Фан-техника | 12:44 / 24.04.2022
85249
6 дақиқада ўқилади

Дунёдаги энг узун шиша кўприк, тишларни «қулфлайдиган» инновацион қурилма – ҳафта технодайжести

Kun.uz якунланаётган ҳафтадаги технология ва илм-фанга оид энг қизиқарли хабарларни жамлади.

Дунёдаги энг узун шиша кўприк

Фото: upi.com

Вьетнамда дунёдаги энг узун шиша кўприк қурилди, деб хабар бермоқда UPI. Гиннесснинг рекордлар китобига киритилган мазкур ўтиш жойи узунлиги 631 метрни ташкил этади ва 30 апрель куни очилиши режалаштирилган.

Бунгача Хитойнинг Хунан провинциясидаги Чжанцзе (430 метр) дунёдаги энг узун шиша кўприк сифатида қайд этиб келинаётганди.  

Сайёҳлик ҳудуди расмийларининг таъкидлашича, баланд ва узун шаффоф кўприкни қуришда Франциянинг St. Gobain компанияси томонидан ишлаб чиқарилган супер темперли ойналардан фойдаланилган. Бах Лонг кўприги бир вақтнинг ўзида 500 нафаргача йўловчига хизмат кўрсатиши мумкин.

GM Россия бозорини тарк этмоқда

Фото:  Коммерсантъ

Американинг General Motors автоконцерни Россия бозорини тўлиқ тарк этади. Автомобиллар ва эҳтиёт қисмлар етказиб бериш тўхтатилади, Россиядаги офис хизматчилари эса ишдан бўшатилади.

Бунга Россия ҳукумати томонидан 11 мартдан бошлаб АҚШдан «қиммат автомобиллар» импортига киритилган чеклов ҳам сабаб бўлиши мумкин.

GM 2015 йилда Қрим аннексия қилиниши фонида Россияда ишлаб чиқаришни сезиларли даражада қисқартирганди. Шундан сўнг концерн АҚШдан фақат қиммат Chevrolet вa Cadillac моделларини етказиб бераётганди.

Маълумот учун, жорий йилнинг дастлабки уч ойи давомида Россияда 266та Chevrolet ва 162та Cadillac автомобиллари сотилган.

Аввалроқ UzAuto Motors ҳам Россияга автомобил экспортини тўхтатгани ҳақида хабар берилганди.

Oвқат таъмини шўрроқ ҳис қилишга ёрдам берадиган “чопстик”лар

Фото: Reuters

Япон тадқиқотчилари рационида натрий миқдорини камайтиришга муҳтож бўлганлар учун компьютерлаштирилган таёқчалар ихтиро қилишди. Бу “чопстик”лар овқат таъмини шўрроқ ҳис қилишга ёрдам беради.

Меижи университети профессори Ҳомеи Мияшита ва ичимлик ишлаб чиқарувчи Кирин ҳолдинги томонидан яратилган таёқчалар билакка тақиладиган мини-компьютер ва электр стимуляцияси ёрдамида таъмни кучайтиради.

Таёқчалар заиф электр оқими ёрдамида овқатдан натрий ионларини сўриб олиб оғизга йўналтиради ва шўр ҳисни туйишга сабаб бўлади.

“Натижада, шўр таъм 1,5 бараварга кучаяди”, дейди профессор Мияшита.

Янги Redmi 10 Power

Фото: Xiaomi

Xiaomi компанияси янги Redmi 10 Power смартфонини тақдим қилди. Гаджетга Snapdragon 680 процессори ўрнатилган, 8 ГБ тезкор ва 128 ГБ ички хотирага эга. Аккумулятор сиғими эса 6000 мА/соатни ташкил этади ва 18 Втли тезкор қувватланиш функцияси мавжуд.

Redmi 10 Power 5 мегапикселли олд камера ва 50 мегапикселли асосий камера билан жиҳозланган.  Унинг ёнидан чуқурликни ўлчашга мўлжалланган 2 мегапикселли датчик ўрин олган. Бармоқ изи сканери ҳам камера модули ёнида жойлашган.

Янги смартфон нархи 195 долларни ташкил этади. 

Тишларни “қулфлайдиган” қурилма

Фото: Reutersscitechdaily.com

Янги Зеландиянинг Отаго университети ва Буюк Британия олимлари глобал семизлик муаммосига қарши курашиш учун махсус аппарат яратишди.

DentalSlim Diet Control – стоматолог томонидан юқори ва пастки тишларга ўрнатиладиган ички оғиз қурилмаси бўлиб, тишларни қулфлайди. Қулф махсус магнитдан тайёрланган. Бурилма ўрнатилгач, оғизни 2 миллиметр очиб суюқлик истеъмол қилиш мумкин, бироқ гапириш ва нафас олишга халақит бермайди.

Тадқиқотда қатнашган иштирокчилар 2 ҳафтада 6,36 кг вазн йўқотишган. Отаго университети соғлиқни сақлаш фанлари бўйича етакчи тадқиқотчиси Пол Брутоннинг қайд этишича, қурилма ортиқча вазн билан курашаётган кишилар учун хавфсиз. Уни стоматолог ўрнатади, фойдаланувчи ўзи ечиб қўйиши мумкин. Битта қулфни иккинчи марта ҳам ишлатса бўлади.

Snapchat Facebook ва Тwitter’дан тезроқ ривожланмоқда

Фото: TechCrunch

Snapchat 2022 йил биринчи чораги бўйича молиявий ҳисоботини эълон қилди.

Қайд этилишича, мазкур давр мобайнида ижтимоий тармоқнинг фаол фойдаланувчилари сони 332 миллионга етган. Бу ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда, 18 фоизга кўпдир. Шунингдек, компания акциялари ҳам йиллик нисбатда 38 фоизга ошиб, 1,06 миллиард долларга баҳоланмоқда.

«Компания 44 фоиз ўсишни кутганди, бироқ Россия-Украина уруши бошланиб кетганидан кейин реклама берувчилар сони камайиб кетди», дейилади ҳисоботда.

Ўз навбатида, Facebook ўтган чоракда биринчи марта фаол фойдаланувчилар йўқотилгани ҳақида хабар берган. Тwitter эса АҚШда 2 фоизга, жаҳон миқёсида 15 фоизга ўсган.

«Renault» «АвтоВАЗ»даги улушини сотмоқчи

Фото: Яков Князев/ТАСС

Франциянинг «Renault» концерни «АвтоВАЗ»даги 67,6 фоиз акцияларини сотмоқчи. Харид қилиш учун потенциал мижозлар сифатида Rostec шуъба корхонаси, шунингдек, Россия Саноат ва савдо вазирлиги тузилмалари кўрсатилмоқда. Ушбу улуш қиймати 1,2 млрд еврони ташкил этиши мумкин. 

Маълумот учун, 23 март куни «Renault» Россиядаги фаолияти вақтинчалик тўхтатилаётганини эълон қилганди. Кейинроқ концерн Украинадаги воқеалар, шунингдек, бутловчи қисмларни етказиб бериш билан боғлиқ муаммолар фонида «АвтоВАЗ»даги улушини сотишни ечим сифатида кўраётганини маълум қилган.

Агарда француз компанияси Россиядан тўлиқ чиқиб кетса ва бутловчи қисмлар таъминот занжири узилса, «АвтоВАЗ» атиги уч хил: Granta, Niva вa Vesta моделидаги автомобилларни ишлаб чиқариши мумкин бўлади. 

Мавзуга оид