Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Сребреницадаги қирғин тарихи: Бу қандай бўлганди?
1995 йил июл ойида серблар армияси Босниядаги асосан мусулмонлар яшайдиган Сребреница шаҳри ҳамда унинг атрофидаги ҳудудларни эгаллайди ва аҳолини қатлиом қилади. Ўшанда 10 мингга яқин одам ўлдирилиб, оммавий қабрларга кўмиб юборилади. Уларнинг 500 нафардан ошиғи вояга етмаган болалар эди.
1990 йилда собиқ иттифоқ республикаларида мустақиллик учун бошлаган ҳаракатларнинг акс-садоси Югославияга ҳам етиб боради. Ўша пайтда бу давлат таркибида олтита иттифоқдош республика – Сербия, Черногория, Македония, Словения, Хорватия ҳамда Босния ва Герцоговина бор эди. Мамлакатдаги бошқарув расмий равишда федерация кўринишида бўлса ҳам, аслида мамлакатга серблар ҳукмдорлик қилар, иттифоқдош республикалар инон-ихтиёри пойтахт Белград измида эди.
Ана шундай шароитда 1991-92-йилларда иттифоқдош республикаларнинг аксарияти ўз мустақиллигини эълон қилади. Табиийки, бу сербларга ёқмайди ва улар ўзбошимча республикаларни қурол кучи билан тийиб қўйишга киришади. Оқибатда собиқ Югославия республикалари ўз мустақиллигини қон тўқиб, қурбонлар бериб ҳимоя қилишга мажбур бўлади.
Табиийки, иттифоқдош республикалар аҳолисининг маълум қисмини серблар ташкил этган ва улар Югославия парчаланишига қарши эди. Шу тариқа мустақиллик учун бошланган уруш кейинчалик этник-диний тус олади, Православ мазҳабига эътиқод қилган серблар католик хорватлар ва мусулмон сербларни ҳам қатлиом қила бошлайди. Ана шундай қатлиомларда Сребреница шаҳри ва унинг атрофида яшовчи 10 мингга яқин одам ўлдирилади ва булдозер ёрдамида кўмиб юборилади.
Босния ва Герцоговина
Босния ва Герцоговина (кейинги ўринларда Босния) ўрта асрларда Болқондаги аксарият ҳудудлар каби Усмонийлар империяси таркибида эди. Кейинчалик турклар қўл остидан озод бўлгач биринчи жаҳон урушигача аввал Сербия, сўнг Австрия-Венгрия империяси тасарруфида бўлади.
Усмонийлар империяси даврида бу ерда ислом дини ёйилади. Шу сабабли бу ерда серблар, серб мусулмонлари ва хорватлар аралаш ҳолда яшаб келишган. Урушдан сўнг Австрия-Венгрия империяси парчаланиб кетади ва Босния Югославия қироллиги таркибига киради.
Иккинчи жаҳон уруши тугагач коммунистлар совет армияси ёрдамида Югославия таркибидаги ҳудудлар мустақил бўлишига йўл қўйишмайди. Олтита иттифоқдош республика ташкил этилиб, Югославия социалистик федератив республикаси тузилади.
Гарчи бу давлат ҳам расмий равишда СССРдагидай «тенг ҳуқуқли республикалар»дан иборат бўлса ҳам амалда уларда ҳеч қандай ҳуқуқ бўлмаган. Югославияда асосан серблар ҳукмрон эди. Шу жумладан, Боснияда ҳам.
Югославия таркибида бўлган республикалар орасида Босния аҳоли таркиби жиҳатдан алоҳида ажралиб турган. 1991 йил маълумотларига кўра, бу ерда аҳолининг 31,2 фоизи мусулмон боснияликлар (уларнинг аксарияти серб миллатига мансуб мусулмонлар), 17,4 фоизи серблар (православлар), 17,4 фоизи хорватлар (уларнинг ҳам бир қисми мусулмонлар), қолгани эса черногрияликлар, албанлар, словенлар, лўлилар бўлишган.
