Ўзбекистон | 12:31 / 22.04.2022
33445
3 дақиқада ўқилади

«Ўзгидромет» 24−25 апрел кунлари айрим ҳудудларда сел келиши хавфидан огоҳлантирди

«Ўзгидромет» дам олиш кунлари қандай об-ҳаво кузатилишини маълум қилди.

Фото: Kun.uz

24-25 апрел кунлари Ўзбекистоннинг тоғ ва тоғ олди ҳудудларида сел келиш хавфи бор. Бу ҳақда «Ўзгидромет»нинг ҳафтанинг охирги кунлари учун прогнозларида маълум қилинди.

«Эртага Ўзбекистоннинг катта қисмида қуруқ ва илиқ об-ҳаво сақланиб туради. Фақат Қорақалпоғистонда, Хоразм вилоятида ва чўл ҳудудларда баъзи жойларда Волга бўйи ҳудудларидан нам ва нисбатан салқин ҳаво кириб келиши ҳисобига қисқа муддатли ёмғир ёғади.

Якшанба куни нам ҳаво массаси Ўзбекистоннинг барча ҳудудларини қамраб олади. Кўпчилик вилоятларда ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин. Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларида ва Фарғона водийси вилоятларида баъзи жойларда ёмғир кучли бўлади. Ҳаво ҳарорати бироз пасаяди ва кундузи 20-25 даражадан юқори бўлмайди. Республика бўйича баъзи жойларда шамол 17-22 м/с.гача кучайиши кузатилади.

25 апрел куни ҳам Ўзбекистоннинг марказий ва шарқий ҳудудларида ёмғир ёғиши сақланиб туради. 24-25 апрел кунларида тоғ олди ва тоғли ҳудудларда сел келиши хавфи мавжуд», дейилади хабарда.

r4gNpGTT_3y_IKxg9ilzfJgL7ofKjGCf.jpg (974×1280)

20 апрель куни Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида кучли ёғингарчилик натижасида сел оқимлари ва тошқин сувлари юзага келгани тўғрисида хабар берилганди. Жиззах вилояти прокуратурасининг маълум қилишича, вилоятнинг Фориш туманида юз берган сел оқибатида 5 киши вафот этган. ФВВнинг Гидрометеорология хизмати марказига таяниб маълум қилишича, 20 апрель куни Самарқанд ва Жиззах вилоятларида 1,5 соат ёғиб ўтган ёмғир бир ойлик ёғингарчилик миқдорини ташкил этган.

Сел хавфи бўлганда зарур ҳаракатлар бўйича тавсиялар:

  • Сел оқимларидан фақат қочиб қутилиш мумкин. Сел хавфи тўғрисида ҳабар эшитгандан сўнг дарҳол хавфсиз жойга кўчиш ҳаракатларини қилиш керак. Сел оқимининг тез фурсатда шаклланиши, унинг тезлигини ҳисобга олган ҳолда, хабар тарқатиш ва муҳофаза тадбирларини бажариш учун вақт жуда чегараланганини (бир неча дақиқадан 10-20 дақиқагача бўлиши мумкин) доимо ёдда тутиш лозим;
  • сел оқимидан халос бўлишнинг иложи бўлмаса, баландроқ тепалик устига, дарахтга ёки бирор баланд мосламалар устига чиқиш керак. Одатда сел 3-5 соат давом этиши мумкин; 
  • сел оқими ўтгандан сўнг девор ва устунларнинг ҳолатини, газ, электр ва сув таъминотининг созлигини текшириш зарур.

Мавзуга оид