Ўзбекистон | 22:33 / 19.05.2022
6937
4 дақиқада ўқилади

Геология соҳасидаги янги вазифалар белгиланди

Геология-қидирув ишларини амалга ошириш бўйича беш йиллик дастур ишлаб чиқилади. “Навоийуран” трансформация қилинади. Уран захираси халқаро стандартларга асосан баҳоланади. Литий, алюминий, магний ва бошқа нодир металлар бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳузурида “Янги кон” лойиҳа офиси очилиб, 15 млн доллар ажратилади. 

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев 19 май куни геология соҳасига оид лойиҳалар тақдимоти билан танишди. Лойиҳалар фойдали маъданлар ва ерости суви захираларини кенгайтиришга қаратилган.

Расмий релизга кўра, сўнгги йилларда уран бўйича 27 та янги кон очилиб, барқарор хомашё базаси яратилган. Лекин соҳадаги имкониятлар анча кўп. Тақдимотда давлат раҳбарининг нодир ва ноёб металлар қазиб олиш ҳажмини ошириш бўйича топшириғидан кейин ишлаб чиқилган режалар юзасидан ахборот берилган.

Қайд этилишича, умумий қиймати 182 миллион долларлик 14 лойиҳа шакллантирилган. Президент бу лойиҳалар билан чегараланмасдан, юқорироқ марра олиш кераклигини таъкидлаган.

“2022-2026 йилларда геология-қидирув ишларини амалга ошириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Бу дастурда 8 та янги кон ва 18 та истиқболли майдон ҳисобига уран захирасини ошириш, замонавий бурғилаш ускуналарини олиб келиш, рақамли геология моделини яратиш кўзда тутилади.

Шунингдек, “Навоийуран” давлат корхонасини трансформация қилиш, хорижий мутахассисларни жалб этиб, технологик жараёнларни такомиллаштириш бўйича кўрсатмалар берилди. 

Уран захирасини халқаро стандартларга мувофиқ баҳолаш, сўнгги технологиялар асосида рудадан уранни ажратиб олиш даражасини ошириш муҳимлиги қайд этилди.

Тақдимотда истиқболли конларни тайёрлаш ва уларга инвесторларни жалб қилишга оид таклиф ҳам кўриб чиқилди. Унга кўра, Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳузурида “Янги кон” лойиҳа офиси ташкил этиш, унинг устав капиталига 15 миллион доллар ажратиш мўлжалланган. Бу лойиҳа офиси литий, алюминий, магний, графит ва бошқа нодир металларни ишлаб чиқариш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга оширади.

Шавкат Мирзиёев жаҳон бозорида уран нархи барқарор ўсиб бораётгани, янги лойиҳаларда бу хомашёни қайта ишлаш ва қўшилган қиймат яратишга алоҳида эътибор қаратиш кераклигини айтди”, – дейилади президент матбуот хизмати хабарида. 

Қайд этилишича, соҳада малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида Геология фанлари университети ташкил этилди; Навоий кончилик институтига университет мақоми берилди; Италиянинг Пиза ва Россиянинг Санкт-Петербург кончилик университетлари билан қўшма дастурлар тузилди. Лекин замонавий билимга эга, ахборот технологиялари ва хорижий тилларни яхши ўзлаштирган ўрта бўғин мутахассисларини тайёрлаш суст.

Биргина Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси тизимида йилига 300 дан ортиқ ўрта бўғин мутахассисларга эҳтиёж бор. Шу боис Зарафшон, Ангрен ва Ғузордаги техникумларда геологияга ихтисослашган йўналишларни кўпайтириб, малакали ишчилар тайёрлаш зарурлиги таъкидланган. 

Ўтган йили Ўзбекистонда мис саноати кластери ташкил этилган эди. Дастурга кўра, мис ишлаб чиқаришни ягона “занжир” асосида 2 бараварга кўпайтириб, 8 миллиард долларлик маҳсулот ишлаб чиқариш режа қилинган. Тақдимотда шу борада амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ҳам ҳисобот берилган.

Марказий Осиёда сув танқислиги муаммоси шароитида ерости сувидан ақл билан фойдаланиш зарур. Маълум қилинишича, сўнгги йилларда ерости сувининг сатҳи Ўзбекистондаги 13 та туманда 5 метргача, 9 та туманда 20 метргача пасайган.

Давлат раҳбари мутасадди ташкилотларга ерости суви захираларини кўпайтириш ва улардан оқилона фойдаланишни ташкил этиш бўйича топшириқлар берди.

 

Мавзуга оид