Боснияда азалдан турли динларга эътиқод қилувчи аҳоли шаҳар ва қишлоқларда аралаш тарзда яшаб келишган. Кончилар шаҳарчаси бўлган Сребреница шаҳри ва унинг атрофида ҳам шундай эди.
Қуролли низолар бошланиши
1992 йилда Босния Югославия таркибидан чиқиб ўз мустақиллигини эълон қилади ва БМТга қабул қилинади. Югославия парчаланиши ва қўл остидаги ҳудудларнинг мустақил бўлиши табиийки сербларга ёқмайди. Шундан сўнг улар собиқ иттифоқдош республикаларда яшаётган сербларни гижгижлаб қуролли можаролар келтириб чиқаришади. Бу можароларнинг энг қонлиси Боснияда содир бўлади.
Босния мустақиллик эълон қилгач бу давлат таркибида яшаётган серблар Серб Республикаси тузилганини маълум қилади. Сўнг айрим ҳудудларни ўзлариники деб эълон қилишади ва у ерлардан мусулмонларни қувиб чиқара бошлашади.
Мусулмонлар Босния мустақиллигини, Серб Республикасини тузганлар эса Югославия таркибида қолишни ёқлаб чиқишади. Икки ўртада қуролли можаро келиб чиққач, расмий Белград Серб Республикаси армиясига ҳарбий ёрдам бера бошлайди. Мусулмонлар эса ҳимоясиз қолиб кетишади. Шу жумладан, Сребреница ва унинг атрофидаги мусулмонлар ҳам. Кейинчалик мусулмонлар ҳам қуролланади ва ўртада аёвсиз жанглар бошланди.
1992 йил бошида Сребреница шаҳри ва унинг атрофидаги ҳудудлар Ратко Младич бошчилигидаги Серб Республикаси армияси ҳамда маҳаллий серблардан ташкил топган қуролли кучлар томонидан босиб олинади. 1992 йил май ойида Носир Орич қўмондонлиги остидаги Босния мусулмонлари армияси ҳудудни қайтариб олади. Шундан сўнг ҳудуддаги серб миллатига мансуб аҳоли ортга чекинган Ратко Младич армияси билан бирга ҳудудни тарк этади.
1993 йил мартида ҳудуд яна серблар томонидан эгалланади ва Сребреница ўраб олинади. Мусулмонларга ёрдам бериши мумкин бўлган Босния армияси анча узоқда эди. Таъминот етказиб беришнинг иложи бўлмагани учун Сребреницанинг мусулмон аҳолиси озиқ-овқат, дори-дармон ва ёнилғисиз қолади. Шу тариқа, шаҳарча 1995 йилгача қамалда қолиб кетади.
Сребреницадаги оғир вазиятни халқаро ташкилотлар, шу жумладан БМТ диққат билан кузатиб турарди. 1993 йил 6 май куни БМТ Хавфсизлик Кенгаши 824-сонли резолюцияни қабул қилади. Унга кўра, шаҳарча қуроллардан холи ҳудуд деб эълон қилинади, Сребреница яқинидаги Поточари шаҳрига БМТ тинчликпарвар кучлари таркибида бўлган нидерландиялик ҳарбийлар бўлинмаси жойлаштирилади. Резолюцияга кўра бу хавфсизлик ҳудудига ҳар қандай ҳужум истисно этилганди. Лекин тинчликпарвар бўлинманинг ҳажми кичик эди ва унинг ярми жанговар кучлар эмасди.
1995 йил 6 июлда Серб Республикаси армияси нидерландиялик ҳарбийлар томонидан назорат қилинаётган «ҳимоя чизиғи»ни кесиб ўтиб, Сребреница шаҳрига ҳужум бошлайди. Нидерландиялик ҳарбийлар бир неча кун давомида уларни қайтариш учун жиддий бўлмаган ҳаракатлар қилишади. Ҳавога огоҳлантирувчи ўқлар узишади, йўлларни тўсишга уринишади, аммо бу сербларни қайтариб қололмасди. Серблар бўлинмани тўлиқ таркибда асирга олишади, 11 июль куни серб қўшинлари шаҳарчани босиб олади.
