Ўзбекистон | 15:08 / 08.06.2022
11668
2 дақиқада ўқилади

Антимонополия қўмитаси “Ўзбекистон кабел телевидениеси”га қарши иш қўзғатди

“Ўзбекистон кабел телевидениеси” МЧЖ нархларни асоссиз равишда оширган ва рақобат қонунчилиги талабларини бузиб келган.

Фото: AP

Теле- ва радиодастурларни қайта узатиш хизматлари бозоридаги рақобат қонунчилиги талабларини бузгани учун “Ўзбекистон кабел телевидениеси” МЧЖга нисбатан иш қўзғатилди. Бу ҳақда Монополияга қарши кураш қўмитаси хабар бермоқда.

“Ўзбекистон кабел телевидениеси” хорижий телеканалларнинг теледастурлар пакетини шакллантириш ва уларни Ўзбекистон ҳудудида кабел ва ИП-телевидение фаолияти билан шуғулланувчи хўжалик юритувчи субъектларга тарқатиш хизмати бўйича Товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектларнинг давлат реестрига киритилган.

“Махсус комиссия томонидан мурожаатда қайд этилган ҳолатлар ўрганиб чиқилиб, бозорда устун мавқега эга корхона – “Ўзбекистон кабел телевидениеси” МЧЖга нисбатан иш қўзғатилди ҳамда жамият томонидан адолатсиз нарх қўллангани ва рақобат қонунчилиги талаблари бузилгани ҳолатларини бартараф этиш бўйича қарор ва кўрсатма берилди. Натижада, нархларни сунъий ошириш ҳолатига чек қўйилди ва тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатлари ҳимоя қилинди”, – дейилади хабарда.

Шунингдек, қўзғатилган иш якуни бўйича, Махсус комиссия томонидан “Ўзбекистон кабел телевидениеси” МЧЖга хизматлар нархларини тартибга солиш органида тасдиқлаш (декларация қилиш) ҳамда келгусида ишларни қонунчилик талаблари доирасида давом эттириш юзасидан тегишли кўрсатма берилган.

Мавзуга оид