фуқаролар ушбу тугмани босиш орқали фақат бир маротаба овоз беришлари мумкин. Бу жараён 2 хил усул билан: «Очиқ бюджет» порталида рўйхатдан ўтган ҳолда ҳамда СМС хизмати орқали амалга оширилади.

Бундан ташқари, ҳар бир фуқаро бевосита ўзи истаган манзил (ўзи истиқомат қилмайдиган ёки яшаш манзили умуман бошқа ҳудуд) бўйича иштирок этиб, ташаббускор бўлиши мумкин. Бу эса маълум бир таклиф ғолиб деб топилиши учун айнан ўша манзилда истиқомат қиладиган ёки рўйхатдан ўтган фуқаролар иштирок этиши лозим деган чекловни рад этади. Аммо бир фуқаро фақатгина битта лойиҳани қўллаб-қувватлай олади. Хусусан, Бухорода яшовчи инсон Андижоннинг бирор ҳудудида мактаб қурилишини ёқлаб овоз берган бўлса, у бошқа лойиҳалар учун овоз бера олмайди.

Фуқароларда «Очиқ бюджет» ахборот порталидан фойдаланиш имконияти мавжуд бўлмаса, тегишли маҳалла ёки овулда ташкил этилган «Ташаббускорлар бурчаги» орқали овоз қолдиришлари ҳам мумкин.

Қандай кўринишдаги таклифлар қўллаб-қувватланади?

Биринчи навбатда, киритилаётган таклифда кўрсатилган муаммо умумий характерга эга бўлиши ва ўзида шахсий эҳтиёж билан боғлиқ талабларни акс эттирмаслиги лозим. Мисол учун, ички йўлларни таъмирлаш, ичимлик суви таъминотини, ёритиш тизимини яхшилаш, ҳудудларни ободонлаштириш, оқова сув тизимини тартибга келтириш, болалар ёки спорт майдончаларини барпо этиш, ижтимоий соҳа объектларини таъмирлаш ёки моддий техник базасини шакллантириш каби таклифлар инобатга олинади.

Идоравий (маҳаллий давлат ҳокимияти ва давлат органларининг бинолари ва иншоотларини қуриш, таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларига шу жумладан уларнинг бошқа эҳтиёжларини қоплашга қаратилган) ёки шахсий хусусиятга (турар жой харид қилиш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш) эга таклифлар эса инобатга олинмайди.

Овоз тўплашдаги «инновацион» усуллар

Ижтимоий тармоқларда айрим ҳудудларда таклифлар кўпроқ овоз олиши ва ғолиб бўлиши учун ҳар битта овозга пул мукофоти таклиф қилинаётгани ҳақидаги суратлар ҳам тарқалди. Баъзи ҳокимликлар эса овоз тўплаш жараёнида маъмурий усуллардан фойдаланган.

Шунингдек, талабалар, турли ташкилотларда ишловчи ходимлар ўз танишларидан илтимос қилиб, кўпроқ овоз тўплашга ёрдам беришларини сўрашмоқда.

Андижонда мактаб ўқувчиларининг телефонлари дарсга халақит бераётгани важи билан йиғиштириб олиниб, бу телефонлар орқали «Очиқ бюджет» порталидаги тегишли лойиҳага овозлар берилгани айтилган.

Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев ўз Telegram-каналида ёзишича, шу каби ташаббуслар бюджетдаги талон-торожликларга қарши жамоатчилик назорати ўрнатилишига катта ёрдам беради.

«Асосийси халқимиз фаоллашди. Бюджетнинг ҳар бир тангаси ўзиники эканлигини танасида ҳис қилишни ва бу пулларни сарфлашда иштирок этишга ўрганмоқда. Ҳозирча «Ташаббусли бюджет»да чекланган маблағ бўлса-да, аммо бора-бора асосий бюджет ҳақида ҳам одамлар қайғуришни, бефарқ бўлмасликни, бюджетдаги ўғирликлар ва талон-торожларга қарши жамоатчилик назорати ўрнатишни ўрганиб олишига ишонаман. Бу эса фақат ва фақат жамиятимиз ривожи учун ёрдам беради», дея ёзди Хушнудбек Худойбердиев.

Маълумот учун, «Ташаббусли бюджет»нинг жорий йилдаги биринчи мавсумига овоз бериш 31 март соат 23:59га қадар давом этади. Сиз ҳам муҳим деб топган лойиҳалар учун овоз беришингиз ва бюджет маблағларининг тўғри сарфланишига ўз ҳиссангизни қўшишингиз мумкин.

Мавзуга оид