Жаҳон | 22:04 / 29.04.2022
37430
8 дақиқада ўқилади

Жаҳоннинг энг гўзал безатилган 24 масжиди нақшлари: мозаика ва майолика кошинлари

Бугун сизларга жаҳоннинг 24 та масжидида ишлатилган нақшинкор кошинлар ҳақида суратли маълумот берамиз. Ушбу масжидлар орасида Ўзбекистондаги масжидлар, Бобурийлар сулоласи томонидан қурилган қадимий масжидлар ҳам эътироф этилган.

Фото: pbs.twimg.com

Шарқ архитектураси ўзининг бетакрор ва ўзига хос нақшин безаклари билан машҳур. Биргина Ўзбекистондаги осори атиқаларда ишлатилган мозаика ва майолика безаклари санъатга ошуфта қалбларни йиллар оша мафтун қилиб келмоқда.

Аввалроқ жаҳон масжидларининг шифтларига солинган энг чиройли нақшлар суратини эълон қилган Bayt Al Fann сайти Тwitter’даги саҳифаси орқали бу сафар 24 та масжиддаги энг чиройли ва ўзига хос мозаика ҳамда майолика плиталарини санаб чиқди. 

Исфахондаги жоме масжиди мозаикаси, Эрон.

Фото: iranbia.com

Бу масжид Исфахондаги Масжиди жумъа деб ҳам аталади. Масжид 771 йилдан XX аср охирларигача мудом қурилиб, таъмирланиб, кенгайтирилиб, янгиланиб келган. 

Амир Темур мақбарасининг мозаикаси, Самарқанд, Ўзбекистон.

Фото: www.shutterstock.com

1404 йилда Амир Темур томонидан қурилган. Аграда Тож маҳал, Деҳлида Ҳумоюн мақбараси, Кобулда Боғи Бобурни барпо этган бобурийлар меъморчилигига ҳам таъсир ўтказган ушбу иншоот Марказий Осиё архитектураси тарихида жуда муҳим ўрин тутади. 

Носирул-Мулк масжидининг майоликалари, Шероз, Эрон.

Фото: flickr.com

1888 йилда қурилган. Шоҳ Чироқ масжиди яқинида жойлашган. У Эронда Қожорлар династияси ҳукм сурган пайтда қурилган. Меъморлари Муҳаммад Ҳасани Меъмор, Муҳаммад Ҳуссайни Шерозий ва Муҳаммадризо Кошисози Шерозий.

Санкт-Петербург масжиди мозаикалари, Россия.

Фото: shutterstock.com

Ушбу масжид 1913 йилда очилган бўлиб, Туркиядан ташқарида жойлашган Европанинг энг катта масжиди ҳисобланади. Архитектор Николай Васильев масжидни Самарқанддаги Гўри Амирдан илҳомланиб барпо этган. Масжид 5 минг намозхонни сиғдира олади. 

Султон Аҳмад жоме масжиди майоликаси, Истанбул, Туркия.

Фото: alamy.com

1609 ва 1617 йиллар оралиғида қурилган ушбу масжид Кўк масжид номи билан ҳам машҳур. Бунга сабаб унинг интерьерини безаш учун ишлатилган мовий тусдаги плиталардир. Султон Аҳмад I буйруғига кўра қурилган ушбу масжид маҳобатда Аё София билан рақобат қилиши керак бўлган. 

Хожа Аҳрори Валий мадрасаси мозаикаси, Самарқанд, Ўзбекистон.

Фото: setbounphoto.photoshelter.com

1630 йилда Самарқанд ҳукмдори Нодир Девонбеги Хожа Аҳрорий Валий (Нақшбандия оқими тариқатчиси) қабри ёнида масжид ва мадраса қуришни буюради. 

Имом Али масжиди мозаикаси, Нажаф, Ироқ.

Фото: igbox.co

Илк марта дайламит Фанхусрав Азуд ад-Давлат томонидан 977 йилда қурилган. Илк масжид ёнғинда кул бўлгач, салжуқийларнинг подшоҳи Маликшоҳ I томонидан 1086 йилда тикланган, 1500 йилга келиб сафавийлар подшоҳи Исмоил I томонидан қайта қурилган. 

Ҳасан II масжиди мозаикалари, Касабланка, Марокаш.

Фото: www.shutterstock.com

1993 йилда тугатилган масжид қирол Ҳасан II раҳбарлигида Мишель Пинсо томонидан лойиҳалаштирилган ва бутун қиролликдан келган марокашлик усталар томонидан қурилган. Бу Африка қитъасидаги катталиги бўйича иккинчи масжид. 

Вазирхон масжиди мозаикаси, Лоҳур, Покистон.

Фото: islamic-arts.org

Қурилиш ишлари 1634 йилда бошланган ва 1641 йилда тугалланган. Ушбу масжид бобурийлар императори Шоҳжаҳон ҳукмронлиги чоғида қурилган, Шоҳи ҳаммом дохил бинолар ансамблининг бир қисми фойдаланишга топширилган. 

Сайида Руқайя масжидининг мозаикаси, Дамашқ, Сурия.

Фото: wikimedia.org

Масжид 1985 йилда Руқайя бинти Ҳусайн мақбараси атрофида барпо этилган, кўзгулар ва тилла қопламалари ниҳоятда кўп ишлатилиши билан Эрон архитектурасининг замонавий версиясини тамсил этади. 

Султон Қобус катта масжиди мозаикаси, Масқат, Уммон.

Фото: www.shutterstock.com

1992 йилда Уммоннинг ўша вақтдаги султони — Қобус ибн Сайид Ол Сайид мамлакатда улкан масжид бўлишини ихтиёр этди ва 1994 йилда масжид лойиҳаланиб қурила бошланди. Уни тугатишга олти йил вақт кетган. 

Шайх Зойиднинг катта масжиди мозаикалари, Абу-Забий, БАА.

Фото: shutterstock.com

2007 йилда тугатилган масжидни тиклашда меъмор Юсуф Абдулкий Искандариядаги Абу ал-Аббос Ал-Мурсий, Лоҳурдаги Подшоҳий, шунингдек бошқа кўплаб форс, туркий, ҳинд-ислом масжидларидан  илҳомланган. 

Имом майдонидаги Шоҳ масжиди мозаикалари, Исфаҳон, Эрон.

Фото: omnivagant.com

Мачит шунингдек, Жоме Аббосий масжиди, Имом масжиди сифатида ҳам машҳур. Бу эронийлар/форс архитектурасининг дурдонаси бўлиб, Эронда ислом даврининг архитектурасига ёрқин мисол бўла олади. 

Подшоҳий масжидининг мозаикаси, Лоҳур, Покистон.

Фото: wikimedia.org

Бобурийлар императори Аврангзеб томонидан 1671–1673 йиллар оралиғида қурдирилган ушбу масжид 1673 йилдан 1986 йилгача жаҳоннинг энг катта масжиди бўлиб келган. Турли нақшлар ўйилган қизил қумтош ва мармарли қадама нақшлар Темурийлар даври архитектурасининг муҳим намунасидир. 

Ад-Дарвишия масжиди майоликаси. Дамашқ, Сурия.

Фото: shutterstock.com

Масжид 1572–75 йиллар оралиғида Дамашқнинг усмоний ҳокими Дарвиш-пошо томонидан қурилган. Унинг қабри мажмуанинг жануб қисмидаги масжид билан арка орқали боғланган саккиз бурчакли бинода жойлашган. 

Бобои Тоҳир масжидидан мозаика, Ҳамадон, Эрон.

Фото: pbs.twimg.com

Салжуқийлар даврида қурилган масжид. Мақбаранинг ички қисми 24 та мармар плитка билан безатилган ва унга қора каллиграфия билан Бобои Тоҳирнинг 24 та байти битилган. Энг ёрқин қисми — шифт остидаги плитканинг безагидир. 

Фотимаи Маъсума масжидининг мозаикаси. Қум, Эрон.

Фото: gm-dar.livejournal.com

XVI асрда қурилган. Масжид мақбара, уч ҳовли ва умумий майдони 38 минг метр квадрат бўлган учта катта хонақоҳдан иборат. Учта хонақоҳ ўз номига эга: Тобатобаий, Балои Сар ва Адҳам. 

Парижнинг катта масжиди мозаикаси, Франция.

Фото: pinterest.ru

1926 йилда масжид расман очилган. У Франция ва ислом дунёси ўртасидаги дўстлик рамзи сифатида қурилган ва Биринчи жаҳон урушида Франция учун қон тўккан минглаб мусулмонлар учун ёдгорлик сифатида кўрилган. 

Язддаги жоме масжиди мозаикаси, Эрон.

Фото: pescart.com

XVI асрда қурилган масжиддан ҳамон фойдаланилади. Илк марта у Оли Буйа шажарасидан Алоуддин Гаршасп даврида қурилган. 1324 ва 1365 йилларда жиддий тарзда қайта қурилган. 

Мир Араб мадрасаси мозаикаси, Бухоро, Ўзбекистон.

Фото: shutterstock.com

Шайбонийлар ҳукмдори Убайдулло хон (ҳукмронлик йиллари 1534–39) томонидан қурилган. Мир Араб форсчадан таржима қилинса Арабларнинг амири деган маънони беради ва яманлик шайх Абдуллоҳ Яманийга аталган. 

Мовий масжид ёки Оқсунқур масжиди майоликаси, Қоҳира, Миср.

Фото: shutterstock.com

Ўзи жойлашган тумандаги энг катта масжид 1347 йилда амир Оқсунқур томонидан қурилган бўлиб, мақбара ва ички ибодат ҳовлисига эга. Интерьер изник деб аталувчи, Истанбул ва Дамашқдан келтирилган. мовий плитка билан безатилган. 

Равалпиндидаги Марказий жоме масжиди мозаикаси, Покистон.

Фото: shutterstock.com

Равалпиндининг энг қадимий, архитектуравий гўзал масжидларидан бири. 100 йил аввал қурилган масжид ўзининг мозаикаси ва шишадан ясалган буюмлари билан шаҳарнинг тарихий бинолари ичида яққол ажралиб туради. 

Ўзбекистондан яна бир мозаика

Фото: shutterstock.com

Феруза ва ложувард плиткалардан ясалган чиройли мозаикалар тарихий масжид мадрасаларнинг безаги ва Ўзбекистоннинг дурдонаси ҳисобланади. Хивадаги деворлари сопол плиткалар билан безатилган Тош Ҳовлини айтасизми ё Самарқанднинг Шоҳи Зинда ва Регистонидаги ложувард қадама нақшларни айтасизми, бариси бирдек жозибали. 

Ал-Ақсо масжидининг мозаикаси, Қуддус, Фаластин.

Фото: shutterstock.com

Қуддуснинг эски шаҳрида жойлашган ушбу масжид Ислом оламининг учинчи муқаддас масжиди саналади. Топиниш тепалигининг энг юқорисида қурилган, Исломда Ал-Ақсо ва Ҳаром уш-Шариф номлари билан машҳур.

Мавзуга оид