Ўзбекистон | 07:32 / 11.04.2022
5744
2 дақиқада ўқилади

«Бочка»да психотроп модда сотган икки нафар шахс ушланди

Тошкент вилоятида психотроп модда сотаётган шахс тезкор тадбир давомида ушланди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар берди.

Фото: Тергов департаменти

2022 йил 5 апрель куни соат 11:30 ларда Тошкент вилояти ИИББ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси Тоғли чегара тезкор хизмат бўлими ва Бўстонлиқ тумани ИИБ Жиноят қидирув бўлими ходимлари томонидан ҳамкорликда тезкор-қидирув тадбири ўтказилган.

Тадбир давомида, 30 ёшли М.Ж. ва 23 ёшли М.Т. Бўстонлиқ тумани Чорбоғ қўрғонида жойлашган “Бочка” кафеси овқатланиш шохобчасининг автотураргоҳида тадбирга шартли равишда харидор сифатида жалб қилинган фуқарога 800 минг сўм пул эвазига “Соль” Альфа-ПВП моддасини сотган вақтида тезкор-тадбир иштирокчилари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.

Суд-кимёвий экспертизаси хулосасида, тезкор-тадбир давомида шартли равишда харидор сифатида жалб қилинган фуқародан олинган сариқ рангли резина қопчада бўлган оғзи маҳкамланадиган полимер пакетча ичидаги оқ-сариқ рангли ялтироқ кристалл-кукунсимон модда таркибида альфа-пирролидиновалерофенон (а-РVР) моддаси мавжуд бўлиб, унинг соф оғирлиги 0,101764 граммни ташкил этиши аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Бўстонлиқ тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан юқоридаги шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси 3-қисми “б” банди (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб кўп бўлмаган миқдорда қонунга хилоф равишда сотиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, улар процессуал тартибда ушланган.

Қайд этилишича, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Жиноят кодексига кўра, бу турдаги жиноятлар учун 7 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид