Ўзбекистон | 13:04 / 30.04.2022
17559
3 дақиқада ўқилади

«Лазги» халқаро рақс фестивали ғолиблари аниқланди

Хивада «Лазги» халқаро рақс фестивали якунланди. Хоразмлик раққоса Дилноза Ортиқова бош мукофот ва 7 минг долларни қўлга киритди.

Фото: Маданият вазирлиги

26-29 апрель кунлари Хоразм вилоятининг Хива шаҳрида «Лазги» халқаро рақс фестивали ўтказилди. 

Тадбир  UNESCO,  Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Маданият вазирлиги, Хоразм вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда 30 дан ортиқ давлатдан меҳмонлар, рақс ансамбллари иштирок этди.

«Лазги» Хоразмнинг қадимий рақси бўлиб, Ўзбекистон маданий меросининг элементи сифатида инсониятнинг номоддий маданий мероси Репрезентатив рўйхатига киритилган. Бу ҳақдаги қарор 2019 йил 12 декабрь куни UNESCO Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмитаси сессиясида қабул қилинган эди.

Фестивал доирасида рақс санъатига бағишланган кўргазма павильонлари, миллий чолғу асбоблари ва либослари, ҳунармандчилик буюмлари, тасвирий ва амалий санъат асарлари, ҳайкалтарошлик намуналари, бадиий ва ҳужжатли фильмлар, аудио ва видео дисклар, китоблар, альбомлар, фотосуратлар намойиши ҳамда «Ичон қалъа» мажмуаси ҳудудида уларнинг савдоси ташкил этилди.

Фестивалнинг «Гран-При» бош мукофоти ва 7 минг АҚШ долларини хоразмлик раққоса Дилноза Ортиқова қўлга киритди. 

Фото: Маданият вазирлиги

«Лазги» халқаро рақс фестивалининг барча ғолиб ва совриндорлари:

«Гран-При» ва 7 000 $ - Дилноза Ортиқова (Ўзбекистон)

«Энг яхши яккахон рақс ижрочиси»
1 - Гулнур Қосимбек (Қозоғистон), Шерзод Кенжабоев (Ўзбекистон);
2 - Нитхи Мисра (Ҳиндистон), Феруза Азатова (Ўзбекистон); 
3 - Кристина Коврова ва Никита Груздев (Россия), Нерея Фернандес (Испания).

«Энг яхши рақс жамоаси»
1 - «Тумор» (Ўзбекистон); 
2 - «Навбаҳор» (Ўзбекистон), Озарбойжон давлат ашула ва рақс ансамбли;  
3 - «Шаттиқ» (Қирғизистон), «Инегол» (Туркия); 

Фото: Маданият вазирлиги

«Энг яхши саҳналаштирилган рақс» 
1 - «Пирин» (Болгария); 
2 - «Зебо» (Тожикистон), «Ўзбекистон» рақс ансамбли;
3 - «Свети дорди» (Сербия), «Таннура» (Миср);

1-ўрин соҳибларига 5 минг, 2-ўрин соҳибларига 3 минг, 3-ўрин соҳибларига 2 минг доллар миқдорида пул мукофоти берилди.

Мавзуга оид