Ўзбекистон | 11:48 / 15.05.2022
18629
3 дақиқада ўқилади

Андижонда ёмғирлар оқибатида Қорадарё тошди

Андижонда сўнгги кунлардаги ёмғирлар натижасида Қорадарё дарёсида сув кўпайиб, унинг сатҳи қирғоқдан 3-4 метрга кўтарилиб кетди.

Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси берган хабарга кўра, дарё ўзанида одатий кунларда 150-200 куб метр сув оққан бўлса, айни пайтда икки баробар кўп - 450-500 куб метр сув оқими пайдо бўлган.      

Андижонда аҳоли Қорадарё бўйларида балиқчилик, шоликорлик ва боғдорчилик билан шуғулланиб келади. Айни пайтда аҳолини сув тошқинидан ҳимоя қилиш мақсадида  дарё дамбаларини мустаҳкамлаш ишлари олиб борилмоқда.

Мазкур дарё вилоятнинг Қўрғонтепа, Жалақудуқ, Пахтаобод, Андижон, Олтинкўл ва Балиқчи туманлари аҳоли пунктлари ичидан оқиб ўтиши сабабли дарё бўйида яшовчи одамлар учун хавф туғдиради.

«Кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида кузатув гуруҳлари ташкил қилинган бўлиб, улар Қорадарё ўзанининг икки қирғоғида иш олиб бормоқда. Сув қирғоқ дамбаларини уриб кетиши, сув сатҳи дамбадан кўтарилиши ҳолатлари кузатилмади.

Пахтаобод ва Андижон туманларида аҳоли ва мутахассислар фавқулодда ҳолатларда қирғоқ дамбаларини мустаҳкамлаш учун захира қилинган тошларни тайёрлаш ишларини олиб боряпмиз», дейди вилоят ФВ бошқармаси раҳбари ўринбосари Баҳромжон Ражабов.

Аҳоли томонидан дарё бўйларига экилган дарахтзорлар ва бошқа экинлар сув остида қолган. Ёғингарчилик давом этса деҳқон ва балиқчиларга катта зиён етиши мумкин.

Сирдарёнинг асосий ирмоқларидан бўлган Қорадарё Фарғона тоғ тизмасининг жанубий-шарқий ва Олой тизмасининг шимолий ёнбағирларидан бошланадиган Тар ва Қорағулжа ирмоқлари қўшилишидан ҳосил бўлади. Узунлиги 138 километр бўлган дарёдан Катта Фарғона канали, Шаҳрихонсой, Андижонсой ва Пахтаобод каналлари сув олади. Қорадарё водийдаги дала майдонларининг катта қисмини сув билан таъминлайди.

Балиқчи қишлоғи яқинида Норин дарёси билан қўшилиб, Сирдарёни ҳосил қилади.

Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси вакиллари Қорадарё оқиб ўтган ҳудудларда хавфсизлик чоралари кўрилгани ва махсус техника ва мутахассислар шай ҳолатда эканлигини билдиришди.

Элмурод Эрматов, Азизбек Исмоилов

Элмурод Эрматов
Муаллиф Элмурод Эрматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид