Жаҳон | 13:14 / 18.09.2024
11817
3 дақиқада ўқилади

Туркияда сиам эгизаклари 14 соатлик операцияда муваффақиятли ажратиб олинди

Амалиётга етакчилик қилган британиялик жарроҳлар операцияга тайёргарлик давомида илк бор 3D замонавий технологияларидан фойдаланди.

Фото: AP

Танасининг бош қисми қўшилиб кетган покистонлик бир яшар эгизаклар Минал ва Мирха Британиянинг етакчи жарроҳи томонидан ўтказилган 14 соатлик мураккаб операция натижасида муваффақиятли ажратиб олинди.

Грейт Ормонд-стрит касалхонаси профессори Нур ул-Овасе Жилани Туркияда қизчалар устида мураккаб жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун илк бор аралаш реаллик деб аталадиган 3D замонавий технологиялардан фойдаланди.

Иккала бемор ҳозирда шифохонада даволанмоқда, кейинги ойда улар Покистондаги уйига қайтади. Чақалоқлар тўлиқ соғайиб, нормал ҳаёт кечириши кутилмоқда.

Анқара шаҳридаги Билкент шифохонасида 19 июлда ўтказилган жарроҳлик амалиётида маҳаллий шифокорлар ҳам қатнашди. Ушбу амалиёт икки босқичли жарроҳликни талаб этиб, уч ойда якунланди. Сўнгги жарроҳлик босқичи 14 соат давом этди.

Покистонлик қизларни краниопаг-эгизаклар деб аташади, чунки уларнинг бошлари қўшилиб кетган. Улардаги ҳаёт учун муҳим бўлган қон томирлари ва мия тўқималари умумий эди, шу сабабли уларни ажратиш учун ўта мураккаб жарроҳлик амалиёти талаб этилди.

Аралаш реаллик (АР) технологияси 3D тасвирларни физик дунё билан бирлаштиради ва мураккаб операциялар пайтида аниқликни ошириш учун қўлланади. У жарроҳга беморни яхшироқ кўришга ёрдам беради, бунда рақамли маълумотлар, масалан 3D сканерлар реалликка қўшиб кўрсатилади.

Операциядан аввал эгизакларнинг 3D модели яратилган. Бундан мақсад Анқарадаги шифокорларга операция хонасида кутилаётган вазиятни тасаввур қилишга кўмаклашиш, Британия жамоасига эса операцияга тайёргарлик кўриш ва уни машқ қилиш имконини яратиш эди.

Профессор Жилани ушбу технология ёрдамида кўплаб одатий операциялар анча хавфсиз ва самаралироқ ўтказилаётганини таъкидлади.

“Бу қизчаларга ва уларнинг оилаларига мустақил яшаш, болаликдан тўлиқ баҳраманд бўлиш имкониятини тақдим этиш — алоҳида шараф”, дея таъкидлади у.

Жилани илгари ҳам Сиам эгизаклари билан бир нечта операцияларни амалга оширган, жумладан 2022 йилда Бразилияда уч ёшли ўғил болалар, 2021 йилда Исроилда бир ёшли қизлар, 2019 йилда Покистонлик икки ёшли қизлар устида жарроҳлик амалиётини ўтказган.

Иш Gemini Untwined хайрия ташкилоти томонидан қўллаб-қувватланди. Бу ташкилотни Жиланининг ўзи боши бирикиб туғилган ака-ука ва опа-сингиллар учун маблағ тўплаш мақсадида ташкил этган.

Gemini маълумотларига кўра, ҳар 60 000 туғруқдан бирида сиам эгизаклари дунёга келади ва уларнинг атиги 5 фоизигина краниопаг болалар ҳисобланади.

Ажралмайдиган эгизакларнинг умр кўриш давомийлиги жуда қисқа. Боши қўшилиб кетган эгизакларнинг тахминан 40 фоизи ўлик туғилади ёки туғилиш жараёнида нобуд бўлади.

Мавзуга оид