Жаҳон | 16:09 / 23.05.2022
40387
25 дақиқада ўқилади

Украинага Ғарб қуроллари етказилиши жанг майдонидаги вазиятни қандай ўзгартирмоқда?

Stinger билан кетаётган украин аскари. Фото: Anadolu

Мутахассислар баҳоларига кўра, Украинадаги урушда советлар қуролли кучлари кўрсатмалари ва уставлари бўйича ҳаракатланаётган Россия армияси янгича типдаги армияга қарши туришига тўғри келмоқда. Украина қуролли кучлари нисбатан мослашувчан тактика ва ташкилотчиликни ишлаб чиқишга муваффақ бўлган, эндиликда, Киевдагилар уларга янада замонавий ва такомиллашган қуроллар керак деб ҳисобламоқда. Аммо янги қуроллар етказиб берилиши украиналиклар қаршисида янги муаммоларни келтириб чиқармоқда – бундай қуроллардан фойдаланишни ҳам ўрганиш керак.

«Агар Украина ҳамкорларимизда мавжуд, Россия томонидан қўлланаётган қуроллар билан таққослаш мумкин бўлган барча қуроллардан фойдалана олганида эди, биз бу урушни аллақачон якунлаган бўлардик», деганди президент Володимир Зеленский апрел ойи охиридаги мурожаатларидан бирида.

Украинага қурол етказиб бериш урушдан аввалроқ бошланганди, аммо урушга қадар ва урушнинг илк кунларида Ғарб асосан пиёдалар учун қуролларни жўнатган – танкка қарши қўлда олиб юрилувчи ракеталар ва зенит ракета мажмуалари, шунингдек турли ҳарбий юклар – асосан, ўқ-дорилар, амуниция (аскарнинг кийим ва қуролдан бошқа анжомлари), тиббий тўпламлар, тунги кўриш воситалари. Бу жўнатмалар урушнинг дастлабки даврида россияликлар юришини тўхтатишга ёрдам берди.

Урушнинг кейинги ҳафталарида, айниқса россиялик ҳарбийлар Киевни эгаллай олмагач, бу йўналишдан чекиниб, асосий кучларни Донбасс ва Украинанинг жанубий ҳудудларига йўналтирганидан кейин Украина Ғарбдан нисбатан оғир қуроллар сўрай бошлади.

Энди Украинага реактив ва стволли артиллерия, юқори аниқликдаги снарядлар, зирҳли техника ва ҳаво ҳужумидан мудофаа мажмуалари, учувчисиз учиш қурилмалари, кемаларга қарши ракеталар керак эди. Бундан ташқари, экспертлар фикрича, Украина ҳарбий ҳаво кучларига жанговар самолётлар ва вертолётлар ҳам керак.

Умуман олганда, украинлар армияси Россия кучларига бутун фронт бўйлаб эмас, муҳим нишонларга аниқ зарбалар бериш орқали мослашувчан тактика билан қарши туришга ҳаракат қилмоқда. Бу эса россиялик ҳарбийларнинг жойлашуви ва ҳаракатлари тўғрисида энг сўнгги маълумотлардан хабардорликни талаб этади.

Javelin ракеталари Украинага урушдан анча олдинроқ кела бошлаганди. Фото: Getty Images

Айнан шунинг учун украинлар разведка ва нишонни белгилаш воситалари – радарлар, батареяга қарши уруш воситалари, дронлар ва сунъий йўлдош маълумотларига муҳтож.

Икки томон ҳам авиация қўллаш имкониятларини сақлаб қолмоқда, аммо ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ҳавода тўлиқ устунликни қўлга киритиш имконини бермаяпти. Шу билан бирга, икки томонда ҳам ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари катта йўқотишларга учраган – бу йўқотишлар ўрнини ҳам тўлдириш керак.

10 май куни Пентагон Украина АҚШдан олаётган ва олишда давом этадиган қуроллар рўйхатини эълон қилди. Бундан ташқари, Киев Европа давлатларидан бошқа тизимлар етказиб берилишини кутмоқда.

Айрим қуроллар етказиб берилиши бошланган, айримлари бўйича ҳали келишувга эришилмаган. Масалан, Киев ҳозирча Ғарб давлатларини жанговар авиация етказиб беришга кўндира олгани йўқ. Украина фақат Ми-17 вертолётларини олган, ҳолбуки Полшадан МиГ-29 русумли қирувчи самолётлари ҳам келишидан умид қилинаётганди.

Апрел ойи ўрталарида Украина ҳарбий ҳаво кучлари АҚШ воситачилигида авиация учун эҳтиёт қисмлар олганди, бунинг эвазига бир қанча МиГ қирувчиларини ҳавога кўтаришга муваффақ бўлинган, айнан қанчалиги – номаълум. Аммо ОАВ маълумотига кўра, самолётлар етказиб бериш бўйича музокаралар ҳали тугамаган ва Киев барибир қирувчи самолётларга эга бўлиш имкониятларини изламоқда.

Украина хориждан эҳтиёт қисмлар етказиб берилгач, жанговар самолётларининг бир қанчасини таъмирлашга муваффақ бўлди. Фото: Getty Images

Қуроллар ва ҳарбий техникалар ҳарбий ёрдамнинг бир қисмидир. Бундан ташқари, Украинага тиббий қурилмалар ва дори-дармонлар, шахсий ҳимоя воситалари, ўқ-дорилар ва бошқа кўплаб жўнатмалар келмоқда.

Эски ва янгилар

Украинага ёрдам бераётган қурол ва техникалар турлича – советлар даврида СССР ва социалистик лагер мамлакатларида ишлаб чиқилганлари ҳамда Ғарб ишлаб чиқарганлар, уларнинг орасида ҳам эски ва янги қуроллар бор.

Wall Street Journal маълумотига кўра, Буюк Британия бутун дунё бўйлаб мудофаа вазирлиги ва ўз ҳарбий атташелари орқали советлар даврига мансуб бўлган қуролларни изламоқда. Британлар мудофаа вазири Бен Уоллеснинг айтишича, кўп ҳолларда Россия вакиллари ҳам худди шу мамлакатларда шундай қуролларни излаётгани маълум бўлмоқда. Дунёнинг 23 мамлакати армиясида советлар ёки россияликлар қуроллари мавжуд.

Советларнинг эски қуролларини етказиб бериш – мажбурий чорадир, бу украинларга янги техникалардан фойдалана оладиган қисмлар етиштирилгунига қадар қаршилик кўрсатишда давом этишни таъминлаш учун зарур.

Украинага етказиб берилаётган советлар қуроллари ўз хусусиятларига кўра айни вақтда Россия армияси ихтиёридаги айни шу каби қуроллардан ёмонроқ ҳолатда.

Энди урушда Javelin ракеталаридан кўра, артиллерия тизимлари зарурроқ. Фото: AFP

Аммо танклар, зирҳли машиналар, катта ва кичик зенит-ракета мажмуалари шахсий таркиб ва экипажни кўп муддат давомида тайёрлашни талаб этмайди – бундай техникалар украин ҳарбийларига яхши таниш. Бундай етказмалар Украина қуролли кучлари йўқотишлари ўрнини тўлдиришга имкон бермоқда.

Етказмаларнинг иккинчи тури – Ғарб қуроллари. Улар ҳам эски ёки янги бўлиши мумкин, аммо нима бўлганда ҳам бундай техникаларга хизмат кўрсатиш, уларни бошқариш ва уларда жанг қилишни ўрганиш талаб этилади.

Ғарбнинг кўплаб қуроллари масофа, аниқлик ва умумий самарадорлик бўйича россияликларнинг қуролларидан устунроқ ҳисобланади.

Гаубицалар ва ракеталар уруши

Рус қўшинлари Киев, Чернигов ва Сумидан чекингач, урушнинг табиати ўзгарди. Энди россияликлар армияси зич артиллерия кўмагисиз, шунингдек, авиация қўллаб-қувватловисиз анча ичкари кириб боришга интилмаяпти. Шу билан бирга, муҳим йўналишлардаги ҳужумлар иккинчи даражали фаол ҳаракатлар билан кузатиб борилмоқда – бу эса Украина қуролли кучларининг фронтнинг бошқа участкаларидан қўшимча кучлар олиб келишини мураккаблаштиради.

АҚШ Украинага 90 дона М777 гаубицалари юборди. Фото: AFP

Аммо юриш темпи пастлигича қолмоқда. Алоҳида районларда эса умуман олға силжиш кузатилмаяпти, бошқа жойларда россиялик ҳарбийлар бир неча километргина илгарилай олишган. Харков областида украин ҳарбийлари жавоб зарбалари бериб, фронт чизиғини шаҳардан узоқлаштиришди, айрим жойларда эса давлат чегараларига чиқишди ёки яқин келишди.

Энди уруш табиати ўзгарган, россияликлар танкка қарши замонавий ракеталар ва зенит қуролларга эга бўлган украиналик ҳарбийлардан чўчиб, эҳтиёткорлик билан ҳаракатланишмоқда. Зирҳли техникалар ва Javelin’лар уруши энди танклар, гаубицалар ва ракеталар урушига айланмоқда. Шунинг учун Украинага тобора кўпроқ артиллерия ва улар учун ўқ-дорилар етказиб берила бошланди.

Украинага нималар етказиб берилди?

  • Чехия – RM-70 ракета қурилмалари - советларнинг БМ-21 «Град» тизимининг маҳаллийлаштирилган варианти. Бир неча ўн дона
  • Полша – БМ-21 «Град», аниқ сони маълум эмас
  • АҚШ – М777 гаубицалари. 90 дона
  • Польша – «Гвоздика» ўзиюрар артиллерия қурилмалари. 20 дона атрофида
  • Эстония – Д-30 гаубицалари. Бир неча дона
  • Чехия – ShKH vz. 77 DANA ўзиюрар гаубицалар. 20 дона.

Яна нималар етказиб берилиши кутилмоқда?

  • Франция – Caesar ғилдиракли ўзиюрар артиллерия қурилмаси. 10-12 дона
  • Германия – гусеницали PzH 2000 ўзиюрар артиллерия қурилмаси. Етти дона
  • Нидерландия – PzH 2000 ўзиюрар артиллерия қурилмаси. Беш дона
  • Норвегия – гусеницали M109A3GN ўзиюрар артиллерия қурилмаси. 20 дона
  • Австралия – М777 гаубицалари. Олти дона
  • Канада – М777 гаубицалари. Тўрт дона.

Украина АҚШ M142 HIMARS ва M270 MLRS русумли узоқ масофага отувчи реактив тизимлари етказиб беришидан умид қилмоқда, бу қуроллар мос равишда 300 ва 80 километрдаги нишонларга зарба бериши мумкин.

Politico нашри манбаларига кўра, АҚШ Киев сўраган баравар ўт очувчи тизимларни беришга шошилмаяпти, Оқ уй бундай қуроллар Россия ҳудудига зарба бериш учун қўлланишидан, бу эса можарони фақат кенгайтириши ва чўзишидан хавотирда.

5 май куни Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний ўз телеграм-каналида узоқ масофага ўт очувчи бундай реактив тизимлар Украина қуролли кучларига қанотли ракеталар учирилишига қарши курашиш учун зарурлигини айтганди.

Икки томон ҳам кўплаб зирҳли техникаларидан айрилган - суратда йўл бўйида қолган украинларнинг Т-64 танки. Фото: AFP

Айни вақтда британларнинг денгиздаги нишонлар учун мўлжалланган ва авиация орқали қўлланадиган Brimstone ракеталари Украинага олиб келинган ва қуруқликдаги қурилмадан қуруқликдаги нишонларга зарба бериш учун мослаштирилган. Британия бундай қуролларни Украинага етказиб бериши ҳақида хабарлар Бирлашган Қироллик бош вазири Борис Жонсоннинг Киевга ташрифидан кейин пайдо бўлганди. Бундай ракеталар Украинада май ойи бошларида қўлланган, 15 май куни эса бундай ракеталар қуруқликдаги қурилмадан учирилаётгани аск этган видео пайдо бўлди.

Ракеталар, снаряд ва миналар етказиб берилиши аллақачон Украинага россияликлар босқинини тўхтатишда ёрдам бермоқда. Исроиллик ҳарбий эксперт Давид Генделман BBC билан интервьюда бундай ўқ-дорилар ҳал қилувчи ролни ўйнаётгани ҳақида гапирган. «Украина нафақат қуроллар, балки ўқ-дорилар ҳам олмоқда. Бунинг эвазига улар шу кунга қадар қаршилик кўрсатмоқда. Ўнлаб гаубицаларсиз ҳам улар шу вақтгача жанг қилиб туришарди, аммо бундай кенг кўламли урушда ўқ-дорилар жуда тез сарфланиб кетади», деган у.

Артиллерия етказиб берилиши нимани ўзгартиради?

Украинанинг ўз артиллерияси бор, аммо унинг катта қисми советлар маҳсулоти ва хусусиятларига кўра Россия тизимлариники билан бир хил. Бошқача айтганда, украинлар батареяси зарбалари россияликлар позицияларига ета олса, қарши томондан ҳам шундай жавоб бўлади.

Инфографикадаги маълумотлар оддий снарядлар бўйича

Украина қуролли кучларида – «Град» ракета установкалари, узоқроқ масофага зарба берувчи «Ураган» ва «Смерч»лар бор. Шунингдек ўзиюрар «Мста-С», «Гиацинт-С», «Акация», «Гвоздика» ва 203-миллиметрли «Пион» ўзиюрар артиллия қурилмалари (саноқли) мавжуд. Украина армиясида советлар давридан «Мста», «Гиацинт», Д-20 ва Д-30 каби оддий гаубицалар ҳам қолган.

Ғарбнинг узоқ масофаларга отувчи артиллерия тизимларини олиб, украин ҳарбийлари россияликлар артиллерияси ета олмайдиган позициядан туриб зарбалар йўллаши мумкин бўлади.

Аммо стандартлардаги фарқлар туфайли улар учун алоҳида ўқ-дорилар ҳам сотиб олишга тўғри келади ва бу алоҳида логистик муаммога айланади. Пентагон жўнатмалари рўйхатида 155-миллиметрлик қуроллар учун 200 минг дона снаряд ҳам келтирилган. Жон Кирбининг сўзларига кўра, шундан 120 мингтаси аллақачон Украинага етказилган.

Бундан ташқари, кўплаб параметрлар, жумладан аниқлик ёки масофа узунлиги Украинага етказилаётган снарядларга боғлиқ. Бундай ўқ-дорилардан етарлича кўп ишлаб чиқилган, йўналтирувчи ва коррекция қилувчи тизимларга эга бўлган махсус юқори аниқликдаги ва узоқ масофага етиб борувчи снарядлар мавжуд ва уларнинг нархи жуда қиммат.

Украинага махсус снарядлардан фойдаланиш мумкин бўлган, модификация қилинган M777 гаубицалари етказиб берилган. Ижтимоий тармоқда тарқалган фотосуратлардан бирида муаллиф жуда узоқ масофага учувчи ва вайронкор зарба берувчи M795 ҳамда M549A1 снарядларини кўрсатган.

Зирҳли техника

Урушдан олдин ва урушнинг биринчи босқичида фаол етказиб берилган танкка қарши кўчма ракета мажмуалари украин пиёдаларига Россия қўшинларининг тарқоқ ва ҳимоясиз колонналари ҳужумига қарши туришда ёрдам берди.

Javelin’лар украин армиясига урушнинг илк даврида катта ёрдам берди, энди эса артиллерия керак. Фото: AFP

Интернетда ёндириб юборилган кўплаб техникалар фотосуратлари ва видеоёзувлари пайдо бўлди ва бу гранатомёт танкка қарши курашдаги мукаммал восита экани ҳақида таассурот уйғотди. Танклар универсал ва юқори самарали ҳарбий ҳаракатлар олиб борилувчи воситадан кўра Javelin, NLAW, «Стугна» ва бошқа танкка қарши ракета комплекслари учун ҳаракатланувчи нишонга ўхшаб қолди.

