Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украинадаги уруш: томонларнинг баёнотлари, муносабатлар, ёрдам ва санкциялар
Россия армиясининг Украинага бостириб кириши билан боғлиқ воқеа-ҳодисаларга оид сўнгги расмий хабарлар ва янгиликларнинг эрталабки қисқача шарҳлари билан танишинг.
Украина томонининг баёнотлари
Володимир Зеленский Исландия парламенти олдида чиқиш қила туриб, Россиянинг Украинага қарши уруши шунчаки биргина давлатни эгаллаш ва ундаги ҳаётни барбод қилиш эмаслигига урғу берди.
«Кўриниб турибдики, Россиянинг Украинага қарши уруши шунчаки бир давлатни эгаллаш ва ундаги ҳаётни барбод қилишгина эмас. Бу эркинликка таҳдиднинг ўзгинасидир.
Шу сабабли бутун жаҳондаги эркин инсонлар учун бизнинг давлатимиз Россияга қарши яккама-якка қолиб кетмаслиги муҳим. Ҳар бир халқ ёрдам бериши муҳим.
Мен Исландиядан қилган ишлари учун миннатдорман, хусусан, Россияга қарши санкцияларни қўллаб-қувватлагани учун», — деган Зеленский.
Украина қуролли кучлари бирлашган операцияси ўтган сутка ичида эришилган муваффақиятлар ҳақида қуйидагича маълумот бермоқда (эслатиб ўтамиз, уруш даврида эълон қилинган маълумотларни мустақил манбалар орқали текширишнинг имкони йўқ):
- Душманнинг 8 та ҳужуми муваффақиятли бартараф этилган.
- 3 та танк, 8 та артиллерия тизими (уларнинг 4 таси бирваракайига ўт очиш ракета тизими) 7 та ҳарбий зирҳли техника, 7 та махсус техника йўқ қилинган.
- Ҳаво ҳужумидан мудофаа бўлинмалари Донбасс осмонида 7 та «Орлан-10» типидаги пилотсиз учар қурилмаларни уриб туширган.
Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлигининг маълумотлари:
- Россиянинг «Орлан-10» типидаги 14 та пилотсиз учар қурилмаси уриб туширилган.
«Схид» («Шарқ») тезкор-тактик гуруҳининг маълумотлари:
- Россия қўшинларининг ўқ-дори омбори топиб йўқ қилинган. Душманнинг йўқотишлари: 15 нафар шахсий таркиб, 1 та пиёдалар зирҳли машинаси (БМП), 1 та зирҳли транспортёр (БТР), 1 та жанговар зирҳли машина, 5 та артиллерия тизими, 2 та пилотсиз учар қурилма.
Россия томонининг баёнотлари
Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя ҳамкасбларининг эътиборини Украина қуролли кучлари оғир техникаларни турар жой ҳудудларида жойлаштириши ва тинч аҳолидан тирик қалқон сифатида фойдаланилаётганига қаратди.
«Бу халқаро гуманитар ҳуқуққа зид. Бизда ушбу принциплар Украина армияси ва ҳарбийлаштирилган гуруҳлар томонидан мунтазам бузилмоқда, деб ҳисоблашга барча асослар бор. Кўплаб гувоҳлар Украина армияси фуқаровий шахслардан гаров, тирик қалқон сифатида фойдаланилаётганини айтишмоқда», — деган Небензя.
2022 йилнинг биринчи чорагида Россияни қарийб 4 млн киши тарк этган. Бу ФСБ томонидан эълон қилинган статистикада маълум қилинган. Хусусан, Россияликларнинг 56475 нафари Ўзбекистонга чиқиб кетишган. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ўсиш қарийб 4 баробар.
Россия Мудофаа вазирлигининг махсус вакили Игор Конашенковнинг тунги брифингида эълон қилинган маълумотлар (эслатиб ўтамиз, уруш даврида эълон қилинган маълумотларни мустақил манбалар орқали текширишнинг имкони йўқ):
- Россия ҲККнинг юқори аниқликдаги ракеталари билан ҳаводан туриб ўқ-дори омбори, шунингдек жонли кучлар ва ҳарбий техниканинг 31 та нуқтасига зарба берилган.
- Россия ҲККнинг тезкор-тактик ва армия авиацияси кун давомида Украинанинг 27 та ҳарбий объектларига зарба берган. 7 та рота таянч пунктлари, 3 та ўқ-дори омбори, 16 та жонли кучлар ва ҳарбий техника нуқталари ўққа тутилган. Шахсий таркибнинг 310 нафарга яқин аскарлари, 27 та ҳарбий техника, «Оса-АКМ» ЗРК йўқ қилинган.
- Ракета қўшинлари ва артиллерия томонидан 22 та бошқарув пункти, 207 таянч пунктлари, учта ўқ-дори омборига зарба берилган.
- Ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари билан Су-27 самолёти ва 7 та пилотсиз учар қурилмалар уриб туширилган.
- Махсус ҳарбий операция бошидан буён: 152 та самолёт, 112 та вертолёт, 749 та пилотсиз учар қурилма, 291 та зенит ракета комплекслари, 2846 та танк ва бошқа зирҳли жанговар машиналар, 331 та бирваракайига ўт очиш реактив тизимлари, 1345 та дала артиллерияси қуроллари ва миномётлар, шунингдек, 2698 та ҳарбий автомобил техникаси йўқ қилинган.
Украинага кўмак
АҚШнинг Украинага янги ҳарбий кўмаги 150 млн доллардан иборат бўлади. Унга 155 мм.лик 25 мингта снаряд, учта контрбатарея радарлари, радиоэлектрон блокировка воситалари, дала ускуналари ва эҳтиёт қисмлари киради. Бу 2021 йилнинг августидан буён Украинага етказилаётган АҚШ қурол-яроғларининг 9-партияси. Байден президент бўлгандан буён бу мақсадларга 4,5 млрд доллар сарфланган, жумладан, 24 февралдан буён 3,8 млрд доллар.
Сўнгги 10 ҳафта ичида Европа Иттифоқи Украинани қўллаб-қувватлаш учун 4 млрд евро маблағ ажратган, деган Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен.
АҚШ президенти Украина учун ленд-лиз тўғрисидаги қонунга 9 май куни имзо қўяди, деган Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки.
Словакия Украинага Т-72 танклари ва зирҳли транспортёрларни етказиш имкониятини кўриб чиқмоқда, деган мамлакат мудофаа вазири Ярослав Надь.
Украина 11 млрд доллар халқаро ёрдам олиш учун музокаралар олиб бормоқда. Украина молия вазири Сергей Марченконинг сўзларига кўра, бюджетнинг даромадлари айни пайтда харажатларнинг 54 фоизинигина қопламоқда. Бу ҳали ҳарбий эҳтиёжларга харажатлар ҳисобга олинмаганда.
Германия Украинага 7 та Panzerhaubitzen 2000 ўзиюрар артиллерия қурилмаларини беради. Бу ҳақда келишувга эришилгани ҳақида Германия мудофаа вазири Критине Ламбрехт маълум қилган, деб ёзади Bild.
Санкциялар ва Россиянинг қарши чоралари
Италия ҳукумати РФ президенти Владимир Путинга тегишлилиги гумон қилинадиган «Шаҳризода» («Scheherazade») яхтасини ҳибсга олган.
Фижи ҳукумати АҚШ сўровига биноан Россия Федерация Кенгашининг доғистонлик аъзоси Сулаймон Каримовнинг 300 млн долларлик Amadea яхтасини ҳибсга олган, дейилади АҚШ адлия вазирлиги расмий сайтида.
G7 давлатлари етакчилари 8 май куни Россияга қарши янги санкцияларни муҳокама қилишади, деб хабар бермоқда Bloomberg.
