Зеленский: Украина ҳужумга ўта олмайди, Донбассдаги турғунликка ҳам йўл қўйиб бўлмайди
Украина президенти жаҳонда уруш билан боғлиқ чарчоқ кузатилаётгани, одамлар «ўзи учун қандайдир натижага эришиш»ни истаётгани, шу сабабли Украинани Россия билан ўз манфаатларига зид натижали музокараларга кўндиришга уринишлар бўлаётганини таъкидлади.
Украина президенти Володимир Зеленский Россия босқинига қарши туриш мамлакат қуролли кучларига қимматга тушаётгани ҳақида гапирди. Донбассда давом этаётган артиллерия уруши туфайли ҳар куни ўртача 100 нафаргача украин ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлмоқда.
Унинг сўзларига кўра, уруш позицион тус олган: Украина шарқда ҳужумга ўта олмайди, шу туфайли у ердаги вазият турғунлашган. Президент бу вазиятга йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлаган.
«Биз қурол-яроғ борасида ортдамиз, шунинг учун ҳужумга ўта олмаймиз. Бу ҳолда биз янада кўпроқ йўқотишларга учраймиз, мен эса одамларнинг жонини сақлаб қолишни афзал кўраман», - деган Зеленский.
Financial Times таҳририяти томонидан ташкиллаштирилган конференцияда чиқиш қилган Зеленский Украинанинг урушни давом эттиришдан мақсад - ўз ҳудудларини РФ қўшинларидан озод этиш экани, аммо рақибни ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган «ДХР» ва «ЛХР»нинг мамлакат шарқидаги шартли чегараларига қайтариш ҳам Киев учун «вақтинчаликка жиддий ғалаба» ҳисобланишини қўшимча қилди.
Зеленскийнинг сўзларига кўра, «ғалабага жанг майдонида эришиш керак». Шу билан бирга, у аввал ҳам айтганидек Владимир Путин билан юзма-юз музокаралар ўтказишга тайёрлиги, чунки «ундан бошқа гаплашадиган ҳеч ким йўқлиги»ни таъкидлаган.
Зеленский яна бир бор Ғарбнинг айрим давлатларини қоралади, унинг сўзларига кўра, бу давлатлар «Украинанинг иштирокисиз» Украина ҳудудида сулҳга эришмоқчи бўлмоқда.
«Ғарб томонидан бизга Украина суверенитети учун барқарор қўллаб-қувватлов керак. [Киев]ни четлаб ўтиб музокаралар ўтказилишига йўл қўймаслик керак. Қандай қилиб Украинанинг позициясини тингламай туриб, Украина ҳудудида ўт очишни тўхтатишга эришиш мумкин?» - дея ғазаб сочган Зеленский.
Уни Франция президенти Эммануэл Макроннинг шу кунларда жаҳон ҳамжамиятини «Россияни Украинада камситмаслик кераклиги» ҳақида айтган гаплари ҳам ғазаблантирган.
«Мен тушунмадим.. Россияни камситиш. Улар бизни саккиз йилдан буён ўлдиришмоқда. Биз нима ҳақда гапиряпмиз?» дея ҳайрон бўлган украин президенти.
Британия бош вазири Борис Жонсонни эса Зеленский алқаган ва у шу кунларда ишончсизлик вотуми эълон қилиш масаласида ўтказилган овоз бериш жараёнидан кейин лавозимини сақлаб қолганидан хурсандлигини айтган.
«Мен хурсандман, жуда муҳим иттифоқчимизни йўқотмадик», - деган Зеленский.
Украина президенти Ғарб давлатларининг АҚШ президенти томонидан ишлаб чиқилган тактикасига ҳам изоҳ берди - Байден ўтган ҳафтада New York Times нашридаги колонкасида Украина учун янги қуроллар етказиб берилиши Россияни музокаралар столига ўтиришга ундаши кераклигини ёзганди. Аммо Зеленскийнинг сўзларига кўра бу етарли бўлмайди.
Украинлар президенти яна бир бор Украинада тинчлик ўрнатилишига шарт-шароитлар яратиш учун Россиядан нефт ва газ сотиб олишга тўлиқ эмбарго жорий этилиши зарурлигини қайд этди.
Чеклов чоралари ўз иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатаётгани учун Москвага аввал қўлланган санкцияларни юмшатишга уринаётган Ғарбнинг қатор давлатлари ҳукуматлари ҳам Зеленскийнинг танқидига учради.
«Ўзларини майда чавоқдек тутишади - гўёки Украинани қўллаб-қувватлаётгандек, аммо шу вақтнинг ўзида бизнес жабрланмаслиги учун халқаро санкцияларни юмшатиш йўлларини излашади», дея ўз позициясини ифодалаган Володимир Зеленский.
Мавзуга оид
19:39 / 08.11.2024
Украинада россиялик яна бир генерал ҳалок бўлди
21:23 / 31.10.2024
Фронтдаги вазият: Россия ва Украина Курахово учун кузнинг ҳал қилувчи жангини бошлади
17:00 / 17.09.2024
Фронтдаги вазият: Украинанинг Донецк яқинидаги гуруҳига қуршов таҳдид солмоқда
15:25 / 13.09.2024