Ўзбекистон | 13:22 / 01.06.2022
6412
3 дақиқада ўқилади

“Ҳудудгаз Бухоро”: “17 километрдан ортиқ газ қувурлари реконструкция қилинади”  

Фото: Ҳудудгаз Бухоро

“Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиали томонидан куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари бошлаб юборилди. Вилоятнинг барча ҳудудларида газ маромлаш қурилмалари тафтиш қилиниб, газ қувурлари тартибга келтирилмоқда, бўялмоқда. Бу ҳақда филиал матбуот хизмати хабар берди.

Ҳозирда вилоятда 262 мингдан ортиқ табиий газ истеъмолчиси бор. Уларнинг табиий газ таъминотига бўлган эҳтиёжини қондириш ҳамда мавжуд муаммоларнинг олдини олиш учун газ таъминоти ходимлари томонидан амалий ишлар олиб борилмоқда. 

“Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиали бўлим бошлиғи Сирожиддин Авезовга кўра, 2022–2023 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик давомида 17 км.дан ортиқ газ қувурларини реконструкция қилиш кўзда тутилган.

7 мингдан ортиқ газ маромлаш қурилмаси тафтиш қилинади, 374 км газ қувурлари ҳаво босими ёрдамида тозаланади ва 502 км.дан ортиқ қувурларда тартибга келтириш, бўёқлаш ишлари бажарилади. Бу борада жойларда мутахассислар томонидан барча ишлар самарали ташкил этилишига эътибор қаратилмоқда. Бугунга қадар 400 га яқин газ маромлаш қурилмаси тартибга келтирилиб, тафтиш қилинди. 2 км.дан ортиқ газ қувурлари реконструкция қилинганди. Шунингдек, 52 км.дан ортиқ қвурларда бўёқлаш ишлари олиб борилди”, — дея таъкидлайди Сирожиддин Авезов. 

Вилоятнинг олис ҳудуди – Қоровулбозор туманида 5 087 нафар аҳоли ва 136 та улгуржи истеъмолчига “Qorovulbozortumangaz” газ таъминоти бўлими томонидан табиий газ етказиб берилмоқда. Туманнинг Чўлқувар маҳалласида жойлашган 2 та газ маромлаш қурилмаси тафтиш қилинди, бўёқлаш ишлари олиб борилган. 400 метр газ қувурлари эса бўёқланмоқда. Ҳудудда 753 нафар истеъмолчи муаммосиз табиий газ билан таъминланади.

Шунингдек, туманнинг Имом ал-Бухорий маҳалласида жойлашган газ маромлаш қурилмаси орқали 955 нафар фуқарога табиий газ етказиб берилмоқда. Ушбу газ маромлаш қурилмаси ҳам соҳа ходимлари томонидан тўлиқ тафтиш қилиниб, хавфсиз ҳолга келтирилган. Ҳозиргача тумандаги 22 та газ маромлаш қурилмаси тўлиқ тафтиш қилинган бўлиб, жами 4 кмдан ортиқ газ қувурлари бўёқланиб, тартибга келтирилган.  

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш