Андижонда аппендицитга гумонланиб операция қилинган аёл вафот этди
Аппендицит – енгил операция, ундан беморлар вафоти камдан кам кузатилади. Бироқ Қўрғонтепа туманида шу касалликка гумонланиб жарроҳлик столига ётқизилган аёл номаълум сабабга кўра операциядан тирик чиқмади.
Қўрғонтепа тумани шошилинч ёрдам бўлимига иситма ва оғриқ билан олиб келинган, 1987 йилда туғилган Ойсирға Давлатова ўткир аппендицит касаллиги билан операция столига ётқизилган. Бироқ операциядан сўнг бемор вафот этган. Яқинларининг айтишича, бунга шифокорларнинг ўз ишига совуққонлик билан қарагани сабаб бўлган.
Шифохонага кучли оғриқ билан келган бемор кўрикдан ўтказилади ва аппендицит ташхиси билан операция столига ётқизилади. Шифокорлар беморнинг яқинларига аппендицити йиринглаб кетган, шу сабабли тананинг бошқа жойларига ҳам оғриқ бўлаётганини таъкидлашган. Бироқ кўричакнинг олиб ташланган қисмида йиринг кузатилмаган.
Операциядан сўнг бемор бироз вақт ўзига келмайди ва бирданига кома ҳолатига тушиб қолади. Бироз муддат ўтгач эса вафот этади.
Яқинларининг билдиришича, беморда бошқа сурункали касалликка чалиниш ҳолати кузатилмаган. Марҳум соғлом бўлиб, мактабда жисмоний тарбиядан дарс берган.
“Йўлда аппендицити ёрилиб кетмасин деб Андижон шаҳарга олиб бормадик. Қўрғонтепанинг ўзида операция қилишга розилик бердик. Тезда тугаши керак бўлган операция узоқ чўзилиб кетди.
Айтишларича, аппендицит ўнг тарафда бўлади дейишади. Лекин аёлимнинг киндикка яқин жойдан кесилган. Ўсимтасини олиб чиқишганда йиринг ҳам йўқ эди. Докторлар эса йиринглаб кетган дейишганди”, – дейди марҳуманинг турмуш ўртоғи.
Туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчи Аброр Зуҳриддинов ҳам аппендицит енгил операция экани, бундан беморлар вафоти жуда кам кузатилишини билдирди.
“Касал нимадан ўлганини биз ўзимиз ҳам билмадик. Биздаги докторларнинг тахминига кўра, иккиламчи касалликдан вафот этган. Марҳуманинг ранги сарғайиб кетган эди. Аввал “судурги” бериб, кейин комага тушган. Аппендицит бўлган-бўлмаганини аниқлаш учун олинган ўсимтани ҳам экспертизага бердик”, – дейди Аброр Зухриддинов.
Ҳозирда ҳолат юзасидан суд тиббий экспертизаси тайинланган. Kun.uz воқеалар ривожини кузатиб боради.
Эслатиб ўтамиз, 12 апрел куни Андижон вилояти Булоқбоши туманидаги туғуруқ бўлимига олиб келинган ҳомиладор аёлнинг фарзанди туғуруқ вақтида вафот этган эди. Ҳолат юзасидан туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи ўринбосари ва туғруқ комплекси мудири лавозимидан бўшатилиб, уч нафар тиббий ходимга интизомий жазо қўлланилган эди.
Абдували Қурбонов, Kun.uz мухбири.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Азизбек Исмоилов.
Мавзуга оид
17:40 / 12.11.2024
Андижонда туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи ва кадрлар бўлими бошлиғи ушланди
10:00 / 09.10.2024
Хавфли операция: Юз кўчириб ўтказиш нима учун оммалашмаган?
13:14 / 18.09.2024
Туркияда сиам эгизаклари 14 соатлик операцияда муваффақиятли ажратиб олинди
20:50 / 11.06.2024