Ўзбекистон | 17:55 / 12.05.2022
16688
8 дақиқада ўқилади

Таъсисчиси Кипрда рўйхатдан ўтган “Air Marakanda”га янги имтиёз ва ҳуқуқлар берилди

80 млн долларга қайта қурилган Самарқанд халқаро аэропортининг бошқарув ҳуқуқини тўғридан тўғри қўлга киритган, шунингдек, кўплаб солиқ имтиёзларига эга “Air Marakanda” МЧЖни давлат томонидан янада қўллаб-қувватлаш бўйича битим тасдиқланди. Хорижий компаниянинг таъсисчиси офшор ҳудуд – Кипрда рўйхатдан ўтган.

Фото: Kun.uz

7 май куни имзоланган қарор билан, Молия вазирлиги ва “Air Marakanda” МЧЖ (хусусий шерик) ўртасида 2022 йил 11 апрелда имзоланган Давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги битим тасдиқланди.

Қарор билан Самарқанд халқаро аэропортининг бошқарув ҳуқуқини давлат-хусусий шерикчилик (ДХШ) шартлари асосида қўлга киритган “Air Marakanda” МЧЖга яна бир қатор ҳуқуқ ва имтиёзлар берилди.

Жумладан, эндиликда ДХШ битимининг амал қилиши давомида “Air Marakanda” МЧЖга Ўзбекистон ҳудудида реализация қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) нархларини чет эл валюталарига боғлашга рухсат берилмоқда.

Маълумот учун, “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги қонуннинг 9-моддасига кўра, мамлакат ҳудудида товарлар учун барча ҳисоб-китоблар ва тўловлар Ўзбекистон валютасида амалга оширилади ҳамда реализация қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) нархларининг чет эл валюталарига ва шартли бирликларга боғланишига йўл қўйилмайди.

Шунингдек, қонунда алоҳида ҳолларда ДХШ тўғрисидаги битимлар бўйича реализация қилинадиган товарлар нархларининг чет эл валюталарига ва шартли бирликларга боғланишига президент қарорлари асосида йўл қўйилиши белгиланган.

Лойиҳани амалга ошириш доирасида хусусий шерикка барча солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланган ҳолда истисно тариқасида:

  • кредит олиш ва ундан фойдаланиш учун хусусий шерикнинг хорижий кредитор банкларида банк ҳисобварақлари очишга;
  • кредит хорижий банк томонидан ажратилган тақдирда, хорижий пудратчилар ва етказиб берувчиларга ушбу кредит маблағлари ҳисобидан тўловларни Ўзбекистон Республикасидаги банк ҳисобварақлари орқали ўтказмасдан, тўғридан тўғри амалга оширишга рухсат этилди.

Шунингдек, давлат шериги – “Uzbekistan Airports” АЖнинг Самарқанд халқаро аэропортини модернизация қилиш мақсадида Япония халқаро ҳамкорлик банкидан жалб қилинган кредитни қайтариш учун тўланадиган тўловлар солиқлардан озод қилинмоқда.

Қарорда, “Uzbekistan Airports” АЖ давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун зарур бўлган Самарқанд халқаро аэропортига тегишли бўлган ер участкаларини ўн кун муддатда “Air Marakanda” МЧЖга ижарага берилишини таъминлаши кўрсатилган.

Самарқанд халқаро аэропорти / Фото: Президент матбуот хизмати

Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳам лойиҳа доирасида қўшимча ер участкаларини “Air Marakanda” МЧЖга ижарага бериш шарти билан Давлат активларини бошқариш агентлигига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратади.

Шунингдек, Молия вазирлигига ҳукумат ва “Air Marakanda” МЧЖ билан келишган ҳолда хусусий шерик билан тузилган иккита битимга (Давлат-хусусий шериклик ва Давлат томонидан қўллашга доир) ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқи берилди.

Қарорда ёзилишича, “Uzbekistan Airports” АЖ ва унинг хусусий шериги “Air Marakanda” МЧЖ ХК ўртасида 2021 йил 22 сентябрда имзоланган ДХШ тўғрисидаги битимга жорий йил 7 февраль куни қўшимча келишув битими тузилган. Қўшимча келишувда нималар назарда тутилгани очиқланмаган.

Бошқа солиқ имтиёзлари

2021 йил март ойида қабул қилинган “Республика аэропортларини бошқариш соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори билан, “Air Marakanda” МЧЖ тоифасидаги компанияларга катта солиқ имтиёзи ҳам берилган.

Самарқанд халқаро аэропорти / Фото: Kun.uz

Яъни республика аэропортларини ДХШ асосида реконструкция, модернизация, эксплуатация қилиш ва бошқариш лойиҳаларини амалга оширишда битим имзоланган кундан бошлаб уч йил муддатга хусусий шериклар, улар томонидан жалб қилинадиган лойиҳа ташкилотлари, операторлар, маслаҳатчилар, пудратчилар ва субпудратчилар:

  • олиб кириладиган махсус транспорт воситалари, йўл-қурилиш техникаси, машиналар, механизмлар, ускуналар, хомашё материаллар, эҳтиёт қисмлар, бутловчи буюмлар, узеллар, технологик ва лойиҳа ҳужжатлари, дастурий таъминот, жиҳозлар, шу жумладан, лойиҳани амалга оширишда иштирок этаётган пудрат қурилиш ташкилотларини жиҳозлашга мўлжалланган махсус йўл-қурилиш техникаси ва ускуналари учун божхона божидан;
  • олиб кириладиган транспорт воситалари (енгил автомобиллардан ташқари) ва махсус техника учун утилизация йиғимидан озод қилинади.

Шунингдек, хусусий шериклар ва аэропортлар фойда солиғини, шу жумладан дивиденд тўлашда ушлаб қолинадиган фойда солиғини белгиланган ставканинг 50 фоизи миқдорида тўлайди ҳамда аэропортлар учун мол-мулк солиғининг белгиланган ставкаси 50 фоизга камайтирилади.

“Uzbekistan Airports” АЖ бошқаруви раиси Раъно Жўраева Самарқанд халқаро аэропортининг очилиш маросимида. 2022 йил, 18 март / Фото: Kun.uz

2022 йил 18 март куни “Uzbekistan Airports” АЖ бошқаруви раиси Раъно Жўраева Самарқанд халқаро аэропорти – хусусий компания томонидан бошқариладиган Ўзбекистондаги ягона аэропорт эканини айтган эди. Бундан келиб чиқадики, президентнинг мазкур қарорида кўрсатилган имтиёзлардан “Air Marakanda” МЧЖ бемалол фойдалана олади.

Самарқанд халқаро аэропорти ва “Air Marakanda”

2022 йил 18 март куни бўлиб ўтган аэропортнинг очилиш маросимида Раъно Жўраева 2019 йилда “Uzbekistan Airports” АЖ томонидан қурилиш ишлари бошланганини, кейинроқ, аэропортни ривожлантириш учун инвестор топилганини маълум қилган.

2021 йил 15 апрель куни Самарқанд халқаро аэропортининг реконструкция жараёнлари президент Шавкат Мирзиёевга тақдимот қилинган вақтда “очиқ осмон” режимида ишлайдиган аэропорт 1000 кишини иш билан таъминлаши айтилган эди.

Самарқанд халқаро аэропорти лойиҳаси президент Шавкат Мирзиёевга тақдимот қилинмоқда. 2021 йил, 15 апрел / Фото: Президент матбуот хизмати

Шунингдек, тақдимотда реконструкция ишлари 238 миллиард сўмга баҳоланган бўлса, бошқа бир ҳужжат – “Ўзбекистон Республикасининг 2021-2023 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори иловасида Самарқанд халқаро аэропорти реконструкцияси учун давлат бюджетидан 62 миллион доллар (тақрибан 690 миллиард сўм) сарфланиши кўрсатилган.

2022 йил 10 феврал куни президент Шавкат Мирзиёев Самарқандга ташрифи давомида Самарқанд халқаро аэропорти қарийб 83 миллион долларлик лойиҳа эвазига янгитдан қурилаётгани маълум қилинган.

Шавкат Мирзиёев Самарқанд халқаро аэропорти қурилишини кўздан кечирмоқда. 2022 йил, 10 феврал / Фото: Президент матбуот хизмати

Реконструкциядан сўнг, бюджет ҳисобига бунёд этилган Самарқанд халқаро аэропорти ва аэродром комплекси модернизацияси ҳамда бошқаруви ҳуқуқи тўғридан тўғри “Air Marakanda” МЧЖга ДХШ шартлари асосида топширилиши маълум қилинган.

Очиқ маълумотларга кўра, “Air Marakanda” МЧЖ аэропорт реконструкцияси бошлангач, орадан деярли бир йил ўтиб – 2020 йил 9 апрелда ташкил қилинган.

Ҳаво транспорти соҳасидаги хизматларни кўрсатишга ихтисослашган компаниянинг таъсисчиси эса офшор ҳудуд дея эътироф этиладиган Кипрда рўйхатдан ўтган.

Кипрдаги таъсисчи “Drupola Holding Limited” компанияси ҳам унчалик узоқ тарихга ва бой тажрибага эга эмас – у 2011 йил 31 январда ташкил қилинган. “Drupola Holding Limited” рўйхатдан ўтган офшор манзилда самарқандлик тадбиркор Бахтиёр Фозиловнинг “Ferkensco” компанияси ҳам рўйхатдан ўтган.

ERIELL Group ва Enter Engineering компанияларининг бошқарув раиси Бахтиёр Фозилов 2020 йил май ойида bne IntelliNews нашрига берган интервьюсида Ferkensco компаниясининг бошқарувчиси эканини айтганди.

ERIELL Гуруҳи Бошқаруви раиси Бахтиёр Фозилов / Фото: ERIELL

Бахтиёр Фозилов, бундан ташқари, Самарқандда 212 гектар майдонда туризм марказини қураётган “Samarkand Touristic Centre” компаниясининг 60 фоизлик эгаси ҳам ҳисобланади.

Мавзуга оид