Ўзбекистон | 08:33 / 18.05.2022
40689
5 дақиқада ўқилади

Ўзидан раҳбар ясаб олган “ҳоким вакили” фермерларни “террор” қилмоқда

Сурхондарёнинг Денов туманида ўтган аср ўрталаридан қолиб кетган услубда фермерларга зуғум ўтказаётган шахснинг аудио ва видеолари Kun.uz ихтиёрига келиб тушди.

Видео-аудио материаллардан тушуниш мумкинки, Аюпхан Алимов деган шахс фермерларга тўғридан тўғри босим қилиб келади.

Алимов фермерлардан “пахта далаларида битта ҳам бегона ўт кўрмаслик”ни ва “култивация жараёнлари амалга оширилган бўлиши”ни талаб қилган. Хатога йўл қўйган фермерлар ички ишлар идоралари ва прокуратурада “гаплашиш” билан қўрқитилган.

“Тегишли идоралар раҳбарлари “Шароф Рашидов” сув истеъмолчилар уюшмаси (СИУ)га жалб қилинади. Битталаб чиғириқдан ўтказилади. Ҳар бир контур, ҳар бир метр жой текширилади. Туман ҳокими, прокурори, ички ишлар бошлиғининг топшириғини зудлик билан бажаришимиз керак. Секторни орқага тортаётган қайси фермер бўлсанг ҳам фарқи йўқ, ким бўлишингдан қатъи назар ички ишлар раҳбарининг олдида жавоб берасан.

ИИБ биносининг ичида “развод”дан кейин йиғилиш бўлади. Эрталаб ҳам, кечқурун ҳам, ҳар куни йиғилиш бўлади. Ички ишлар раҳбарининг топшириғи бўлди. “Аюпхон ака, олиб келинг буларни” деб топшириқ берди. Кунлик “сводка”ни берасанлар. Тинчлик бермайман сенларга!” дейди у.

Алимов яна бир аудиосида ҳамма пахта штабига олиб келтирилиб, ё у ёқли, ё бу ёқли қилинишини айтган. Вилоят ишчи гуруҳи текшираётганини баҳона қилиб, “агротехник тадбирларни амалга оширмаганларни жавобгарликка торттираман”, дея таҳдид қилган.

Бошқа бир ҳолатда Алимов фермерларни пилла штабига мажбурий олиб келтириши билан қўрқитган. Келмаганларни ички ишлар ходимлари бориб олиб келишини айтган. Ҳудуд раислари “калласи” билан жавоб беришини таъкидлаган.

Аюпхон Алимов бундай таҳдидларни мунтазам қилиб келганини унинг барча “чиқишлари”дан англаш мумкин. Ҳатто у бевосита видеомурожаат орқали фермерларга босим қилган. Унинг чиқишларида фермерларни ҳуқуқ-тартибот идораларига олиб бориш, жавобгарликка торттириш ва ер ижара шартномасини бекор қилишга бевосита ишоралар бор.

Алимов барча гапларини гўёки Денов ҳокими, прокурори ва ички ишлар бошлиғининг даъвати сифатида фермерларга сингдиришга уриниб келган.

Денов туман ҳокимининг қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосари Искандар Саидаҳмедов билан телефон орқали боғландик. У Аюпхон Алимовнинг тумандаги “Шароф Рашидов” СИУ раиси эканини маълум қилди. Шу билан бирга, Денов ҳокими ва прокурори Алимовга тумандаги фермерларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари устидан назорат қилиш ваколатини ҳам берган экан. Ҳоким ўринбосари бир неча марта Алимов билан тортишиб қолгани, фермерларга ҳаддидан ошиб муомала қилгани учун огоҳлантирганини билдирди.

Ҳоким ўринбосари билан суҳбатдан англаш мумкинки, Аюпхон Алимов Деновда анча таниқли. Унинг ўтган аср ўрталарига хос услуби – “калланг билан жавоб берасан, ИИБ ва прокуратурада “разбор” бўлади, жавобгарликка тортиласан!” қабилидаги гапларини туманда ҳамма билади.

Хўш, бу ҳаракатларни туманда прокурор кўрмаганми? Ҳоким билмайдими? Улар нима учун ўзларининг номини сотишларига йўл қўйиб бермоқда? Аниқ нимагадир масъул бўлмаган одамга узун тил ва ваколат бериш орқали ишни битиришдан бошқа нарса эмас бу.

Ваҳоланки, Деновда оддийгина СИУ раҳбари фермерлар устидан шунчалик чекланмаган ваколатга эга экан, у фермерларга ачиниш мумкин, холос. “Янги Ўзбекистон” атамасини пеш қилиб “эски давр”дан келиб қолган раҳбарлар яна қачонгача бундай муомалани давом эттиради, номаълум.

Аюпхон Алимовнинг Kun.uz мухбири билан телефон суҳбатида билдиришича, уни сессияда Сурхондарё вилояти ҳокими шу вазифага бириктирган. Айтишича, фермерларни ИИБга олиб бораман деб қўрқитгани билан, бундай қилмаган. Шундай дўқ-пўписа орқали фермерларни ишлатишни жоиз деб билган.

Шунингдек, Алимов ўзини ҳуқуқшунос-блогер сифатида ҳам таништириб, мухбирни материални сайтда эълон қилиниши “оқибатлари”дан огоҳлантиришни ҳам унутмади.

Исомиддин Пўлатов, Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид