Ўзбекистон | 07:56 / 18.04.2022
6313
1 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда тиббиёт ходимлари мажбурий меҳнатга жалб қилинди

Туман тиббиёт бирлашмаси диагностика бўлими бошлиғи қўл остидаги ходимларни меҳнат вазифаси доирасига кирмайдиган ишларни бажаришга мажбур қилган.

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Косон тумани тиббиёт бирлашмасида врач ва ходимлардан гул учун пул йиғилгани ва улар боғда ишлатилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги хабар юзасидан муносабат билдирди.

Муносабатда маълум қилинишича, ижтимоий тармоқларда тарқалган хабар юзасидан Қашқадарё вилоят Бандлик бош бошқармаси Давлат меҳнат инспекцияси томонидан Косон туман тиббиёт бирлашмасидаги ҳолат ўрганилган.

Ўрганишда Косон туман тиббиёт бирлашмаси диагностика бўлими бошлиғи бўлим таҳлилчилари ва бошқаларни бирлашма ҳудудида ободонлаштириш ишларига жалб қилиб, хизмат вазифаларига кирмайдиган ишларга мажбурлагани ўз исботини топган.

Шу сабабли диагностика бўлими бошлиғига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси 1-қисмига асосан жарима жазоси қўлланган.

Аввалроқ Қарши тумани тиббиёт бирлашмаси ходимлари ҳамда Миришкор туманида жойлашган давлат мактабгача таълим ташкилотининг тарбиячилари ва бошқа ходимлари мажбурий меҳнатга жалб қилинганди.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид