Жаҳон | 22:17 / 11.05.2022
15108
4 дақиқада ўқилади

Шанҳайдаги коронавирус: қатъий локдаун, дезинфекция, шифохонага эса фақат ҳокимият рухсати билан 

Илгари қатъий чекловлар киритилмаган айрим районлар аҳолиси турар жой мажмуалари атрофида баланд тўсиқлар пайдо бўлгани ҳақида хабар бермоқда. 

Фото: AP Photo/Mark Schiefelbein

Шанҳайнинг миллионлаб аҳолиси ҳокимиятнинг коронавирусни буткул йўқ қилиш учун уриниши давом этаётгани сабабли қарийб икки ойдан буён локдаунда ўтирибди. Яқин бир неча кун ичида карантин қоидалари янада кучайтирилади. Маҳаллий аҳолига уйларини тарк этиш тақиқланади ва таом етказиб бериш хизматидан фойдаланиш тавсия қилинади, шифохонага эса компартия маҳаллий органи розилиги билангина бориш мумкин бўлади. 

Бир кишида Covid-19 аниқланса, унинг қўшнилари ҳаттоки коронавирусга топширган тести манфий чиққан тақдирда ҳам махсус муассасаларда иҳоталанишга мажбур бўлади. Бундай марказларда бўлганлар антисанитария, чўмилиш хоналарининг йўқлиги ва тирбандликдан шикоят қилмоқда. 

Чоршанба куни Шанҳай ҳокимияти шаҳардаги районларнинг камида ярмида Covid-19 ҳолатларини нолга туширишга эришилганини маълум қилди, аммо чекловларни бекор қилиш тўғрисида ҳозирча ҳеч қандай гап йўқ. 

"Ҳозирги вазият беқарорлигини, Covid-19 қайтиши эҳтимоли ҳали ҳам мавжудлигини ҳисобга олишимиз керак", - деди Шанҳай соғлиқни сақлаш комиссияси директори ўринбосари Чжао Дандан. 

Компартия маҳаллий қўмиталарининг билдиришича, келаси уч кун давомида озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш фақат давлат курьерлари томонидан амалга оширилади. Аввалроқ маҳаллий аҳоли таом буюртма қилиш имкони йўқлиги ва буюртмани узоқ кутиш кераклигидан шикоят қилганди. 

Бундан ташқари, эндиликда шифохонага фақат компартия маҳаллий қўмитаси розилиги билан бориш мумкин (фавқулодда ҳолатлардан ташқари). 

BBC одамлар тез ёрдам машинасини узоқ кутишларига тўғри келган вазиятлардан хабардор – айримлар шифохонага етиб бориш учун хусусий автотранспортдан фойдаланишга мажбур бўлган. 

Фото: ZHOU JIAJIA/VCG

Охирги вақтда Хитой ижтимоий тармоқларида оқ комбинезон кийган соғлиқни сақлаш ходимлари хонадонларни дезинфекция қилаётгани тасвирланган видеолавҳалар тез-тез пайдо бўлмоқда. 

Shanghai Daily нашрининг ёзишича, одатда бу эгасида коронавирус аниқланган хонадонларга тааллуқли. Бироқ ошхона ва ҳожатхона умумий бўлган эски даҳаларда бинолар тўлиқ дезинфекция қилинади. 

Охирги кунларда илгари қатъий чекловлар киритилмаган айрим районлар аҳолиси тураржой мажмуалари атрофида баланд тўсиқлар пайдо бўлгани ҳақида хабар бермоқда. 

Қатъий чекловларга қарамасдан, Шанҳай ҳокимияти шаҳарнинг тенг ярим районларида яшовчилар уйларидан эркин чиқишлари мумкинлигини таъкидламоқда. 

Фото: CFOTO/FUTURE PUBLISHING

ХХР раиси Си Цзинпин коронавирус билан касалланишни нолга тушириш стратегияси тарафдори эканини айтганидан бир неча кун ўтгач Шанҳайда қатъий чоралар жорий этилди. 

ЖССТ раҳбари Тедрос Гебрейсус бу сиёсатнинг самарали эканлигига шубҳа билдирди. 

"Вирус тарқалиш динамикасини ҳисобга оладиган бўлсак, бу ўзини оқлайди деб ўйламаймиз", - деди Тедрос.

Кейинроқ Хитой ҳукумати Weibo ижтимоий тармоғида ЖССТ раҳбарининг бу баёноти акс этган видеолавҳани кўриш имкониятини чеклади.

Расмий маълумотларга кўра, Хитой аҳолисининг 90 фоизга яқини коронавирусга қарши тўлиқ эмланган. Бироқ вакцинанинг учта дозасини ёши 60дан ошган аҳолининг фақат 38 фоизи олган.

Мавзуга оид