Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ойликлар, газ-свет, конституция ва рўшнолик ваъдаси — ҳафта дайжести
Шифокорларнинг ойлиги 3 кун ичида икки марта ошди: навбат ўқитувчиларгами? Энергетика ислоҳоти бошланмоқда: бу нима дегани? Ўзбек халқи қисқа вақтда 2 баробарга бойиб кетиши ваъда қилинди: бунинг иложи борми? Акмал Саидов Конституцияни қайта ёзишга киришди: асосий қонун “замон талабига жавоб бермай қолди”ми? Якунланаётган ҳафтанинг асосий мавзулари – Kun.uz дайжестида
Ойликлар ошди. Шифокорларнинг ойлиги кўпроқ ошди, ўқитувчилар-чи?
1 майдан эътиборан пенсия ва нафақалар 12 фоизга оширилган эди. 1 июндан бошлаб бюджет ташкилотларидаги ойликлар ҳам худди шунчага ошадиган бўлди.
1 июндан, шунингдек, базавий ҳисоблаш миқдори 270 минг сўмдан 300 минг сўмга, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори ойига 822 минг сўмдан 920 мингга кўтарилади.
Бюджет ташкилотларида ойликлар ўтган йили икки марта 10 фоиздан оширилган, ҳар икки сафар стипендиялар миқдори ҳам кўтарилган эди. Бу галги фармонда стипендиялар ошиши кўзда тутилмаган. Шу билан бирга, олийгоҳларда тўлов-контракт миқдорлари ошиши мумкин.
Маошлар кўтарилиши бюджет ташкилотларида ишловчи қарийб 2 миллион ходимга тааллуқли бўлади. Улар орасидан тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг ойликлари бошқаларникидан кўпроқ ошириляпти. Гап шундаки, маошлар 12 фоизга оширилиши бўйича фармон 20 май куни имзоланган бўлса, ундан уч кун аввал шифокорлар ойлиги бўйича алоҳида фармон чиққанди. Унга кўра, 1 июндан бошлаб тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг маоши малака тоифасига қараб 10-15 фоизга ошяпти.
Бу иккита фармонни қўшиб ҳисоблаганда, олий ва биринчи тоифали тиббиёт ходимларининг маоши камида 27 фоизга, иккинчи тоифа ва тоифаси йўқ тиббиёт ходимларининг маоши эса камида 22 фоизга ошди. Бундан ташқари, тиббиётчилар учун олти хил турдаги устамалар жорий этилди.
Бунинг муҳимлиги шундаки, тиббиёт ва таълимдаги ойликлар узоқ йиллардан бери Ўзбекистон бўйича ўртача ойликлардан паст бўлиб келяпти. Соҳалар бўйича маошлар статистикасида ўқитувчи ва шифокорлар доим энг охирги ўринларда қолиб кетяпти. 2022 йилнинг биринчи чорагидаги рақамларга қарасак ҳам, ўқитувчи ва шифокорларнинг ўртача ойликлари билан республикадаги ўртача ойликлар ўртасидаги салбий фарқ янада катталашган.
1 июндан шифокорлар ойлигининг бошқаларга нисбатан кўпроққа оширилиши уларнинг нисбий камбағаллашишини тўхтатиши мумкин. Худди шундай ҳолат ўқитувчилар билан ҳам кузатилиши керак. 2022 йилги давлат дастурига биноан, мактаб ўқитувчиларининг иш ҳақлари малака тоифасига қараб, табақалаштирилган ҳолда оширилиши лозим. Тегишли қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш учун 1 июлгача муҳлат белгиланган.
Қолаверса, шу йил сентябр ойигача президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилиши, унда ўқитувчиларнинг маошини босқичма-босқич оширишга қаратилган аниқ қадамлар белгиланиши керак.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йилгача малакали ўқитувчилар ва шифокорларнинг ойликлари минг долларга етказилиши ваъда қилинган. Аниқлик киритиб ўтиш лозим, бу ерда ўқитувчи ва шифокорларнинг ҳаммаси ҳақида гап кетмаяпти, айнан малакали мутахассислар назарда тутиляпти. Яъни минг долларлик маош фақат олий тоифали, шу билан бирга, маълум ютуқларга эгалиги учун турли устамалар ҳам олувчиларга насиб этиши мумкин.
***
Энергетика ислоҳотига тайёргарлик
Чоршанба куни Иқтисодиёт, Молия ва Энергетика вазирликлари қўшма баёнот билан чиқди: энергетика бозори босқичма-босқич ислоҳ қилинади. Ўтиш даврида эҳтиёжманд аҳоли қатламининг ижтимоий ҳимояси кафолатланган ҳолда, энергоресурсларга ижтимоий норма киритилади. Нормадан ортиқ ишлатилган энергия бозор нархида сотилади.
Норма миқдори ҳозирча аниқ эмас. Баёнотдан келиб чиқиб тахмин қилиш мумкинки, бу электр учун ойига 200 кВт соат, газ учун 500 куб метр бўлиши мумкин. Молия вазирлиги матбуот хизматининг бизга маълум қилишича, аҳолининг 80-85 фоизгача қисми айнан шу меъёрлардан ошмаган миқдорда энергия сарфлаяпти. Ундан кўп ишлатаётганлар эса – асосан ўзига тўқ оилалардир.
Тегишли қарор лойиҳаси яқин орада муҳокамага чиқарилиши кутиляпти. Унда, энергия кўпроқ сарфланадиган қишки мавсум учун алоҳида меъёрлар белгиланиши мумкин.
Бу нега керак, деган саволга вазирликлар баёнотида батафсил жавоб берилган. Қисқа қилиб айтганда эса, бусиз энергетика тизимидаги муаммоларни ҳал қилиб бўлмайди. Бу қанақа муаммолар экани ҳаммага маълум: “свет” ўчиши ва кучланишнинг пастлиги, газ етишмовчилиги, “газ-заправка”лардаги навбатлар ва ҳоказо. Расмийларнинг айтишича, булар асосан инфратузилманинг эскиргани билан боғлиқ: ИЭСлардаги энергоблокларнинг кўпи ўнлаб йиллардан бери янгиланмаган, трансформаторлар чарчаган, магистрал газ қувурлари таъмирталаб аҳволда.
Бундан ташқари, бюджетдан миллиардлаб доллар субсидия ҳаммага бирдек тарқатилиши – адолатсизлик. Яъни ҳозир бой ҳам, камбағал ҳам 1 кВт соат электр учун 295 сўм тўлаяпти. Амалда эса, расмийлар маълумотига кўра, 1 кВт соатнинг таннархи 800 сўм. Ўртадаги 505 сўмлик фарқ солиқ тўловчилар ҳисобидан, субсидия шаклида қопланяпти. Ваҳоланки, ўзига тўқ оилалар бошқаларга нисбатан анча кўпроқ энергия сарфлайди: 2-3та кондиционер, бир нечта холодилник ва ҳоказо. Кимнингдир уйида фақат битта газ-плита бор, кимнингдир уйида эса – иссиқ бассейн ва сауна. Арзонлаштирилган нарх эса ҳамма учун бир хил: бу дегани ким кўпроқ свет ва газ ишлатса, бюджетдан шунча кўпроқ субсидия олади.
Масалан, 1 кВт учун субсидияни 500 сўм деб олсак, 2 хонали квартирада яшаб, ойига 200 кВт электр ишлатадиган оила ойига 100 минг сўм шартли субсидия олади; 2 қаватли ҳовлида яшаб, ойига 400 кВт ишлатадиган оилага эса бюджетдан шартли 200 минг сўм тўланади. Шу тариқа, сезиларли кўп энергия ишлатадиган юқори даромадли қатламнинг харажатлари ҳамманинг елкасига сочиб юборилади. Шунинг ҳисобига бу қатламда тежаб ишлатишга рағбат ҳам йўқ.
Бу ҳам етмагандек, ҳаммадан кам энергия ишлатиб, бюджетдан энг кам субсидия оладиган одамлар энергиядан энг кўп узилади: совуқ тушиши билан чекка ҳудудларда “свет” ўчишлари кўпаяди, газ босими эса пасаяди. Рақамларни умумлаштириб айтсак, аҳолининг 80 фоизи етказиб берилаётган газ ва светнинг бор-йўғи 35 фоизини истеъмол қиляпти.
Яна бир статистикага эътибор беринг: Ўзбекистон газ ва светга шу қадар кўп субсидия ажратадики, бу бўйича жаҳонда учинчи ўринда туради. Лекин бунинг самараси мақтагулик эмас: бир ёқда бутун мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 6-7 фоизига тенг маблағ энергетик субсидияларга ажратилаётган бир пайтда, минглаб одамлар исиниш учун таппи ёқишга мажбур.
Хуллас, ижтимоий норма киритилса, ойига тахминан 200 кВт электр ва 500 куб газ учун субсидияли арзон нархлар сақланиб қолади, ундан кўпроқ ишлатганлар нормадан ортиқ электр ва газни қимматроққа, яъни эркин бозор нархида сотиб олади. Юқорида айтганимиздек, норма қанча бўлиши ҳали аниқ эмас.
Албатта, ўзига тўқ қатламга субсидия тўлашни камайтириш билан соҳадаги муаммолар ҳал бўлиб қолмайди. Бу – комплекс муаммонинг осонгина ҳал этиш мумкин бўлган бир қисми холос.
***
Доллар курси тушяпти, лекин...
Иқтисодий янгиликларни давом эттирамиз. Доллар курси пасайишда давом этяпти. Расмий курс икки ой ичида илк марта 11 100 сўмдан пастга тушди. Охирги икки ойда сўм қадри 3,6 фоизга мустаҳкамланди. 3 ой олдин эса, Россиянинг Украинага босқини бошланган 24 февралда долларнинг сўмга нисбатан курси 10 840 сўм эди.
Айни пайтда, мамлакатимиз олтин-валюта захиралари тарихдаги энг юқори кўрсаткичга етди. 1 апрел ҳолатига Ўзбекистоннинг “хавфсизлик ёстиқчаси” 35 млрд доллардан ошган. Бунда, жаҳон иқтисодиётидаги беқарорлик фонида олтин нархининг ошиши асосий рол ўйнаган.
Шу билан бирга, иқтисодиётга оид ёқимсиз янгиликлар ҳам етарли. Атиги бир йиллик танаффусдан кейин, яна аввалги йиллар учун одатий тусдаги гиперинфляцияга кириб боряпмиз, фарқи – бу гал нархлар фақат бизда эмас, жаҳон миқёсида ошяпти. The Economist журнали янги сони муқоваси шу глобал муаммога бағишланди.

Нашрнинг ёзишича, пандемия, иқлим ўзгариши ва энергетик шоклардан заифлашиб қолган дунё озиқ-овқат тизимига энди уруш катта зарба бўляпти. Украинадан дон ва мойли уруғлар экспортининг катта қисми тўхтаб қолган, Россиянинг экспорти хавф остида. Бунинг муҳимлиги шундаки, жаҳон озиқ-овқат савдосидаги умумий калориянинг 12 фоизи шу икки давлат ҳиссасига тўғри келади.
Ўзбекистонда ҳам озиқ-овқатлар, хусусан ун нархи сезиларли ошди. Буғдой уни охирги уч ойда 15-23 фоизга қимматлашди. Кейинги ой ғалла ўрими бошланиб, янги ҳосил бозорга киргач, нархлар барқарорлашади деган умид бор. Шунингдек, 15 июнга бориб Қозоғистонда буғдой ва ун экспортига қўйилган чеклов бекор бўлиши ҳам Ўзбекистонда олий навли қозоқ унининг нархи ошишини тўхтатиши мумкин.
Марказий банк ўтказган сўровномага кўра, аҳоли вакиллари апрел ойида ун ва нондан ташқари ёғ, шакар ва қандолат маҳсулотлари энг кўп қимматлаганини айтган. Тошкент шаҳрида иккиламчи бозордаги уйлар нархи март-апрел ойларида 7,5 фоизга кўтарилган.
***
Ўзбекистонликлар 8 йилда 2 баробарга бойиши ваъда қилинди
2021 йилда Ўзбекистонда туғилган чақалоқлар сони биринчи марта 900 мингдан ошди. Статистика қўмитаси шу ҳафта берган маълумотга кўра, 2014 йилда йиллик туғилиш кўрсаткичи 700 мингдан, 2019 йилда 800 мингдан ошган. Ўтган йили эса 905 211 нафар чақалоқ дунёга келган.
Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров 20 апрел кунги форумда Ўзбекистон аҳолиси 2030 йилга бориб 40 миллионга етиши кутилаётганини айтди.
