Бекободда 356 минг долларнинг Тожикистонга ноқонуний олиб чиқиб кетилишига чек қўйилди
Давлат хавфсизлик хизмати 356 минг АҚШ долларини Тожикистонга ноқонуний олиб чиқиб кетилишига чек қўйди. Бу ҳақда ДХХ хабарида айтилган.
Маълум қилинишича, Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят божхона бошқармаси ва Чегара қўшинлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган.
Унда, Бекобод шаҳридаги “Казарма” соддалаштирилган ўтиш пункти орқали кўп миқдордаги валюта қимматликларини қўшни давлатга ноқонуний олиб чиқиб кетишга уринган 2 нафар фуқаро ушланди.
Шахсий кўрикдан ўтказилган вақтларида Бекобод шаҳрида яшовчи, 1980 йилда туғилган аёлнинг ёнида 166 минг АҚШ доллари ва унинг шериги, 1994 йилда туғилган аёлнинг ёнида эса 190 минг АҚШ доллари, жами 356 минг АҚШ доллари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Аниқланишича, улар тожикистонлик шахс илтимосига кўра хорижий валютани Бекобод шаҳрида номаълум шахслардан олиб, ўз кийимларига яширган ҳолда, маълум бир хизмат ҳақи эвазига Тожикистонга олиб чиқиб кетаётган бўлган.
Ҳозирда мазкур фуқароларга нисбатан Жиноят кодекси тегишли моддаси билан қўзғатилган жиноят иши доирасида ушбу валюта қимматликлари ҳақиқий эгалари шахсига аниқлик киритиш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.
Мавзуга оид
12:26 / 15.11.2024
Роғун ГЭСдаги авария оқибатида 3 киши ҳалок бўлди
19:37 / 31.10.2024
«Валюта курсининг 1 фоизга қадрсизланиши инфляцияга 0,3-0,4 фоиз таъсир кўрсатиши мумкин» - МБ раиси
19:32 / 31.10.2024
Тожикистон президенти ижтимоий тармоқлардаги «лайк» учун одамларни таъқиб қилмасликни талаб этди
14:16 / 31.10.2024