Жамият | 16:49 / 10.05.2022
13288
3 дақиқада ўқилади

Самарқандда сел Жигули машинасини оқизиб кетди

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, 2022 йил 9-10 май кунлари Самарқанд вилоятининг бир қатор туманларида ёмғир ёғиб, кучли селлар келган.

Фото: Видеодан кадр

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилоятининг айрим туманларида кучли сел келгани ҳақида хабарлар тарқалди. Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳолат юзасидан маълумот берди.

Унда айтилишича, 2022 йил 9 май куни тунда Самарқанд тумани “Юқори Оҳалик” МФЙда кўп миқдорда ёмғир ёғиши натижасида ушбу ҳудуддан оқиб ўтувчи сойга ёмғир сувлари сиғмай, тошиб чиқиши ҳолати юзага келган.

Ҳодиса оқибатида тахминан соат 23:30 ларда ушбу маҳаллада яшовчи фуқаро М.А.га тегишли бўлган “Жигули ВАЗ-21011” машинаси яшаш уйи яқинидаги сой сув йўлида қолганлиги сабабли сел уни тахминан 40-50 метр масофага суриб борган. Оқибатда машинага қисман зарар етган.

Қайд этилишича, ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ. Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд туман ФВБга фуқаролар томонидан мурожаатлар келиб тушмаган.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, бугун, 2022 йил 10 май куни ҳам Самарқанд вилоятининг бир қатор туманларида ёмғир ёғиб кучли селлар келган. Жумладан, Ургут, Нуробод, Самарқанд туманларида сойлар ва айрим кўчалар тўлиб сув оққан.

Аввалроқ Сурхондарё вилояти Узун туманидаги қишлоқлардан бирида 40 дан ортиқ хонадонни сув босган ва 230 нафардан ортиқ фуқаро хавфсиз жойга кўчирилганди.

Шунингдек, 2022 йил 3 май куни ёғиб ўтган ёмғирлар Сурхондарё вилоятининг бир қатор ҳудудларида кучли селларни келтириб чиқарди. Сел енгил машина ва чорва молларини оқизган. Бундан ташқари, юқори кучланишли электр линияси темир устунини йиқитганди.

Бундан ташқари, Сурхондарё ва Жиззах вилоятларида енгил машиналарни сел оқизиб кетганди.

“Ўзгидромет” 9-13 май кунлари ёғингарчилик оқибатида Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Жиззах, Навоий, Тошкент, Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятларида сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирганди.

Аввалроқ, 2022 йил 20 апрел куни ёғган ёмғирлар Жиззах вилоятининг Бахмал, Фориш, Ғаллаорол ва Ш.Рашидов туманларида кучли селлар келишига сабаб бўлган. Оқибатда, айрим аҳоли яшаш жойлари, ижтимоий соҳа объектлари, экин майдонлари сел оқимларидан зарарланганди.

Фориш туманида 4 нафар фуқаро (1 нафар эркак, 3 нафар аёл) сел оқизиб кетиши натижасида ҳалок бўлган. Ушбу туманда бир нечта қишлоқни сел босган, хонадонлар сув остида қолган, машиналарни сув оқизганди.

Мавзуга оид