«Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида»ги қонун кучга кирди
Президент томонидан «Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида»ги қонун имзоланди. Бу ҳақда Norma хабар бермоқда.
Ҳужжатда трансплантация ўтказишнинг мақсад ва шартлари, унинг объектлари, донорлар доираси (тирик ва ўлик), донор ва реципиентнинг ҳуқуқлари, аъзолар ва тўқималарни олиш шартлари белгиланган.
Қонуннинг амал қилиши инсоннинг кўпайишига тааллуқли бўлган аъзолар ва тўқималарнинг (тухум ҳужайраси, сперма, тухумдонлар, моякларнинг ёки эмбрионларнинг) трансплантациясига, аъзолар ва тўқималарнинг аутоген (бир шахснинг ўзи тирик донор ва реципиент бўлади) трансплантациясига, шунингдек қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги соҳасидаги муносабатларга нисбатан татбиқ этилмайди.
Тирик донордан ёки инсон мурдасидан олинган инсон аъзолари ва (ёки) тўқималари трансплантация объектлари бўлиши мумкин, уларнинг рўйхати Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Қонунда Вазирлар Маҳкамасининг ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси соҳасидаги ваколатлари белгиланган.
Инсон аъзолари ва тўқималарини олиш ва уларнинг трансплантацияси давлат соғлиқни сақлаш тизимининг тиббиёт муассасалари томонидан амалга оширилади, ушбу муассасаларнинг рўйхати Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Инсон аъзолари ва тўқималарини унинг мурдасидан олишга унинг тириклик чоғидаги нотариал тартибда тасдиқланган ёзма розилиги мавжуд бўлган тақдирда йўл қўйилади.
Қонунда тирик донор ва реципиентнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланган.
Инсон аъзолари ва тўқималаридан фойдаланиш устидан назоратни амалга ошириш, шунингдек трансплантацияга муҳтож бўлган шахсларга тезкорлик билан тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида Донорларнинг, реципиентларнинг, шунингдек инсон аъзоларининг ва (ёки) тўқималарининг ягона давлат реестри ташкил этилади.
Мавзуга оид
00:42 / 10.11.2023
Дунёда биринчи марта кўз трансплантацияси амалга оширилди
22:20 / 26.07.2023
“Қарзлардан қутуламиз деб ўйлагандик, лекин...” — буйрагини сотган эр-хотин
22:00 / 26.11.2022
Кредит сиртмоғи ва бошқа сабаблар: Ўзбекистонда орган савдоси оммалашяпти
17:36 / 19.11.2022