Жамият | 15:30 / 03.04.2022
12365
5 дақиқада ўқилади

Тошкент ахборот технологиялари университетида Наврўз байрами кенг нишонланди

Тошкент ахборот технологиялари университетида нишонланган Наврўз сайилида ёшлар учун бўш иш ўринлари кўргазмаси, фахрийлар учун байрам дастури тақдим этилди.

Наврўз — анъаналар, қадриятлар, меҳр-оқибат айёми. Муҳаммад ал-Хоразмий  номидаги  Тошкент  ахборот  технологиялари  университетида бу байрам  ўзгача  нишонланди. “Ассалом  Наврўз – янгиланиш, меҳр-оқибат ва қадр-қиммат айёми!” шиори остида ўтказилган байрам тадбирида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги қамровидаги барча муассасалар фаол иштирок этишди. Улар томонидан ўзбекона анъаналар, қадриятлар акс этган томошалар уюштирилди.

Чор тарафга таралган ўзбек таомлари ифори, тулпор-у туяларнинг савлати-ю, ўтовларда безатилган дастурхонлар ҳақиқий ўзбекона удумларни акс эттирган. Талабалар ўртасида миллий спорт ўйинлари мусобақалари байрамнинг янада қизғин ўтишига хизмат қилди.

Университет маъмурияти ушбу тадбир доирасида бир нечта фойдали мақсадларни кўзлаган ҳолда ўз талабалари бандлигини таъминлаш учун “Бўш иш ўринлари кўргазмаси” ҳам ташкил қилди. Жорий йилнинг 4 март куни Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган йиғилишда берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида ўтган кўргазмада талабалар ўз қизиқишлари ва соҳаларидан келиб чиқиб иш топишга муваффақ бўлишди. Аҳамиятлиси улар билан шу ернинг ўзида меҳнат шартномалари имзоланди.

Тадбирга ташриф буюрган Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов бу байрам коммуникация ва миллий қадриятлар уйғунлигида ўтаётганини айтиб ўтди:

“Байрам баҳонасида кўп мақсадларни амалга оширишни ният қилдик. Энг аввало, ёшларимизни иш билан таъминлаш учун меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. Кўплаб IT компаниялари келиб, ўз вакансияларини эълон қилишяпти, улар орасида ҳатто Беларус компаниялари ҳам бор. Бундан ташқари соҳадаги барча корхоналар ўз чиқишларини намойиш этишмоқда. Бу сайиллар ёшларга АКТ соҳасида фақат компьютерда ўтиришни эмас, балки ўзбекона урф-одатларни сингдириш, ўз тарихини англатишга хизмат қилади”.

Шодиёнага келган талабалар ўқиш билан биргаликда ишлаб тажриба орттириш учун бўш иш ўринлари кўргазмаси доирасида иш топишганини таъкидлашди.

Диана Аюпова, талаба:

“Тошкент ахборот технологиялари университети Дастурий инженеринг факультетининг 1-курс талабасиман. Бугун университетимизда байрам билан биргаликда ўтказилаётган бўш иш ўринлари ярмаркасида ўзимга мос иш топдим. Шу ернинг ўзида меҳнат шартномаси имзоланди”.

Айниқса, меҳр-оқибат байрами муносабати билан старт берилган “Инсон қадри” лойиҳаси чиндан савобли иш саналади. Лойиҳа асосида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида таҳсил олаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож талабаларга Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги томонидан эсдалик совғалар топширилди.

Хуршид Истамов, талаба:

“Байрам юқори шукуҳда ўтяпти, кутмагандик бу даражада бўлишини. Бу таълим муассасасининг бошқалардан фарқи шундаки, биз каби имконияти чекланган ёшлар учун алоҳида эътибор қаратилади. Бу йил битирувчи курсмиз, 4 йил мобайнида яхши шароит ва қулайликларда таҳсил олдик. Шу томонлари билан университетимиз анча илғор”.

Байрам тадбирида ёшлар билан биргаликда муассаса фахрийларига ҳам муносиб эҳтиром кўрсатилди. Шу соҳада фаолият юритган, АКТ соҳаси ривожида ўз ҳиссасини қўшган барча фахрийлар учун тўкин дастурхон устида концерт дастури намойиш этилди.

“Бугунги Наврўз сайилини ўтказишдан бир нечта мақсадларни кўзлаганмиз. Аввало талабаларимизни иш билан таъминлаш – улар шу ернинг ўзида ишга қабул қилинмоқда.

Кейинги мақсадимиз – маҳалла билан ишлаш. Бу ерга маҳаллалардан уюшмаган ёшларни ҳам таклиф этганмиз. Шунингдек, таълим даргоҳида ўқиётган 104 нафар имконияти чекланган талабаларимиз учун ҳам ўзгача байрам бўлишини истадик. Бу талабалар учун университетда алоҳида аудиториялар ташкил қилинган, дарс жараёни сурдо-таржимонлар орқали етказилади.

Бугун илк марта университетимизнинг фахрийлари бир жойга йиғилишди. Яъни икки авлод учрашуви ҳам бўлиб ўтяпти. Буларнинг барчаси келганларнинг кайфиятини кўтаришга, ёшларимизни олға интилишга ундайди деб умид қиламан”, — дейди Тошкент ахборот технологиялари университети ректори Бахтиёр Маҳкамов.

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг:

Telegram: t.me/tuituz_official

Instagram: www.instagram.com/tuit.offi

Расмий сайт: tuit.uz

Университет ректорининг Telegram канали: t.me/taturektori

Тошкент ахборот технологиялари университети Матбуот хизмати

Мавзуга оид