Жаҳон | 13:48 / 04.05.2022
31049
3 дақиқада ўқилади

Макрон ва Путин икки соат давомида телефонда гаплашди

Франция президенти Эммануэль Макрон ҳамда Россия президенти Владимир Путин навбатдаги телефон суҳбатини ўтказди. Икки давлат етакчиси Макрон президентликка қайта сайлангач илк марта телефонда гаплашди. Улар охирги марта 29 март куни мулоқот ўтказганди.

Фото: ТАСС

Уруш бошлангандан буён Путин билан энг кўп мулоқот ўтказган давлат раҳбари айнан Макрон бўлиб турганди. Аммо кейинчалик Францияда сайлов жараёни бошлангач, икки сиёсатчи гаплашмай кетди. Бу гал Макрон ва Путин икки соатдан ортиқ гаплашган.

Кремль ахборотида ёзилишича, телефон суҳбати давомида Путин Макронни «Мариупол озод қилингани» ва «Азовстал» заводидан тинч аҳоли вакиллари эвакуация қилингани ҳақида хабардор қилган. Путиннинг айтишича, Европа иттифоқи давлатлари украин ҳарбийларининг ҳарбий жиноятлари ва Донбассга ўт очилишига кўз юммоқда. Путиннинг фикрича, Ғарб давлатлари Киев ҳукуматига босим ўтказиш ва Украинага қурол етказиб беришни тўхтатиш орқали бу ҳаракатларни тўхтатиши мумкин.

Путин Макронга Россия томони музокаралар учун ҳамон очиқ эканини айтган. Кремль ахборотига кўра, Макрон халқаро ҳамжамиятдаги хавфсизлик масаласидан хавотирга тушганини, Путин эса вазиятни Ғарбнинг санкциялари мураккаблаштириб юборганини таъкидлаган.

Франция президенти ахборот хизматининг ёзишича, Макрон Путинни Украинага қарши агрессив урушнинг оқибатларидан яна бир бор огоҳлантирган. Шунингдек, Россияни БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоси сифатида вазифасини бажариб, ўт очишни тўхтатишга чақирди.

Макрон Мариуполдаги вазиятдан қаттиқ хавотирга тушганини айтиб, Россия «Азовстал»дан фуқароларни эвакуация қилишда иштирок этишини сўраган. Макроннинг фикрича, Украинада эвакуация қилинаётган тинч аҳоли вакилларидан уларни қаерга олиб кетишни сўраш керак: Россия назорат қилаётган жойларгами ёки Украина томонгами.

Суҳбат давомида Макрон Украинанинг Қора Денгиз орқали амалга ошириладиган маҳсулот экспорти Россия томонидан блоклаб қўйилганини айтган. Унинг фикрича, бу дунё озиқ-овқат хавфсизлигига жиддий таъсир қилади. Макрон бу борада халқаро ташкилотлар билан бирга ҳаракат қилишга тайёрлигини билдирган. Франция президенти Путинга навбатдаги марта Украинанинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишини айтиб, урушни тинч йўл билан ҳал қилиш учун дипломатик ҳаракатларни давом эттиришини билдирган.

Ғарб сиёсатчилари орасида айнан Эммануэль Макрон уруш бошлангандан буён Путин билан доимий мулоқотда бўлиб, уни ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақириб келмоқда. Уруш бошланишидан бир неча кун аввал Макрон Кремлда Путин билан учрашганди ҳам. Ўшанда олти соат давом этган учрашув ноодатий узун стол атрофида ўтгани бутун дунёда муҳокамаларга сабаб бўлган. Ўша учрашувга кўндириш учун Макрон Путинга камида беш марта қўнғироқ қилгани айтилганди.

Мавзуга оид