Кўп жиҳатдан бундай таассурот айнан шундай видео ва фотолар туфайли юзага келган. Экспертлар қайд этишича, кўплаб танклар ва бошқа зирҳли машиналар нафақат кўчма гранатомётлар ва танкка қарши бошқарилувчи ракеталар орқали, балки артиллерия билан ҳам нишонга олинган ва Россия Киев атрофидан чекиниб, асосий эътиборини Донбассдаги юришларга қаратгач, айнан артиллерия тизимлари танклар ва бошқа зирҳли техникаларга қарши курашишда асосий воситага айланди.

Биринчидан, россиялик ҳарбийлар тактикани ўзгартирди, энди улар биргаликдаги жанг олиб боришга ҳаракат қилмоқда, бунда танклар пиёдалар, енгил зирҳли техникалар ва артиллерия кўмагида олға ҳаракатланади. Тўғри фойдаланиш орқали танклар жанговар гуруҳнинг асосига айланади ва ҳужумни кучайтиради, пиёдалар эса уларни гранатомётчилардан ҳимоялаб боради.

Украин танклари ҳам мудофаада фаол иштирок этмоқда ва йўқотишларга учрамоқда, уруш шароитида буни аниқ баҳолашнинг имкони йўқ. Украина армияси танк паркини тўлдиришга муҳтож ва ҳозиргача хориждан бир неча юз машина етиб келган.

M113 - Вьетнам уруши давридан буён Америка армиясида «ишчи от» ҳисобланади, у Ироқ урушида ҳам хизмат кўрсатган

Енгил зирҳли техникалар жангда янада ожиз, айниқса советларнинг пиёдалар жанговар машиналари, зирҳли транспортёрлари ва десант машиналари ҳимояни камайтириш ҳисобига енгиллаштирилгани билан ажралиб туради.

Икки томон ҳам кўплаб енгил зирҳли техникаларидан айрилган ва паркини тўлдиришга катта эҳтиёж сезади. Аммо Россияда бундай техникалар захираси Украинадагидан каттароқ ва шу туфайли Украина қуролли кучларига ҳар қандай зирҳли транспортёрлар ва БМПлар асқотади.

Украинага қандай зирҳли техникалар етказилган ёки етказиш жараёнида?

  • Польша – Т-72М1 танклари. 240 дона
  • Чехия – Т-72М1 танклари. Аниқ миқдори номаълум
  • АҚШ – М113 гусеницали зирҳли транспортёрлар. 200 дона
  • Дания – M113. 50 дона
  • Польша – БМП-1. Ўнлаб
  • Чехия – 50 Pbv 501A (БМП-1). 56 дона
  • Австралия – Bushmaster зирҳли машиналари. 20 дона
  • АҚШ – M1114 HMMWV Humvee зирҳли машиналари. 100 дона атрофида
  • Буюк Британия – Mastiff, Wolfhound ва Husky патрул зирҳли машиналари. 80 дона
  • Канада – Roshel Senator зирҳли машиналари. Саккиз дона
  • Испания - URO VAMTAC зирҳли машиналари. Аниқ миқдори номаълум
  • Буюк Британия – FV103 Spartan гусеницали зирҳли транспортёрлар. 35 дона
  • Дания – Piranha III ғилдиракли зирҳли транспортёрлар. 25 дона.

Нима етказиб берилиши мумкин, аммо ҳозирча келишувга эришилмаган?

  • Германия – Leopard-1A5 танклари. 88 дона
  • Германия – Marder пиёдалар жанговар машиналари. 100 дона.

Зирҳли техникалар етказиб берилиши нимани ўзгартиради?

Украинага амалда танкларнинг фақат битта модели – советларнинг Т-72М1 танклари етказиб берилди. Улар ҳозирча икки мамлакатдан (Польша ва Чехия) келмоқда ва жиҳозланиши бўйича бироз фарқли, аммо умуман олганда бу танклар, BBC билан суҳбатда украиналик ҳарбий эксперт, зирҳли техникалар бўйича мутахассис ҳисобланган Андрей Тарасенконинг айтишича, украин танкчиларига яхши таниш.

Бу танкларнинг камчилиги – динамик ҳимоя блоклари (ДЗ) йўқлиги, экспертнинг айтишича, улар Украинага келтирилгач, қайта жиҳозлашни талаб этади. Бундай ҳимоя блоклари ишлаб чиқарилиши Украинада урушдан олдинроқ йўлга қўйилганди. Тарасенко қисқа вақт ичида бундай кўламдаги модернизация ўтказиш қийин кечишини тан олган.

Германиянинг Marder пиёдалар жанговар машиналари келажакда Украинада пайдо бўлиши мумкин. Фото: Getty

Енгил техникалар орасида Американинг М113 ва Humvee зирҳли автомобиллари кўпроқ, бу уларга хизмат кўрсатиш ва эҳтиёт қисмлар билан таъминлашни осонлаштиради. Аммо улардан ташқари бир неча мамлакат Украина армияси учун турли зирҳли машиналар партияларини етказиб берган ёки етказиб беришга ҳозирланмоқда. Уларга хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш – логистика нуқтайи назаридан нисбатан мураккаб вазифадир.

Аммо, Андрей Тарасенконинг фикрича, «ҳарбий ҳаракатлар шароитида техникалар истеъмоли шундай каттаки, экипаж ҳаётини сақлаши мумкин бўлган ҳар қандай машина зарур ва долзарбдир». «Уларни таъмирлаш ва таъминлаш муаммолари иккинчи планга чиқади, чунки [техникалар] ишлатилиши, йўқотишлар сони ва носозликлар жуда катта», деган у.

Бундан ташқари, Украина хориж машиналари учун ҳам, советларга мансуб эски машиналар учун ҳам экипажларни тайёрлаши талаб этилади.

«Мавжуд танклар имкониятларидан ҳам тегишли тайёргарлик, тренажёрлар, ўқув парки, методик материалларсиз ҳатто 60-70 фоизга фойдаланилмаяпти», дейди эксперт. «1989 йилда ўтказилган тадқиқотларга кўра, экипаж тайёрлиги даражасининг 25 фоизга ошиши жанговар машиналар ва танклар паркининг 60 фоизга ўсишига мос келади», дея қўшимча қилган у.

Андрей Тарасенконинг сўзларига кўра, Американинг ўқитиш тизими советларникидан устун, чунки у ерда нисбатан замонавий тренажёрлар мавжуд. Украина ҳам замонавий ўқув машғулот комплексларига эга, аммо танкчиларни ўқитиш камида бир неча ҳафта вақт олади.

Дронлар

Учувчисиз учиш қурилмалари сўнгги йилларда замонавий ҳарбий можароларнинг асосий рамзига айланаёзди.

Аммо худди танкларга қарши мажмуалар билан бўлгани каби, дронларнинг самарадорлигини баҳолашда ҳам медиа ва блогосфера катта таъсир кўрсатди – Тоғли Қорабоғ ёки Украинадаги урушда дронлар камералари орқали тасвирга олинган, ҳарбий техникаларнинг яксон этилиши акс этган видеолар ижтимоий тармоқларда анча машҳур.

Туркларнинг «Байрактар» разведкачи дрони зарба бериши ҳам мумкин. Фото: Getty

Мутахассислар баҳоларига кўра, дронларнинг жанг майдонидаги ҳақиқий ўрни аслида бошқача. Улар чиндан ҳам зарбалар бериши мумкин ва баъзида буни муваффақиятли бажаришади. Аммо улар бошқа кучлироқ зарба бериш воситалари учун нишонларни белгилаб бериш ва йўналтиришда янада фойдалироқ.

Туркларнинг «Байрактар» номини олган TБ2 дронлари ижтимоий тармоқларнинг ҳақиқий юлдузига айланган. Туркия уларни Сурияда 2020 йил февралида «Баҳор қалқони» амалиёти чоғида, ундан олдинроқ Ливияда Ҳафтар армиясига қарши муваффақиятли қўллаган. Улардан Қорабоғда ҳам кенг фойдаланилган, энди Украинада ҳам фойдаланилмоқда.

Аслида Украина армияси анча вақтдан буён фойдаланаётган «Байрактар» ёки камикадзе дронларнинг самарадорлигини баҳолаш қийин – ижтимоий тармоқларда фақат муваффақиятли чиққан зарбалар видеолари тарқалади, қолаверса, бундай зарбаларнинг оқибатларини ҳам доимо аниқ баҳолаб бўлмайди.

Аммо «Байрактар» - бу разведка ҳам олиб борадиган зарбдор дрон эмас, балки зарба ҳам бера оладиган разведка дрони ҳисобланади. Ва шунинг учун унинг асосий аҳамияти кузатув, разведка ва нишонни белгилаб беришдадир.

Май ойи бошида украин учувчисиз учиш қурилмалари Украина авиацияси билан биргаликда Қора денгиздаги Змеиний оролига зарбалар йўллади. Ўшанда «Байрактар»лар қуруқлик ва денгиздаги нишонларга зарба берибгина қолмасдан, орол ва унинг атрофидаги россиялик кучлар жойлашувини кузатиш ва разведка қилиш ишларини ҳам амалга оширганди.

Украинага қандай дронлар етказиб берилди?

  • АҚШ – Phoenix Ghost тактик дронлари. 121 дона
  • АҚШ – Switchblade (камикадзе дронлар). 700 дона
  • АҚШ – RQ-20 Puma - тактик разведкачи дронлар. Сони аниқ эмас
  • Туркия – TB2 Bayraktar разведкачи зарбдор дронлари. Сони аниқ эмас, етказиб бериш давом этмоқда
  • Дания – Heidrun разведкачи дронлари. 25 дона.

Дронлар етказиб берилиши нимани ўзгартиради?

АҚШ етказмалари рўйхатида камикадзе дронлар деб ҳам аталадиган «осмондаги снарядлар» бир талай.

Разведкачилардан фарқли ўлароқ, бу бир марталик қурол бўлиб, уларни амалда ҳавода узоқ вақт ҳаракатланиши мумкин бўлган тактик қанотли ракеталар дейиш ҳам мумкин. Улар украин қисмларининг имкониятларини оширади, аммо бу разведкачи дронлар ўрнини боса олмайди.

Украинлар фақат йирик ҳажмли «Байрактар»лардан фойдаланаётгани йўқ. Кўпинча разведка ва артиллерия учун нишонларни белгилаб бериш бир нуқтада туриб тасвирга олувчи ва картинкани реал вақт режимида операторга узатувчи кичик коптерлар орқали амалга оширилади.

Дронлар зарба бериш имкониятлари анча юқори бўлган авиация ўрнини боса олмайди. «Байрактар» - штурмовик ёки бомбардимончи самолётлар учун муқобил восита эмас. Аммо учувчисиз учиш қурилмаларининг ўз афзалликлари бор. Дронлар ихчам учиш-қўниш йўлакларидан ҳавога кўтарила олади, айримларини эса дала майдонида туриб ҳам учириш мумкин.

Украинлар артиллериядан ёппасига ўт очишга эмас, зарбалар аниқлигига эътибор қаратаётгани, Украина армиясида турли бўлинмаларнинг ишини мувофиқлаштириш тўғри йўлга қўйилгани сабабли дронларнинг Украина қуролли кучларидаги ролини эътибордан четда қолдириб бўлмайди.

Ҳарбий экспертлар ҳисоблашича, Россия армияси техника ва аскарларини бўлиб-бўлиб жойлаштиришга эътиборсиз бўлгани ва бу украинларга дронларнинг аниқ йўналтириши эвазига таъсирчан зарбалар йўллашга имкон берганидан келиб чиққан ҳолда, дронларнинг роли янада аҳамиятли бўлган.