БМТ қочқинларни ҳимоя қила олмайди. Сребреница ва унинг атрофидаги ҳудудлар босиб олингач серблар аҳолини эвакуация қилишни таклиф этади. Ҳудуд аҳолисининг бир қисми яқин Тузла шаҳрига кўчирилади. Серблар Сребреница ва унинг атрофидаги ҳудуддан фақат аёллар ва болалар чиқиб кетишига рухсат беришади. Эркакларни эса жазолаш учун олиб қолишади. Аёллар ва болаларнинг бир қисми оиласидан ажралиб кетишни хоҳламагани учун шаҳарчада қолади.
Ўшанда Босния соғлиқни сақлаш вазирлиги Тузлага 22 283 нафар одам олиб келингани ҳақида маълумот берган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти эса ўшанда Сребреница ва унинг атрофидаги ҳудудлардан 35 632 нафар қочоқ олиб чиқилгани ҳақида маълум қилган.
1995 йил 12 июл куни тунда серблар томонидан асирга олинган боснияликлар қочишга уринишади ва бу муваффақиятсизлик билан тугайди. 13 июл куни серблар Церски дарёси водийсида илк қатлиомни амалга оширишади. Серблар қўлида асирликда бўлган мусулмонлар ўлдирилиб, чуқурларга ташланади ва устидан булдозер ёрдамида тупроқ тортиб юборилади.
Ҳудудни эгаллаган серблар бундай қатлиомларни яна бир неча марта амалга оширишади.
Сребреницадаги хунрезлик Европада Иккинчи жаҳон урушидан буён кузатилган илк йирик оммавий қотиллик бўлганди. Шаҳарнинг эгалланиши Босния серблари учун 1992-1995 йиллардаги кампаниядаги сўнгги ғалаба бўлиб қолди. Аммо бу операци уларга сиёсий ва дипломатик нуқтайи назардан ҳалокат келтиради.
Энди Ғарб мамлакатлари собиқ Югославиядаги урушга якун ясаш бўйича бирдамлик кўрсатишади.
Икки ой ўтиб НАТО авиацияси БМТ Хавфсизлик кенгаши рухсати билан Босния серблари позицияларига зарбалар беради.
Муқаррар мағлубиятни кўрган ҳолда Босния серблари ўт очишни тўхтатиш ва Дейтонда тинчлик конференцияси ўтказишга рози бўлади.
Сребреницадаги қурбонлар сони
Серблар томонидан Сребреница ва унинг атрофида қанча одам қатлиом қилингани ҳақида ҳануз аниқ маълумотлар йўқ. Бу шаҳарча атрофидаги ҳудудлардан ҳозир ҳам оммавий қабрлар топилмоқда.
Турли манбаларда Сребреница ва унинг атрофидаги ҳудудларда ўлдирилганлар сони 7 мингдан 11 минг нафаргача бўлгани қайд этилган. Улар орасида вояга етмаганлар сони 500 нафардан ошиқ бўлгани айтилади.
Босния уруши пайтида бедарак йўқолган одамларни қидириш бўйича давлат комиссияси қурбонлар сони 8,2 минг нафар бўлганини маълум қилган, Халқаро қизил хоч қўмитаси ҳисоботларида 7,8 минг рақами келтирилади. Бошқа турли ташкилотлар эса Сребреницада қурбон бўлганларнинг оила аъзолари берган маълумотларга таяниб, 10,7 минг киши ўлдирилганини маълум қилган.
Оммавий қабрлар топилиши
Серб ҳарбийлари томонидан ўтказилган оммавий қатлиомларда айрим одамлар ўзини ўлганга солиб тирик қолган. Ана шундайлардан 8 нафари қатлиомларда тирик қолиб, тунда ҳодиса жойидан қочиб кетиб қутулиб қолишган. Уларнинг гувоҳлиги ва кўрсатмалари билан 1996 йилда Сребреница атрофидаги оммавий қабрлар ҳақида маълумот олинади. Кейинчалик ана шу маълумотлар асосида қидирув ишлари олиб борилганда оммавий қабрларнинг ҳар биридан минглаб одамлар жасади чиқади.
Кейинчалик қазиш ишлари бошланганда оммавий қабрларнинг айримларида жасадлар устма-уст бир неча марта кўмилгани аниқланади. Серблар кейинги қатлиомларда одамларни аввал жасадлар кўмиб юборилган жойга олиб бориб отиб ташлашгани ва кўмиб юборгани маълум бўлади. Илк оммавий қабр 1996 йилда, сўнггиси 2021 йилда топилган.
Айбдорларни жазолаш
1996 йилда илк оммавий қабр топилгач халқаро ташкилотлар томонидан Сребреницадаги қатлиом бўйича суриштирувлар бошлаб юборилади. 1998 йилда серб армияси генерали Радислав Крстичга қарши айблов эълон қилинади. У тутиб олиниб Ҳаагага жўнатилади. 2001 йилда халқаро трибунал Крстични Сребриницадаги қатлиомларнинг асосий ижрочиси сифатида айбдор деб топади ва унга 46 йил қамоқ жазоси берилади. Кейинчалик унинг адвокатлари апелляция беришгач, қамоқ муддати 35 йилга қисқартирилади.
Крстичдан ташқари, Босниядаги Серб Республикасининг собиқ президенти Радован Караджич, Серб Республикаси қуролли кучлари бош штаби разведка бўлими бошлиғи ўринбосари Здравко Толимир ва Серб Республикаси армияси қўмондони Ратко Младич Сребреницадаги қатлиомнинг асосий айбдорлари сифатида жавобгарликка тортилади. Жумладан, Караджич, Младич ва Толимир умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинади. Толимир кейинчалик Ҳаага қамоқхонасида вафот этади.
Шунингдек, яна кўплаб серб генераллари ва зобитлари Сребреница қатлиомида айбланади. Уларнинг айримлари Ҳаагада суд қилиниб жазога тортилган бўлса, айримлари қочиб яширинади. Яна бир қисми судгача етмай ҳалок бўлиб кетади.
Сребреницадаги қатлиомнинг геноцид деб тан олиниши
Кейинчалик ҳудудда тинчлик ўрнатилгач Босния ҳукумати ва ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари халқаро ташкилотлардан қатлиомни геноцид деб тан олишни талаб қилиб чиқишади. Аммо бу масала анча ортга сурилади.
Ниҳоят 2015 йилда БМТ Хавфсизлик Кенгашида Буюк Британия томонидан Сребреницадаги қатлиомни геноцид деб тан олиш тўғрисидаги резолюция овозга қўйилади. Россия резолюция қабул қилинишига қарши чиқади. Хавфсизлик Кенгаши доимий аъзолари Франция, Буюк Британия, АҚШ ва вақтинча аъзолардан 7 та давлат резолюцияни қўллайди. Хитой ҳамда яна уч давлат бетараф қолади ва резолюция қабул қилинади. Бунгача 2009 йилда Европа парламенти 11 июлни Сребреницадаги қатлиомни хотирлаш куни деб эълон қилганди.
Қатлиомнинг асосий айбдорлари бўлган Босниядаги Серб Реcпубликаси маъмурлари ва Сербия ҳукумати узоқ йиллар давомида Сребреницадаги қатлиом бўйича қилинган айбловларни инкор қилиб келади. Аммо кўплаб оммавий қабрлар топилиши вазиятни бироз ўзгартиради.
2004 йилда Босниядаги Серб Реcпубликаси ўз ҳарбийлари Сребреницада аҳолини қатл этишда иштирок этганини тан олади. Шу билан бирга махсус суриштирув комиссияси ташкил этиб, 2005 йилда Сребреница воқеаларида қатнашган 19 мингдан ошиқ ҳарбийнинг исм-шарифини ўз ичига олган рўйхатни халқаро ташкилотларга тақдим этади. Аммо Сербия қатлиомни тан олмайди.
2009 йилда Сербия Европа Иттифоқига аъзо бўлиш учун ариза топширади. Аммо Европа Иттифоқига аъзоликка номзод бўлиши учун расмий Белград халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиши ва Болқон урушида амалга оширилган ҳарбий жиноятларни тан олиши лозим эди.
Ўшандан буён Сербияда бир неча президент алмашди. Улар бир неча мартадан Сребреница қатлиомида ҳалок бўлганлар оилаларига таъзия изҳор этишади, ҳамдардлик билдиришади, айбдорларни топиб жазолаш лозимлигини айтишади. Аммо қатлиомни расмий равишда тан олишмайди.
2015 йилда Боснияда Сребреница қурбонларини ёд этиш маросимига Сербиянинг ўша вақтдаги бош вазири Александр Вучич (у 2017 йилда мамлакат президентлигига сайланади) ҳам ташриф буюради. Маросим ўтказилаётган пайтда маҳаллий аҳоли Сребреница қатлиомини ҳануз тан олмагани учун Сербия бош вазирининг ташрифига қарши намойишлар ўтказади.
Қурбонлар шарафига ўрнатилган ёдгорликка гулчамбар қўйилаётган пайтда намойишчилар Вучичга қарата тош ва шишалар улоқтиришади. Улоқтирилган тошлардан бири бош вазирнинг бошига тегиб, унинг кўзойнагини синдиради. Шундан сўнг Сербия делегацияси ҳодиса жойидан эвакуация қилинади.
Нидерландиялик ҳарбийларнинг айбдор деб топилиши
Кейинчалик Сребреницада ва унинг атрофида қатлиом қилинган шахсларнинг қариндошлари томонидан «Сребреница оналари» нодавлат ташкилоти тузилади. 2007 йилда ташкилот Ҳаага округ судига БМТга қарши даъво аризаси киритади. Аризада БМТ тинчликпарвар кучлари таркибида бўлган нидерландиялик ҳарбийлар Сребреница ва унинг атрофида оммавий қотилликларнинг олдини ололмаганликда айбланади.
2008 йилда суд БМТни жавобгарликка тортиш мумкин эмаслиги тўғрисида қарор қабул қилади. 2010 йилда Ҳаага апелляция суди қарорни ўз кучида қолдирди. 2013 йилда Европа инсон ҳуқуқлари суди ҳам «Сребреница оналари» ташкилотининг БМТга қарши даъвосини асоссиз деб ҳукм чиқаради.
2014 йил июл ойида «Сребреница оналари» ташкилоти Нидерландия Олий судига нидерландиялик тинчликпарвар кучларни босниялик мусулмонлар ўлимида айбдор деб топиш ҳақида даъво аризаси киритади.
Уч йил давом этган суриштирувлардан сўнг 2017 йилда Нидерландия Олий суди мамлакатнинг тинчликпарвар кучларнинг лагерида яширишга уринган 300 нафар мусулмоннинг ўлими учун жавобгарлиги тўғрисида ҳукм чиқаради.
2017 йил 27 июн куни эса Ҳаага суди Нидерландияни 7800 нафар боснияликнинг ўлимига жавобгар деб топади.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
14:23 / 23.05.2025
Кая Каллас: Сербия геосиёсий танлов қилиши керак
20:35 / 07.05.2025
Москвага келаётган Сербия президенти дронлар туфайли Бокуга қўнишга мажбур бўлди
01:17 / 07.05.2025
НАТОнинг уч давлати Вучич ва Фицо самолётларининг Москвага учишини тақиқлади
16:03 / 17.04.2025