Хитойнинг компаниялари, жумладан Lenovo компютер ишлаб чиқарувчиси ва Xiaomi смартфонлар яратувчиси ғарб санкциялари остига тушиб қолишдан ҳайиқиб, шунингдек, ичида ғарб давлатлари бўлган етказиб берувчиларнинг босими остида Россияга маҳсулот жўнатишни қисқартирган, деб ёзади The Wall Street Journal.
АҚШдан Россияга товарлар экспорти 5 мартага қисқарган ва 2002 йилдан буён энг минимум даражага тушган.
Британия ва Нидерландиянинг Shell нефт ва газ компанияси Россиядаги автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари тармоғини сотишга қарор қилди.
Евроиттифоқ Россиядан Венгрия, Словакия ва Чехияга нефт етказиб беришга эмбарго жорий қилишни 2024 йилгача кечиришни таклиф қилди, деб хабар бермоқда Bloomberg агентлиги.
Россия нефтига тўлиқ эмбарго Европа Иттифоқи томонидан 9 ойдан сўнг жорий этилади, деган иқтисодиёт масалалари бўйича еврокомиссар Паоло Жентилони Il Messaggero нашрига берган интервюсида.
Финландия Россия нефти импортини 70 фоизга қисқартирган ва унинг ўрнини тўлдириш учун Норвегиядан импортни йўлга қўйган.
Google Play 5 майдан эътиборан ишлаб чиқувчиларга янги пулли иловаларни Россия учун юклашни ҳамда борларини янгилашни тақиқлаб қўйди.
Европа банклари Украинадаги жанговар ҳаракатлар натижасида 7 млрд доллар йўқотган. Йўқотишлар сони янада ошиши мумкин, Европанинг айрим банклари эса дефолтга тайёрланмоқда.
Халқаро ҳамжамиятнинг муносабати
Германия канцлери Олаф Шолц очиқ тадбирда РФ президенти Владимир Путин Украинага қарши урушда ғалаба қозонмаслиги кераклигини, чунки бу халқаро зўравонликка йўл очиши мумкинлигини айтган. Бу ҳақда Bild нашри хабар беради.
Шолц Россиянинг Украинага нисбатан тажовузкорона урушини алоҳида аҳамиятга молик воқеа, деб атаган.
«Россиянинг Украинага тажовузи — давримизнинг энг улкан фалокати. Дунё бу тажовузкор ва қирувчи урушдан сўнг аввалгидек бўлмайди. Аввалги ҳаёт йўқ», — деган у.
Шолцнинг қайд этишича, «кўплаб ақлли бошлар» 1989 йилдан сўнг жаҳон давлатлари ўртасида жуда яқин халқаро алоқалар ўрнатила бошлангач бундай жанжалларни амалда бўлиши мумкин эмас, деб ҳисоблаб келган.
Бироқ, «мафкуравий сўқирлик туфайли иррационал масъул шахслар ҳамкорлик ғоясини шамолга учирар» экан, ҳар қандай «харажатлар ва манфаатларга доир рационал мантиқ» бузилади, — дея қўшимча қилган Шолц.
Немислар етакчиси Путин режимининг «империалистик ва реваншистик мафкураси»ни ҳам танқид остига олди.
2022 йилнинг 24 февралидан 5 майига қадар БМТ Украинадаги тинч аҳоли вакиллари орасида 6802 нафар қурбонларни рўйхатга олган: асосан авиазарбалар ва ўт очишлар натижасида 3309 киши ўлдирилган (234 нафари болалар), 3493 киши яраланган (330 нафари болалар). Реал йўқотишлар каррасига кўпроқ.
Мавзуга оид
13:11 / 28.05.2025
NYT: Россия Запорижжя АЭСни ўз энерготизимига улашни режалаштирмоқда
11:58 / 28.05.2025
Евроиттифоқ 150 млрд евролик SAFE мудофаа фондини тузди
20:37 / 27.05.2025
Келлог: Россия ва Украинанинг урушдаги йўқотишлари 1 миллион кишидан ошди
20:17 / 27.05.2025