Ўзбекистон | 15:23 / 17.05.2022
9702
4 дақиқада ўқилади

“Таклиф йиғишни бошлаймиз” — депутатлар Конституцияни янгилашга киришди

Ўзбекистон парламентида энг кўп ўринга эга икки партия – ЎзЛиДеП ва “Миллий тикланиш” фракциялари қўшма йиғилиш ўтказиб, Конституцияни такомиллаштириш жараёнини бошлашга қарор берди. Ташаббускорлар асосий қонунни янгилаш “кенг ва очиқ” жараён бўлишини ваъда қилди.

Бир овоздан қабул қилинган қарорга кўра, Конституцияни такомиллаштириш масаласи Олий Мажлис палаталари кенгашларига киритилади.

Йиғилиш якунлари бўйича фракция раҳбарлари ОАВ вакиллари учун брифинг ўтказди. Брифингдан сўнг Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Алишер Қодиров Kun.uz мухбирининг: “Конституцияни ўзгартиришга доир қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига чиқариладими”, деган саволига жавоб берди.

“Биринчидан, ҳали лойиҳа йўқ. Бугунги қилинган иш – ташаббус. Ташаббуснинг зарурати нимадан келиб чиққанини биз баён қилдик. Бу Ўзбекистон ривожланишининг айнан шу босқичидаги зарурат. Ўзгаришга бўлган эҳтиёж Конституциямизда яққол кўриниб турибди ва буни бутун жамоатчилик эътироф этяпти. Ўзбекистоннинг бугунги ривожланиш босқичи янги Конституцияни тақозо қилмоқда.

Ҳозир “Миллий тикланиш” ва ЎзЛиДеП фракциялари буни қўллаб, навбатдаги белгиланган чораларни кўриш ташаббусини илгари суришди. Бу қандай? Олий Мажлис палаталарининг кенгашларига конституцион ислоҳотларни ташкил қилиш масалаларини кўтардик. Энди навбатдаги масала, кенгашлар тегишли комиссияларни йиғган ҳолатда бу жараёнга старт беришади. Ва у ерда аниқ бир таклиф, лойиҳа ёки мана буни кўриб чиқамиз деган масала йўқ. Комиссияга бутун жамоатчилик, сиз ва биз ҳам партия сифатида ўзимизнинг таклифларимизни берамиз. Бутун Ўзбекистон бўйлаб таклифларни умумлаштирган ҳолда бу комиссия ўз фаолиятини ташкил қилади. Конституцияни қайси моддасида, нималарни ўзгартириш керак, нималарга эҳтиёж бор, деган саволларни комиссия таҳлил қилади ва ўз фаолиятини жамоатчиликка очиқ шаклда ташкил қилади.

Бу фаолият ҳеч кимдан яширинган ёки қайсидир масалаларни ўзича муҳокама қиладиган жараён бўлмайди. У кенг ва очиқ жараён бўлади. Ҳозирги кунда биз ташаббусни кўтардик, энди палаталарни кенгашлари ўз ваколатларидан келиб чиқиб ишчи гуруҳ ёки комиссия ташкил қилади. Бу гуруҳга барча мутахассисларни жалб қилган ҳолда, келиб тушган таклифлар асосида ишини ташкил қилади. Ана ўшандан кейин лойиҳа пайдо бўлади. Шундан сўнг, лойиҳани яна муҳокама қилиб, уни қандай тартибда қабул қилиш масалалари муҳокама қилинади.

Ҳали булар – кейинги босқич, биз ҳозир биринчи босқичдамиз. Ҳеч қандай лойиҳа ҳақида гап йўқ, фақат таклифларни қабул қилиш босқичидамиз”, – деди Алишер Қодиров.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда Конституцияни такомиллаштириш масаласи ҳақида президент Шавкат Мирзиёев 2021 йил ноябр ойида, иккинчи муддатга сайланганидан кейинги инаугурация маросимидаги нутқида сўз очганди.

Давлат раҳбари, шунингдек, ўша йили Конституция куни муносабати билан йўллаган табригида, асосий қомусни янгилашнинг 8та омилини санаб ўтди.

Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов 2021 йил декабр ойида “Конституцион ислоҳотлар – давр талаби” сарлавҳали мақола эълон қилиб, унда президентликка “барча” номзодларнинг сайловолди учрашувларида “конституциявий ислоҳотлар қилиш таклифи илгари сурилгани” ҳақида ёзди.

Мавзуга оид