Иқтисодиёт | 16:48 / 11.05.2022
28028
5 дақиқада ўқилади

Ғаллани давлат томонидан сотиб олиш ва сотишда бозор нархларига ўтилмоқда

Шавкат Мирзиёев фермерлар анчадан буён кутаётган ислоҳотнинг янги босқичини эълон қилди. “Қанчалик қийин бўлмасин, 1 июндан бошлаб ғаллани давлат томонидан сотиб олиш ва сотишда бозор нархларига ўтамиз”, деди президент бугунги йиғилишда. Давлат ресурслари учун сотиб олинадиган 1 тонна буғдой нархи ўтган йилги 1,5 млн сўмдан бу йил 3 млн сўмга оширилади.

Фото: Kun.uz

Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида ғаллачиликдаги ислоҳотларнинг энг муҳим босқичига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар бермоқда.

“Кўриб турибсизлар, жаҳон бозорларида озиқ-овқат нархлари кун сайин юқори суръатлар билан ўсмоқда.

Бугунги кунда халқаро биржаларда 1 тонна буғдой 400 доллардан сотилмоқда ва йил бошига нисбатан 30 фоизга ошди.

Бундай вазиятда нарх-наво барқарорлигини таъминлашнинг ягона тўғри йўли бу – фермерлар манфаатдорлигини таъминлаш, ҳосилдорликни ошириш орқали бозорда таклифни кўпайтириш ҳисобланади.

Бунинг учун ғаллачиликда бозор механизмларини тўлиқ жорий этиш зарур.

Биз бу ислоҳотларга узоқ тайёргарлик кўрдик. Барча масалаларни пухта ҳисоб-китоб қилиб, бу ишларни босқичма-босқич амалга ошириб келаяпмиз”, деди президент йиғилиш аввалида.

Ютуқлар ва камчиликлар

Соҳада хусусий секторга кенг йўл очилгани туфайли унинг улуши тобора ортиб бораётгани таъкидланди. Хусусан, сўнгги уч йилда ҳудудларда қуввати қарийб 3 миллион тонна бўлган 160 дан ортиқ йирик хусусий дон корхоналари иш бошлади.

Йиғилишда ўтган йилда республика бўйича қарийб 3,5 миллион тонна ун ишлаб чиқарилгани, шундан 54 фоизи хусусий дон корхоналари ҳиссасига тўғри келгани кўрсатиб ўтилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

“Лекин, бугунги кунда “Ўздонмаҳсулот” компанияси таркибидаги 43 та дон корхоналари янги бозор шароитларида самарали ишлашга тайёрми? Афсуски, бу саволга жавоб ижобий эмас.

Шу пайтгача компания таркибидаги дон корхоналари фермерлардан тайёр буғдойни қабул қилиб, уни қайта ишлаш билан шуғулланиб келган.

Оқибатда, уларнинг ун ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражаси ўртача 60 фоиздан ошмайди”, дея танқид қилди Шавкат Мирзиёев.

Қайд этилишича, давлат дон корхоналарининг тегирмон харажатлари хусусий секторга нисбатан 20-25 фоизга юқори, рентабеллик эса 2 баравар кам.

Ишлар самарасиз йўлга қўйилгани оқибатида “Ўздонмаҳсулот” корхоналарининг Қишлоқ хўжалиги жамғармаси олдидаги қарзи 1,8 трлн сўмни ташкил этиб, шундан 1,1 трлн сўми умидсиз қарз ҳисобланади.

Энг ачинарлиси, давлат дон корхоналарида талон-торож қилиш ҳолатларига ҳалигача барҳам берилмаган.

Фермерлар узоқ кутган янгилик

“Бир сўз билан айтганда, давлат дон корхоналаридаги айни пайтдаги эскича тизим дон етиштирувчига ҳам, қайта ишловчи корхоналарга ҳам манфаат бермаяпти.

Шу боис, қишлоқ хўжалиги ислоҳотларини бошлаган давримизда дон етиштиришда давлат буюртмасини босқичма-босқич бекор қилиш ва ҳақиқий ғалла бозорини яратишни бундан уч йил олдин эълон қилган эдик.

Бугун халқимиз, фермер-деҳқонларимиз анчадан буён кутган ушбу ислоҳотларимизнинг янги босқичини бошлаймиз. Қанчалик қийин бўлмасин, 1 июндан бошлаб ғаллани давлат томонидан сотиб олиш ва сотишда бозор нархларига ўтамиз.

Шунингдек, фермер ва кластерлар ўзлари етиштирган ғалласини биржа савдоларига олиб чиқишлари учун ҳам барча имкониятлар яратилади”, деди президент.

Бунда, энг аввало, давлат ресурслари учун сотиб олинадиган 1 тонна буғдой нархи ўтган йилдаги 1 миллион 550 минг сўмдан жорий йил ҳосили учун 3 миллион сўмга, яъни 2 бараварга оширилиши маълум қилинди.

Янги механизм қандай ишлайди?

Қишлоқ хўжалиги жамғармаси харид қилган 1 миллион 783 минг тонна буғдой эҳтиёжга қараб ойма-ой биржага чиқарилади.

Бунда июль-август ойларида биржада шаклланган ўртача нархлардан келиб чиқиб, фермерларга ўртадаги ижобий фарқ ҳам тўлаб берилади.

Мисол учун, август ойида 1 тонна ғалланинг биржа нархи 3,5 миллион сўм бўлса, фермерга яна 500 минг сўм тўлаб берилади. Бу мақсадларга жорий йилда давлатдан 6 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратилади.

Бундан ташқари:

  • фермерлар ихтиёрида қоладиган буғдойдан 500 минг тоннаси дон корхоналарида вақтинча сақлаш учун қабул қилинади ва 1 июлдан бошлаб илк бора фермер ва кластерларнинг ўзлари биржа савдоларига бозор нархида чиқаради;
  • 500 минг тонна буғдойнинг дон корхоналарида вақтинча сақлаш харажатларини давлат ўз зиммасига олади ва бунга 100 миллиард сўм ажратилади.

Агар фермер ва кластерлар томонидан етиштирган ортиқча ғалласини сотиш истаги бўлса, давлат ва хусусий дон корхоналарига шартнома асосида келишилган нархларда сотади.

Мазкур йиғилишнинг давомидан тафсилотлар:

Мавзуга оид