Ўзбекистон | 10:41 / 04.06.2022
15376
2 дақиқада ўқилади

ПТМАга ўтаётган мактаблар қандай шартлар бўйича танлаб олинганига изоҳ берилди

ПТМА таркибига ўтаётган Халқ таълими вазирлигига тегишли бўлган айрим ихтисослаштирилган мактабларни танлаб олишда ўқувчи қамраб олиш қуввати, ҳудудда коммуникация ривожлангани каби омиллар ўрганилган.

Фото: Президент таълим муассасалари агентлиги

Президент фармони билан Халқ таълими вазирлиги тасарруфида бўлган айрим ихтисослашган мактаблар Президент таълим муассасалари агентлиги тизимига ўтказилаётгани эълон қилинганди. Шундан сўнг ота-оналар ва жамоатчилик томонидан мактаблар қандай шартлар асосида танлаб олингани бўйича саволлар пайдо бўлганди.

Президент таълим муассасалари агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Дилшод Кенжаевнинг изоҳлашича, ихтисослаштирилган мактабларни ҳудудлардан танлаб олиш учун Республика комиссияси ташкил қилинган.

Комиссия республикадаги қарийб 500дан ортиқ мактаб ва мактабга мос биноларни, бошқа вазирлик ва ташкилотлар балансида турган биноларни бориб кўриб, ўқувчини қамраб олиш қуввати, аҳоли учун қулайлигини ўрганиб чиққан.

“Бундан ташқари, аҳолининг иштиёқи бор, олий, биринчи тоифали ўқитувчиларга эга бўлган ҳудудлар ҳам алоҳида инобатга олинди. Барча туман ва шаҳарлардаги аҳоли учун қулай, транспорт воситалари қатнайдиган, коммуникация ривожланган жойлар танлаб олинди”, – деди агентлик вакили янги ўқув йили қабулига бағишланган матбуот анжуманида.

Мавзуга оид