Ўзбекистон | 21:34 / 01.06.2022
36921
3 дақиқада ўқилади

22 турдаги озиқ-овқат маҳсулоти йил охиригача импорт божидан озод қилинди

Савдога қўйилган айрим тўсиқлар вақтинча юмшатилди.

Президент фармони билан, 22 хил тоифадаги озиқ-овқат маҳсулотларини йил охиригача Ўзбекистонга олиб киришда импорт божи ундирилмаслиги белгиланди. Балиқ ва сут маҳсулотлари, банан ва цитрус мевалар, ўсимлик ёғи ва сариёғ, тухум ва кофе шулар жумласидан.

Молия вазирлиги изоҳига кўра, бугунги кунда Ўзбекистоннинг асосий импорт ҳажми МДҲ мамлакатларига тўғри келади ва бу давлатлардан товарларни олиб киришда божхона божлари қўлланилмайди.

Бироқ жаҳонда юзага келган вазият туфайли асосий савдо ҳамкорлар ва бошқа мамлакатлар айрим озиқ-овқат маҳсулотлари экспортига тақиқ қўймоқда.

Шу сабабли Ўзбекистонга озиқ-овқат товарларини бошқа давлатлардан олиб келишга тўғри келяпти. Айрим озиқ-овқатларга божларнинг бекор қилиниши шу билан боғлиқ. Қолаверса, импорт озиқ-овқатларнинг нархи ошишининг олдини олиш ҳам мақсад қилинган.

2022 йил 1 майдан бошлаб 2023 йил 1 январга қадар Ўзбекистонга олиб киришда божхона божининг ноль ставкаси қуйидаги товарларга нисбатан қўлланади:

Қўшимча қилиш лозим, президентнинг 2021 йил 30 декабрдаги қарорига асосан, 2022 йил охиригача қуйидаги товарларни олиб киришда ҳам божхона божи бекор қилинган:

Бундан ташқари, 2023 йил 1 январга қадар савдо-иқтисодий муносабатларда энг кўп қулайлик бериш режимини назарда тутмайдиган мамлакатлардан импорт қилишда божхона божларининг икки баравар ставкаси қўллаш тартибини тўхтатиб туриш белгиланди.

Маълумот учун, Божхона кодексининг 300-моддасига асосан, савдо-иқтисодий муносабатларда энг кўп қулайлик бериш режими назарда тутилмаган мамлакатларда ишлаб чиқарилган товарларга нисбатан божхона божларининг ставкалари 2 баравар оширилиши белгиланган. Ҳозирда Ўзбекистон 47 та давлат билан энг кўп қулайлик режимини яратган ҳолда савдо-иқтисодий ҳамкорлик қилиш бўйича битим имзолаган.

Эндиликда бу давлатлардан импорт қилинадиган товарларга амалдаги бож тариф ставкаларининг бир баравари миқдорида ставка қўлланилади.

Ушбу чора товарларнинг импорти қайси давлатдан амалга оширилишидан қатъи назар, юқоридаги рўйхатдаги товарларга татбиқ қилинмайди. Сабаби, улар бўйича божхона божи ноль ставкалари белгиланди ҳамда ноль ставка товарни исталган мамлакатдан импорт қилишда қўлланилади.

2023 йил 1 январга қадар қуйидагилар ҳам вақтинча тўхтатилади:

  • давлат буюртмачилари томонидан давлат харидларида импорт қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотлари сотиб олиниши бўйича чекловлар (ҳукуматнинг 29.01.2021 йилдаги 41-сон қарори);
  • Ўзбекистоннинг импорт географияси ўзгараётгани ҳамда айрим давлатлардан импорт илк марта амалга оширилиши сабабли республикага олиб кириладиган озиқ-овқат маҳсулотларини давлат тилида мажбурий маркировка қилиш тартиби.

Бу чоралар кичик ҳажмларда импортни амалга оширувчилар учун янги савдо ҳамкорлари билан маҳсулотларни етказиб беришни йўлга қўйиш учун қўшимча шароитлар яратади.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига ноозиқ-овқат маҳсулотларига божхона божлари ставкаларини ҳам пасайтириш топширилди.

Мавзуга оид