Конституциявий комиссия матбуот котиби — таклифлар, комиссия таркиби ва 90-модда ҳақида
Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича таклиф тўплаш жараёни қанча вақт давом этади? Таклифларни қабул қилиш ва қабул қилмасликда қайси мезонларга қаралади? Kun.uz мухбири шу каби саволлар билан Одил Тожиевга юзланди.
Конституциявий комиссия матбуот котиби Одил Тожиев брифинг ўтказиб, комиссияга келиб тушган таклифлар юзасидан жамоатчиликка маълумот берди. Тадбир якунида Kun.uz мухбири унга жараёнга оид қатор саволлар билан юзланди.
— Конституциявий комиссиянинг таклиф тўплаш жараёни қанча вақт давом этади ва шунингдек, конституцияда акс этиши учун таклифлар қандай талабларга жавоб бериши керак? Ёки бу ерда ҳаммаси комиссия истаклари, қарорларига боғлиқми?
— Конституциявий комиссия ўз фаолиятини қонун лойиҳаси ишлаб чиқилгунигача давом эттиради. Бу бир ой ҳам ёки ундан озгина ошиши ҳам мумкин. Бу энди фуқаролардан келиб тушаётган таклифлар ҳамда комиссия иши самарадорлигига боғлиқ. Бу – биринчиси.
Иккинчиси, “фаолиятини қандай амалга оширяпти, таклифлар билан қандай ишланяпти?” – саволи ўринли. Бу таклифлар бизга махсус платформа, ижтимоий тармоқлар, телеграм бот ёки анъанавий почта орқали келиб тушмоқда. Бунда комиссия ҳузурида биринчи бўлиб таклифларни қабул қилиб олиш ва умумлаштириш гуруҳи ташкил этилган. Бу гуруҳ ўша таклифларни олиб, умумлаштириб, ҳудудлар ва соҳалар кесимида ажратиб, кейин комиссияга узатади. Буларнинг ҳаммаси соатбай ишлайдиган гуруҳлар ҳисобланади.
Кейинги гуруҳимиз бу – таклифларни таҳлил қилиш гуруҳи. Таклифларни таҳлил қилиш гуруҳи таклифни Конституция моддалари, бобларига қанчалик мослиги ва шунга йўналтирилганига қараб, таҳлил қилиб чиқади ва шу таҳлил қилинган маълумотларни Конституциявий комиссияга тақдим қилади.
Комиссия эса буларни муҳокама қилиб, қайсилари лойиҳага қабул қилинади ёки қайсилари бошқа қонунларнинг предмети шаклида таклиф қилиниши бўйича хулосага келади.
— Биз учун энг қизиқ нуқта ҳам шу ерда-да. Улар қайси йўналишларга қараб танлаб олинади ёки комиссия қайси соҳаларга қараб уларни ўтказиш, ўтказмасликни ҳал қилади? Бу ерда ҳамма нарса комиссиянинг ихтиёрига бериб қўйилганми?
— Албатта, сўнгги қарорни комиссия ҳал қилади. Яъни қонун лойиҳасига қайси бири олинди ёки олинмайди? Таҳлил гуруҳимиз эксперт, юрист ҳамда олимларимиздан иборат қилиб тузилган. Улар қайси таклифни Конституция даражасигача олиб чиқиш хулосаларини беради. Яъни Конституциявий комиссияга узатади. Қайсилари бошқа қонунларимиз билан тартибга солиниши ёки унга олиниши мумкинлигини таҳлил гуруҳи хулоса сифатида беради.
— Одилжон ака, Конституциявий комиссия таркибига журналист ва блогерларнинг киритилмай қолгани танқидларга сабаб бўлмоқда. Хўш, унинг таркиби қандай тузилди ўзи?
— Икки ташаббускор партиянинг Қонунчилик палатасидаги фракциялари ташаббуси билан бу ғоя илгари сурилди ва икки палата кенгашларининг қўшма йиғилишида Конституциявий комиссия таркиби тасдиқланди. Бунда кенгашларимиз ўзаро маслаҳат ўтказди. Депутат ва сенаторлар биринчи навбатда, халқ вакиллари.
Бундан ташқари, комиссия таркибидан турли соҳа олимлари жой олган. Шунингдек, бу ерда жамоатчилик вакиллари ҳам бор.
Менимча, комиссия таркибига журналист ва блогерлар кирган, кирмаган дейиш – бу нисбий қараш.
— Йўқ, айтмоқчиманки, бугун журналист ва блогерлар жамиятда катта кучга айланган ва назаримда, улар ҳам бу комиссияга киришга ҳақли эди.
— Комиссия фаолиятини бошлаб бўлган. Унинг таркибида алоҳида матбуот хизмати ташкил қилингани ва матбуот котиби ҳам алоҳида лавозим сифатида белгилангани “журналистлар четда қолди” деб ҳисобламасликка асос бўлади.
Агар очиқлик, ошкоралик, шаффофлик масаласида ёки шу соҳани такомиллаштириш бўйича алоҳида нормаларни ҳимоя қиладиган бир вакилни назарда тутаётган бўлсангиз, ундай вакил комиссия таркибида бор.
— ЎзЛиДеП конституциявий ислоҳотлар ташаббуси билан чиқар экан, бевосита сиз аъзо бўлган “Миллий тикланиш” партияси ҳам ташаббусни қўллаб-қувватлади. Албатта, ташаббус билдирилар экан, у қандайдир фундамент, асос устига қурилиши керак. Яъни партияларнинг ўзида аниқ таклифлар бўлиши керак. Шу маънода иккала партия Ўзбекистонда қандай сиёсий ислоҳотларни режа қилган?
— Иккала партия фракцияларининг йиғилишларида бу масалани чуқур кўриб чиқдик. Авваламбор, аввалги сиёсий жараёнлар, яъни бўлиб ўтган сайловлар билан боғлиқ. Унда “Миллий тикланиш” партиясининг номзодида ҳам конституциявий нормаларни такомиллаштириш бўйича таклифлар бўлган. Ва “ЎзЛиДеП”да ҳам шундай бўлганини кузатганмиз. Улар, албатта, ўзларининг сайловолди дастурлари, партиялар низоми, уларнинг биринчи навбатда, электоратининг хоҳиш-истакларидан келиб чиқиб, шу дастурларини белгилаб олишади.
Бу дастурлар, албатта, Конституциянинг ҳозирги бўлаётган ислоҳотлар билан ёнма-ён бориши ва келгусидаги стратегияларни белгилайдиган бош қомусимизни такомиллаштиришда туртки бўлди деб ўйлайман.
— Агар деталларга кирадиган бўлсак, ўзбекистонликлар қандай сиёсий ислоҳотлар таклифини кўпроқ билдирмоқда?
— Таклифлар орасида суд-ҳуқуқ, коррупцияга қарши кураш ва шунингдек, ижтимоий соҳаларга оидлари ҳам бор. Шунингдек, яна бир нарсага урғу бермоқчиман, фуқаролар экологик масалаларини ҳам конституциявий нормада мустаҳкамлаб қўйишни сўрамоқда.
— Айтинг-чи, таклифлар орасида 90-модда – Ўзбекистон президентининг ваколат муддатини узайтириш ёки камайтириш бўйича ҳам таклифлар келдими?
— Бу масалада бирорта ҳам таклифлар келиб тушмади. Ҳозирги кунда Конституциявий комиссия ўрганаётган лойиҳада ҳам бу масалага урғу берилмаган. Шунингдек, иккала партиянинг ташаббуси пайтида ҳам бу масалага эътибор қаратилмаган эди.
Ўйлайманки, олдимизда ҳали кўплаб масалалар турибди. Лекин сиз кўтараётган ушбу масалада ҳозирги кунда бир таклиф ҳам, ўрганиб чиқилаётган ҳолат ҳам йўқ.
— Демак, конституция ислоҳоти таклифи билан чиққан иккала партияда ҳам бундай бўлмаган?
— Иккала партия кенгашининг йиғилишида ҳам иштирок этдим, лекин уларнинг ҳеч биридан бундай таклиф чиқмаган.
Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Мавзуга оид
15:38 / 10.04.2023
“Санъаткор учун “запрет” деган мудҳиш тушунча бор эди” — Озода Нурсаидова
13:04 / 10.04.2023
“Давлатнинг кўмаги билан ўлимдан қолдим” – навоийлик бемор
13:34 / 09.04.2023
“Сардоба фожиасида ўғлимнинг ўзи ҳам оқиб кетиб, қутқарилган” – қаҳрамоннинг онаси
13:47 / 07.04.2023