Ўзбекистон | 15:30 / 11.06.2022
14390
3 дақиқада ўқилади

Андижонликлар Кегейлини ривожлантиришга ҳисса қўшмоқда. Ҳозиргача қандай ўзгаришлар бўлди?

Президент Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикасининг Кегейли туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга яқиндан ёрдам бериш Андижон вилояти фаолларига юклатилган. Ҳозирда андижонлик мутасаддилар, тадбиркор ҳамда фермерлар Кегейлида фаоллик кўрсатишмоқда.

Андижонлик мутасаддилар амалга оширилаётган ишларни янада жадаллаштириш мақсадида Кегейлида бўлишди. Мазкур ҳудудда андижонлик тадбиркорлар томонидан 2022–2023 йиллар давомида умумий қиймати 604 миллиард сўм бўлган 23 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Ушбу лойиҳалар ҳисобига 1700 та янги ишчи ўрни яратилади.

Шуҳратбек Абдураҳмонов ва Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши Раиси Қаҳрамон Сариев Жузимбоғ маҳалласида аҳоли билан мулоқот қилиб, ҳоким ёрдамчисининг фаолияти билан танишди.  

100 та иш ўрнига эга “Ниҳол текс” МЧЖ пайпоқ тўқиш фабрикасининг очилиш маросимида сўз олган Андижон вилояти ҳокими бу хайрли ишларнинг дебочаси эканини айтиб, ҳали юзлаб янги иш ўринлари яратилишини маълум қилди.

Кегейлининг Жузимбағ овулида яшовчи Ақсунгил Раметованинг 4 фарзанди олий таълим муассасасида шартнома асосида ўқийди. Фарзандлар контрактига пул топиш учун томорқа атрофидан ғишт қуйиб сотади. Аммо сув танқислиги бор эди. Муаммо атрофлича ўрганилиб, хонадон эгаларига ер остидан сув чиқариб берилди.

Айни пайтда “АНДИЖОН МАКРО ФАРМ” МЧЖ томонидан Кегейлида 23 хил дори воситаси ишлаб чиқариладиган фарм саноат корхонаси қурилмоқда. Корхонанинг лойиҳа қиймати 67,9 миллиард сўмни ташкил этади. 2023 йилда ишга туширилиши режалаштирилган бу масканда яна 100 та янги иш ўрни яратилади.

Шуҳратбек Абдураҳмонов ва Қаҳрамон Сариевларнинг ҳудуддаги ёшлар билан учрашувлари давомида ҳоким стипендиясини тайинлаш, Андижон ва Кегейли ёшлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, танлов ва лойиҳалар ўтказиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Андижон вилоят ҳокимлиги томонидан тумандаги 17-умумий ўрта мактаб ҳудудига бадминтон майдончасини барпо этиш учун 50 миллион сўм ажратиладиган бўлди.

Яна бир лойиҳа Қумшунгил маҳалласидаги “Етти хазина жилваси” паррандачилик кластери бўлади. Икки гектарли майдонда барпо этилаётган паррандачилик комплексининг лойиҳа қиймати 20 миллиард сўмни ташкил этади. Айни пайтда маҳалладаги 50 та хонадонда 10 бошдан курка ва қуёнлар парваришланмоқда.

Маълумот учун, Кегейли туманини комплекс ривожлантириш ҳар бир маҳалланинг Андижон вилоятидаги мавжуд шаҳар ва туман ҳокимликларига бириктирилган.

Пахтаобод тумани ҳокимлиги кўмагида Нурли бўстон маҳалласида оилавий боғча, гўзаллик салони, кутубхона ва тикувчилик цехи фаолияти йўлга қўйилди.

Кегейлига уюштирилган ташриф давомида бир нечта объект фойдаланишга топширилди. Жумладан, “Жулиан жап” ҳамда “Актуба” маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари учун бунёд этилган янги бинолар, Халқобод маҳалласида енгил конструкцияли контейнерлардан қурилган замонавий хизмат кўрсатиш шохобчалари аҳолига сифатли хизмат кўрсата бошлади.

Реклама ҳуқуқи асосида

Мавзуга оид