Учувчисиз учиш қурилмалари икки томондан ҳам фаол қўлланмоқда, уларнинг аниқ сонини айтиш имконсиз, биринчидан, икки томон ҳам буни очиқламайди, иккинчидан, қанча дрон уриб туширилганини аниқлаш қийин, чунки деярли ҳар куни дронлардан фойдаланилгани ҳақидаги видеолар билан бирга уларнинг йўқ қилингани ҳақидаги хабарлар ҳам келади.

Назорат ва разведка

Батареяларга қарши уруш олиб бориш, яъни артиллерия позицияларини нишонга олишга ёрдам берувчи яна бир тизим артиллерия радарлари ҳисобланади. Артиллерия фронт ортидаги ёпиқ позициялардан туриб қўлланиши инобатга олинса, батареяларнинг жойлашувини аниқлаш анча қийин кечади.

Батареяларга қарши радар снарядларнинг учиш траекториясини кузатиш орқали батарея позициясини ҳисоблаб чиқади. Бу артиллерия қурилмаси ўз позициясидан олиб кетилгунича унга қарата тезкорлик билан ўт очишда ёрдам беради. Бундай радарлар айниқса тезда жойини ўзгартириши мумкин бўлган ўзиюрар артиллерия установкалари билан курашда қўл келади. Россияда ҳам «Зоопарк-1» номли батареяларга қарши радарлар мавжуд.

Украинага қандай радарлар етказиб берилган ёки етказиб беришга тайёргарлик кўрилмоқда?

  • АҚШ. Миномётларни кузатиш учун батареяга қарши радарлар. Тўрт дона
  • АҚШ. Батареяга қарши радарлар. 17 дона
  • Нидерландия. AN/TPQ-36 батареяга қарши радарлари. Беш дона
  • Нидерландия. Қуруқликдаги Thales Squire Ground Surveillance Radar тактик радарлари. Икки дона
  • АҚШ. AN/MPQ-64 Sentinel ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими радари.

Бундан ташқари, матбуотда Буюк Британия ва АҚШдан Украинага бошқа турдаги батареяга қарши радарлар етказиб берилиши ҳақида хабарлар чиққан.

Батареяларга қарши радарлар нимани ўзгартиради?

Бундай тизимлар разведкачи дронлар билан яқиндан ҳамкорлик қилиб, Украина артиллериясини янада кучайтиради.

Радар нафақат рақиб батареяси жойлашувини аниқ аниқлайди, балки бу ишни жуда тез амалга оширади ҳам.

Артиллерия, айниқса ўзиюрар қурилмалар, жавоб зарбасидан қочиш учун тезда позициясини ўзгартириши мумкин ва зарбага реакция тезкор бўлиши жуда муҳим рол ўйнайди.

Украина қўшинлари интилаётган аниқ зарбалар бериш тактикаси учун ўта муҳим бўлган яна бир нарса - разведка маълумотлари тақдим этилишидир. Тижорий сунъий йўлдош тасвирлари душманнинг фронт ортидаги вазиятини назорат қилишда ёрдам беради.

Хорижий давлатлар Украинага яна нималар етказиб берган ёки етказиб бермоқда?

  • АҚШ – Ми-17В5 вертолётлари. 16 дона
  • АҚШ – Stinger кўчма зенит ракета мажмуалари. 1400 дона
  • АҚШ – турли танкка қарши мажмуалар (Javelin’лардан ташқари). 14 минг
  • АҚШ – Javelin мажмуалари. 5500 дона
  • АҚШ – соҳил мудофааси катерлари. Сони номаълум
  • Словакия – С-300ПМУ зенит-ракета комплекси. Битта батарея
  • Буюк Британия – Stormer HVM зенит-ракета комплекслари. Сони номаълум
  • Буюк Британия – Starstreak зенит-ракета комплекслари. Сони номаълум
  • Германия – Gepard зенит установкалари. 50 дона.

Мавзуга оид