Ўзбекистон | 18:03 / 09.06.2022
11838
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида бир кунда икки кишини поезд уриб юборди

Фото: Газета.uz

Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятида бир кунда икки киши поезд уриб кетишидан вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди. Транспорт прокуратураси ҳодисалар бўйича расмий маълумот берди.

2022 йил 7 июнь куни соат 06:30 да Термиз - Тошкент -Андижон йўналишидаги йўловчи поезди “Жалоир-Кучлук” темирйўл бекатлари оралиғи, 24-километр 8-тўсиқда Ўрта Чирчиқ тумани тиббиёт бирлашмасида рўйхатда турувчи, 1-гуруҳ ногирони (қулоғида нуқсони бор), Ўрта Чирчиқ туманида яшаган, 1995 йилда туғилган эркак кишини уриб юборган. 

Билдирилишича, фуқаро ўз эҳтиётсизлиги ҳамда олган тан жароҳатлари оқибатида воқеа жойида вафот этган. 

Шу куни соат 09:50 да Бўзсув - Чирчиқ йўналиши бўйича ҳаракатланиб кетаётган электровоз “Бўзсув - Чирчиқ” темирйўл бекатлари оралиғи, 31-километр, 3-тўсиқда ҳаракатланиб кетаётган вақтида пиёдалар ўтиш жойидан Чирчиқ шаҳрида жойлашган новвойхонада ишчи бўлиб ишлаган, Чирчиқда жойлашган дўконларга нон олиб бориб бериш мақсадида велосипед ҳайдаб, қўл телефонидан фойдаланиб ўтиб кетаётган, 2002 йилда туғилган эркак кишини уриб юборган. 

Транспорт прокуратураси хабарига кўра, фуқаро ўз эҳтиётсизлиги ҳамда олган тан жароҳатлари оқибатида воқеа жойида вафот этган. 

Ҳозирги вақтда юқорида қайд қилинган ҳолатлар юзасидан Тошкент вилояти транспорт прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид