Ўзбекистон | 10:59 / 25.04.2022
22095
2 дақиқада ўқилади

Сел суви фақат зарарми? – Уни бошқариш ва фойдаланиш мумкин

Айни пайтда Ўзбекистонда баҳорги ёғингарчиликлар сабаб турли ҳудудларга сел келиб, аҳоли жабр кўрмоқда. Бироқ сел сувини тўплаб ундан қишлоқ хўжалигида фойдаланиш мумкин. Сув ресурслари бўйича халқаро эксперт Аброр Ғафуров бу ҳақда тушунтирди.

Аброр Ғафуров – Германия Ер тадқиқотлари марказининг “Марказий Осиёда сув” лойиҳаси раҳбари, Берлиндаги Ҳумболдт университети доценти. Эксперт Kun.uz билан суҳбатда сел сувидан фойдаланиш ҳақидаги саволга жавоб берди.

“Кераксиз вақтда келаётган сувни йиғиб олиш – энг яхши нарса. Бунинг учун сув омборлари қурилади. Ўзбекистонда ҳам сув омборлари бор. Улар электр энергия ишлаб чиқаришдан ташқари қишлоқ хўжалигини сув билан таъминлаш функцияларига эга. Лекин сув омборлари кўпинча сув билан тўла бўлади.

Агар айтайлик, келаси 10 кун ичида худди март ойидагидек тинимсиз ёмғир ёғса, сув омборларида бу сувни ушлаб қолиш учун керакли жой захираси бўлиши керак. Агар захира бўлмаса, бу сувни ташлаб юборишга мажбур бўламиз. Сабаби сув омборларининг ўзига яраша хавфсизлик қоидалари бор, уларда меъёрдан ортиқ сув сақлаш мумкин эмас. Шуни эътиборга олган ҳолда, келаси ойда қанча сув келишини олдиндан ҳисоблаб, сув омборларини бошқариш ва иложи борича ёмғир сувини ҳам сақлаб қолиш имкониятларини топиш керак.

Масалан, Норвегия тажрибасида бунга алоҳида аҳамият берилади: улар “Тепадан тушаётган ҳар бир томчи иқтисодиётимиз учун бир доллар бўлса ҳам қўшимча фойда бўлади”, деб ҳисоблашади”, дейди мутахассис.

Аброр Ғафуровнинг қайд этишича, Ўзбекистонда ҳам сувни максимум даражада сақлаб қолиш ва унумли фойдаланиш йўлларини топишга ҳаракат қилиш зарур. Бунинг учун турли мақсадларни, жумладан, қишлоқ хўжалигини суғориш, электр энергия ишлаб чиқариш ва сув омборлари хавфсизлиги каби жиҳатларни ҳисобга олиб сувдан фойдаланишни оптималлаштириш керак.

Мавзуга оид