Россия Марказий банки асосий ставкани урушдан олдинги 9,5 фоизга туширди
Россия банки асосий ставканинг 11 фоиздан 9,5 фоизгача пасайиши ҳақида эълон қилди, бу инфляциянинг секинлашиши, шунингдек, иқтисодий фаолликнинг кутилганидан камроқ сезиларли даражада пасайиши билан изоҳланади.
Россия Марказий банки ўзининг асосий ставкасини йиллик 11 фоиздан 9,5 фоизга туширди - бу Россиянинг Украинада ҳарбий ҳаракатлар бошлашидан олдинги даража. 10 июнь, жума куни қарорни эълон қилар экан, регулятор Россия иқтисодиёти учун ҳали ҳам оғир ташқи шароитлар ва «иқтисодий фаолиятга жиддий чекловлар» мавжудлигига ишора қилди.
«Шу билан бирга, инфляциянинг секинлашиши тезроқ, иқтисодий фаолликнинг пасайиши эса апрель ойида Россия банки кутганидан кўра камроқ миқёсда юз бермоқда. Охирги маълумотларга кўра, май ва июнь ойининг бошларида жорий нархларнинг паст ўсиш суръатлари қайд этилади», дейилади регулятор хабарида. Таъкидланишича, бундай тенденцияга «рубль алмашув курсининг динамикаси ҳамда аҳоли ва бизнеснинг инфляцион кутилмалари сезиларли даражада пасайиши шароитида шошилинч истеъмол талаби таъсири тугагани ёрдам берди».
Россия Марказий банкининг прогнозига кўра, 2022 йилда йиллик инфляция даражаси 14,0-17,0 фоиз даражасида сақланиб қолади ва 2023 йилда у 5,0-7,0 фоизгача камаяди. 2024 йилда Россия регулятори инфляция даражасининг 4 фоизга қайтишини кутмоқда.
Февраль ойи охирида, Россиянинг Украинада ҳарбий ҳаракатлари бошлангани ва бу борада киритилган ғарб санкциялари, шунингдек, рубль курси кескин тушиб кетганидан сўнг, Россия банки асосий ставкани 20 фоизга оширди. Апрель ойида у аста-секин пасайишни бошлади.
Мавзуга оид
15:31
Шартнома бўйича ҳарбийлар 65 ёшга тўлмагунча Россия армиясидан бўшатилмайди
13:32
Дума 2025 йилги бюджетни урушга рекорд харажатлар билан қабул қилди
11:53
АҚШ Россиянинг 50 та банкига қарши янги санкциялар киритди
22:23 / 21.11.2024