Хитой Тайван атрофидаги ҳаво ҳудудига 30 та ҳарбий самолёт жўнатди. Уларни қарши олиш учун қирувчилар ҳавога кўтарилди
Тайван расмийларига кўра, душанба куни давомида Хитой орол атрофидаги ҳаво кенглигига 30 та жанговар самолётларини юборган. Уларнинг йўлини тўсиш учун тайванликларнинг қирувчи самолётлари ҳавога кўтарилган. Бу ушбу ҳудудда январ ойидан буён энг йирик ҳодисадир.
Бир неча кун муқаддам АҚШ президенти Жо Байден Хитойни Тайванга бостириб кириш оқибатидан огоҳлантириб, ҳужум рўй бергудек бўлса, Вашингтон оролга ҳарбий ёрдам кўрсатишини маълум қилганди.
Тайван мудофаа вазирлигига кўра, сўнгги ҳодисада 22 та қирувчи самолётлар (олтита J-16, саккизта J-11, тўртта J-10 ҳамда иккитадан Су-35 ва Су-30), шунингдек радиоэлектрон кураш самолётлари, разведкачи самолётлар ҳамда сув ости кемаларига қарши самолётлар иштирок этган.
Бунга жавобан орол қуролли кучларига тегишли қирувчи самолётлар ҳавога кўтарилган ҳамда Хитой ҳарбий самолётларига тегишли огоҳлантиришлар берилган.
Вазирлик тақдим этган харитага кўра, хитойликлар самолётлари Тайван ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимининг кузатув ҳудудидаги Пратас оролининг шимоли-шарқидаги ҳудудга бир неча ўн километр кириб келган. Аммо хитойликларнинг қирувчи самолётлари Тайван ҳаво кенглигига кирмаган, бу душманлик ҳаракати сифатида баҳоланган бўларди.
Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимининг кузатув ҳудуди - мамлакат ҳудудлари ва миллий ҳаво кенгликларидан ташқаридаги ҳудуд ҳисобланади, бу ердан учувчи хорижий самолётлар миллий хавфсизлик нуқтайи назаридан қайд этилади, кузатилади ва назорат қилинади. Мамлакатлар бу ҳудуд чегараларини мустақил равишда белгилайди ва техник жиҳатдан у халқаро ҳаво ҳудуди бўлиб қолаверади.
Орол расмийлари хабарига кўра, Хитой самолётлари бир йилдан ортиқ вақт давомида ушбу ҳудудга мунтазам равишда учиб келади. Тайван буни «кулранг ҳудуд»даги амалиётлар деб атайди, ундан мақсад Тайван ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларининг жанговар шайлигини текшириш ҳисобланади.
Таҳлилчиларнинг ҳисоблашича, Хитой қирувчиларининг парвозлари Тайван ҳукуматини расман мустақиллик эълон қилишдан тийиш учун навбатдаги огоҳлантириш ҳисобланади.
Пекиндагилар эса аввалроқ бундай машғулотлар мамлакат суверенитети ҳимоясига қаратилганини билдирганди.
«Олов билан ўйнашиш»
Президент Байден ўтган ҳафтада Осиёга сафари вақтида (бу унинг президент сифатида мазкур минтақага илк ташрифи бўлганди) Хитойнинг Тайван ҳаво кенглиги атрофида ҳаракатланиши ҳақида эслаб ўтганди.
Унинг сўзларига кўра, Хитой «ҳозирда Тайванга бу қадар яқин учиш орқали олов билан ўйнашмоқда». У агар Пекин оролга бостириб киргудек бўлса, АҚШ ҳарбий чоралар билан жавоб қайтаришга тайёрлигини айтганди.
Байденнинг баёнотини Тайван билан муносабатларда шу вақтгача амалда бўлган «стратегик ноаниқлик» тактикасидан чекиниш сифатида талқин қилиш мумкин, бундай тактика АҚШга Хитой Тайванга ҳужум қилган тақдирда қандай реакция кўрсатишини ноаниқ қолдиришга имкон берарди. Бошқа томондан АҚШ «ягона Хитой» сиёсатига риоя этади, унга кўра мамлакатда фақат бир ҳукумат - Пекиндагиси тан олинади. Бошқа томондан - агар хавфсизлиги таҳдид олдида қолса, Тайванга ёрдам кафолатланади.
Ўтган ҳафтада Хитой ҳарбийлари Тайван атрофидаги машғулотлар «Тайбэйнинг Вашингтон билан фитнасига қарши» ўтказилганини маълум қилганди.
Сўнгги ҳодиса Тайбэйга америкалик сенатор Тэмми Дакворт олдиндан эълон қилинмаган ташриф билан келишига тўғри келди, сенатор оролга Тайван президенти Цай Инвэн билан савдо ва ҳудудий хавфсизлик масалаларини муҳокама қилиш учун келган.
Хитой ва Тайван муносабатлари: асосий гаплар
- Хитой ва Тайван муносабатлари нега бундай мураккаб? Хитой ва Тайван 1940-йиллардаги фуқаролик уруши даврида ажралган, аммо Пекин орол қачондир куч билан бўлса-да қайтарилишини айтиб келади.
- Тайван қандай бошқарилади? Оролнинг ўз конституцияси, демократик сайланган етакчилари ва 300 минг ҳарбий хизматчидан иборат қуролли кучлари мавжуд.
- Тайванни кимлар расман тан олган? Фақат бир неча давлат, давлатларнинг кўпчилиги Пекиндаги ҳукуматни тан олади. АҚШда Тайван билан расмий алоқалар мавжуд эмас, аммо 1979 йилда қабул қилинган «Тайван билан муносабатлар тўғрисидаги қонун»га биноан оролга мудофаа воситалари етказиб беради.
Мавзуга оид
16:03
Хитойдаги дарёда дунёдаги биринчи қутқарувчи робот патруллик қилишни бошлади
20:08 / 10.11.2024
Хитойга тегишли марсоход Марсда қадимий океан изларини топди
17:55 / 10.11.2024
Хитой Филиппиннинг денгиз зоналарига оид қонунига жавобан патрулликни кучайтиради
15:18 / 10.11.2024