Бу рақамлар ҳозирги ишсизлик даражаси ва бошқа муаммолар фонида кўпчиликда ноқулай саволлар уйғотиши мумкин. Бироқ ҳукумат келажакка анчагина оптимистик қараяпти. Қўчқоров аввалроқ давлат раҳбари айтган мақсадли кўрсаткичларни халқаро экспертлар қаршисида ҳам дадил такрорлади: 2030 йилга бориб Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 160 млрд долларга, жон бошига эса 4 минг долларга етади.
Маълумот ўрнида, ялпи ички маҳсулотни иқтисодиётнинг ўлчов бирлиги дейиш мумкин. Бирор давлат аҳолисининг қанчалик бой ва фаровон яшаётганини жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулотга қараб ўлчаса бўлади. Фаровонлик даражасини аниқлаш ва таққослаш учун бундан яхшироқ илмий метод ҳали ўйлаб топилмаган.
Ана шу метод асосида таққослаганда, ўзбекистонликларнинг даромадлари Норвегия аҳолисининг даромадларидан 45 баравар, қатарликлар ва сингапурликлардан 30 бараварга кам. Иқтисодиётимиз глобал иқтисодиётнинг атиги 0,08 фоизини ташкил этади.
2021 йилда ялпи ички маҳсулотимиз 69 млрд долларга етди, бу жон бошига салкам 2 минг доллардан тўғри келади дегани. Бу яна шуни англатадики, биз – камбағал давлатмиз. Жон бошига ЯИМ кўрсаткичи 4 минг доллардан 12 минг долларгача оралиқдаги жамиятлар ўртача даромадли деб ҳисобланади. Уларнинг қаторига киришимиз учун ҳозиргидан роппа-роса икки баробар бойроқ бўлишимиз керак.
Ҳукумат бу вазифани 8 йил ичида уддалашига ишоняпти. Халқаро ҳамкорлар эса бу ҳаддан ташқари юқори марра эканини айтяпти. “Ҳа, биз буни тушунамиз, лекин ўйлаймизки, президент бошчилигида бу мақсадга эриша оламиз”, деди Жамшид Қўчқоров.
Жаҳон банки шу ҳафта эълон қилган ҳисоботда ёзилишича, 2030 йилгача ўртача даромадли давлатлар қаторига кириш учун Ўзбекистон иқтисодиёти йилига ўртача 10 фоиздан ўсиши керак. Агар бу амалга ошса, инсоният тарихида кузатилган энг шиддатли иқтисодий мўжизалардан бирига айланади.
***
Акмал Саидов Конституция қайта ёзилишига бош бўлди
Ўзбекистонда Конституция ислоҳоти бошланмоқда. Якунланаётган ҳафтада депутатлар бу масалада уч кун йиғилиш ўтказиб, бу борада бюрократик жараёнларни бошлаб юборди. Конституцияни такомиллаштириш бўйича тузилган комиссияга Акмал Саидов раис бўлди.
Акмал Саидов ва бошқа депутатлар Ўзбекистон Конституцияси замон талабларига жавоб бермай қолган деб ҳисоблаяпти. Замон талабларига жавоб берадиган Конституцияни яратишда эса, уларнинг ишонтиришича, истаган фуқаро қатнашиши мумкин. Бунинг учун тузилган комиссия барча таклифларни кўриб чиқиши ваъда қилинди.
Расмийларнинг ўзларидан ҳозирча аниқ таклифлар янграгани йўқ. Ижтимоий тармоқларда ҳокимлар сайлови, очиқлик ва ҳисобдорлик, давлат тилининг обрўси, импорт божларини қонун билан белгилаш, коррупцияга қарши нормалар киритиш, Ўзбекистоннинг ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилмаслиги позициясини Конституция миқёсида белгилаб қўйиш каби таклифлар тилга олиняпти.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили президент Шавкат Мирзиёев 7 декабрдаги табригида, асосий қонунга ўзгаришлар киритишни 2022 йил декабрда, Конституция қабул қилинганининг 30 йиллик байрами кунларида амалга оширишни таклиф этган эди.
***
Мактаб ўқувчиларига – бир хил форма
Шу йил 1 сентябрдан ўқувчилар учун ягона мактаб формаси тўлиқ жорий этиладиган бўлди. 2024 йилдан деб белгиланган муддат ҳукумат қарори билан олдинроққа сурилди. Эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандларига форма маҳаллий бюджет ҳисобидан олиб берилади.
2017 йилда Шавкат Мирзиёев бу ташаббусни илгари суриб, Туркия ва Англия мактабларида барча ўқувчилар бир хил формада бўлишини мисол қилиб келтирган, бундан мақсад – бойлар ва камбағаллар ўртасида тенгсизлик болаларнинг ўзаро муносабатларига таъсир қилишининг олдини олиш эканини айтганди. Бундан ташқари, президент ота-оналар барибир мактаб учун форма олаётгани, имконияти чекланган оилалар сифатсиз кийим олишга мажбур бўлаётганини таъкидлаганди. Янги тартиб орқали давлат мактаб формасининг сифатини назорат қила олади.
Мактабларда ягона форма 2019 йилдан бошлаб мажбурий қилинган, лекин эътирозлардан кейин бу муддат кечиктирилган эди.
***
Бу ҳафта яна нималар рўй берди?
Тошкент, Самарқанд ва Бухорода диний бағрикенглик мавзусидаги “Декларациялар мулоқоти” халқаро форуми бўлиб ўтди. Форумда сўзга чиққан АҚШ элчиси Дэниел Розенблюм Ўзбекистонда соқолли эркаклар ИИБга олиб борилиб, соқоли олиб ташланаётганидан хавотир билдирди. “2016 йилдан бери кўп ислоҳотлар қилинди. Лекин баъзи нарсалар орқага кетаётгандек туюлмоқда. Биз янада инклюзив жамият сари интилишимиз керак”, деди Розенблюм. Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев эса диний эътиқод радикал оқимларга қўшилишнинг асосий омили эмаслиги, бу тадқиқотларда исботланганини айтди.
Абитуриентларга бир вақтнинг ўзида бир нечта таълим шаклига ҳужжат топшириш имкони берилиши мумкин. Бу куни кеча муҳокамага чиқарилган президент қарори лойиҳасида кўзда тутилган. Агар лойиҳа тасдиқланса, абитуриентлар бештагача йўналишга, бир пайтнинг ўзида ҳам кундузги, ҳам сиртқи, ҳам кечки таълим шаклларига ариза бериши мумкин. Бунда тест топшириладиган фанлар кетма-кетлиги бир хил бўлиши керак.
“Тошкент сити”да қурилаётган осмонўпар Nest One биносида қурилишида ишлаётган ишчилар маош кечиккани сабаб норозилик уюштирди. Компаниянинг изоҳлашича, бу ой маош техник сабабларга кўра бироз кечиккан, ишчилар эса ваъда қилинган охирги кун – 17 май эрталаб банк очилишини кутмасдан норозилик бошлашган, кўп ўтмай соат 9лар атрофида ойликлар ишчиларнинг пластик карталарига тушган.
Наманган шаҳрида ЙПХ ходими “шантаж” қилишга уринди. Расмий изоҳга кўра, инспектор ҳайдовчини ҳужжат текшириш учун тўхтатган ва ҳужжатларда камчилик аниқланмаган. Вилоят ИИБ очиқ кўриниб турган “шантаж”ни қоралагани йўқ, суриштирув кетаётганини айтиш билан чекланди. Худди шу шаҳарда аввалроқ ЙПХ ходими ҳайдовчини электрошокер билан қийнаган, ИИБ ўшанда ҳам текширув тайинлаганини билдирганди – орадан бир ой ўтди, натижа ҳалигача номаълум.
UzAuto Motors йил бошидан бери 108 300 дан ортиқ автомобилни ўз эгаларига топширгани, шу тариқа “президент топшириғи бажарилгани”ни эълон қилди. Айни пайтда Damas, Cobalt ва Gentra учун ўн минглаб одамлар навбат кутишяпти. Фикримизча, ортиқча изоҳга ўрин бўлмаса керак.
Мавзуга оид
09:39 / 25.05.2025
АҚШ билан виза музокараси, Россиянинг талаблари ва билимли ёшларга мукофот — ҳафта дайжести
22:41 / 24.05.2025
Ўзбекистоннинг ликвид захиралари жорий йилда энг юқори чўққисига чиқиб, кейин камайиб боради — S&P
09:00 / 18.05.2025
“Ижтимоий тармоқлар қонуни” ва грин-картадаги лидерлик — ҳафта дайжести
21:33 / 10.05.2025