Жаҳон | 18:59 / 25.04.2022
27887
5 дақиқада ўқилади

Россиянинг Украина билан чегара ҳудудида яна нефтбаза ёниб кетди. Асосий маълумотлар

25 апрелга ўтар кечаси Брянск областида, Украина билан чегарадан 110 километр масофада «Транснефт» базасида кучли ёнғин авж олди. Маҳаллий расмийлар ҳозирча ёнғин сабабини маълум қилмаган. Кун ярмида давлат муассасалари ходимлари эвакуация қилингани маълум бўлди. Апрел ойи бошида ҳам Белгороддаги нефтбазада портлашлар ва ёнғинлар рўй берган, бу украиналикларнинг ҳарбий вертолётлари ҳужуми оқибатида содир бўлгани айтилганди.

Берянск областининг Фокинский районида «Транснефт-Дружба» АЖ нефт базаси ва яна бир объектда ёнғин келиб чиққан. Бу ҳақда дастлаб РИА Новости фавқулодда хизматлардаги манбасига асосланиб хабар тарқатди. Агентлик суҳбатдошининг сўзларига кўра, дизел ёнилғиси тўпланган резервуар ва атрофдаги яна бир объектдаги ёнғин ҳақида тунги соат 02:00да хабар келиб тушган, ҳодиса оқибатида жабрланганлар бўлмаган.

«Интерфакс» агентлиги хабар беришича, ёнғин ҳажми 10 минг куб метр бўлган резервуарни қамраб олган. «Россия 24» телеканали ёнаётган иккинчи объект - ҳарбий қисмдаги дизел ёнилғиси сақланган омборхона бўлганини маълум қилди.

Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган видеода бир-бирига яқин жойлашган икки тутун устунини кўриш мумкин.

«Икки портлаш ва тамом», деган нефт база жойлашган кўчада яшовчи гувоҳлардан бири. Гувоҳлар нефт база атрофида вертолётлар учганига гувоҳ бўлишмаганини айтишган.

Россия кучишлатар тузилмаларига алоқадор манбалар базага украинларнинг дронлари ҳужум қилгани ҳақида хабар тарқатган. Бу маълумот расман тасдиқланмаган.

1 апрелга ўтар кечаси Белгороддаги нефтбазада ҳам портлаш ва ёнғинлар рўй берганди. Ўшанда икки украин ҳарбий вертолёти ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари радарларига тушмаслик учун Россия ҳаво кенглигига жуда пастлаб учиб кирган ва базага зарбалар берганди. Россия мудофаа вазирлиги буни тан олганди. Тергов қўмитаси РФ ЖКнинг «террорчилик акти» тўғрисидаги моддаси бўйича жиноий иш очган.

Ҳукумат Брянскдаги нефтбазадаги ёнғинга нақадар жиддий ёндашаётгани воқеа жойига Россия ФВВ раҳбари Александр Чуприян шахсан ташриф буюрганини кўрсатмоқда.

«Регионда дизелнинг мавжуд захиралари 15 кунга етади, бензин захиралари эса 20 кундан кўпроққа», дейилган Россия энергетика вазирлиги баёнотида (Белгороддаги нефтбазада рўй берган портлашдан кейин ёнилғи қуйиш шохобчаларида улкан навбатлар юзага келганди).

Брянск губернатори Александр Богомаз телеграм-каналида нефтбаза жойлашган ҳудуд аҳолисини эвакуация қилиш режалаштирилмаганини айтган.

14 апрел куни Богомаз Украина ҳудудидан туриб Климово посёлкасига зарба берилгани ҳақида айтганди. Россия мудофаа вазирлиги ўша куни «Климово аҳоли пункти аҳолисига ҳужум» уюштирган украинларнинг Ми-8 русумли вертолёти уриб туширилгани ҳақида хабар берган.

Брянск области Украина ва Беларус билан чегарадош ҳисобланади. Брянскдан Украина чегарасига қадар масофа - 110 километр, шоссе бўйлаб ҳаракатланганда эса - 173 км.

Икки ой муқаддам, 24 феврал куни Россия президенти Владимир Путиннинг буйруғи билан россиялик ҳарбийлар Украина ҳудудига бостириб киришганди. Россия ҳукумати буни «махсус ҳарбий амалиёт» деб атамоқда.

11 апрел куни Брянск областида 15 кун муддатга террорчилик хавфнинг юқори даражаси жорий этилди. Бу каби қарорлар Белгород ва Курск областлари, шунингдек Воронеж областининг чегарадош икки районлари бўйича ҳам қабул қилинган.

Шубҳали буюмлар қолдириб кетилгани ҳақидаги хабарлар ортидан Брянск областидаги бир неча давлат муассасалари ходимлари эвакуация қилинган ва биноларда текширув ишлари олиб борилган. 

«Айрим давлат идораларига шубҳали хабарлар келиб тушган. Ходимлар эвакуацияси ва биноларни текшириш ишлари олиб борилмоқда», дея регион фавқулодда хизматларидаги манба сўзларини келтиради ТАСС.

Агентликнинг ёзишича, шаҳар маъмурияти биносида ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари, кинология хизматлари, шунингдек ўт ўчириш машинаси ва тез тиббий ёрдам машиналари навбатчилик қилмоқда.

Регион ҳукумати матбуот хизмати таҳдидли хабарлар туфайли душанба куни бир неча мактаблардан ўқувчиларни эвакуация қилишга тўғри келгани ҳақида хабар берган.

Мавзуга оид