Жаҳон | 14:28 / 14.06.2022
7924
3 дақиқада ўқилади

Сбербанк ва Россиянинг яна иккита банки SWIFT’дан узилди 

Фото: ТАСС

АҚШнинг энг йирик банклари JPMorgan Chase ва Goldman Sachs Россия қарзига хизмат кўрсатиш операцияларидан бош тортди, деб хабар бермоқда Bloomberg.

Россиянинг Сбербанк, Росселхозбанк ва Москва кредит банки молия институтлари SWIFT халқаро тўловларнинг энг йирик тизимидан узилмоқда. ЕИнинг Украинага бостириб кириши сабабли Россияга қарши жорий этган санкцияларининг олтинчи пакети доирасида қабул қилинган ушбу чора 14 июнь, сешанба кунидан бошлаб ишлай бошлади. 

12 мартдан бошлаб ушбу молиявий хабарлар тизими ВТБ, «ФК Открытие», Промсвязбанк, Совкомбанк, «Россия» банки, Новикомбанк ва ВЭБ давлат корпорацияси банкларига хизмат кўрсатишни тўхтатди. 

Айни пайтда, Bloomberg маълумотларига кўра, АҚШнинг энг йирик банклари JPMorgan Chase ва Goldman Sachs Россия қарз мажбуриятларига хизмат кўрсатиш операцияларидан бош тортган. Бу ўтган ҳафта АҚШ Молия вазирлигининг америкалик инвесторларга бундай активларни қўлга киритишни тақиқлаш тўғрисидаги кутилмаган баёнотидан кейин содир бўлди, деб ёзади агентлик масаладан хабардор манбаларга таяниб. 

Шу билан бирга, АҚШ Молия вазирлигининг Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси (OFAC) янги ва мавжуд қарзлар ҳамда Россия қимматли қоғозларини сотиб олишни тақиқлади. «OFAC’нинг янгиланган кўрсатмаларига ва Goldman Sachs’нинг Россиядаги бизнеси тугатилишига мувофиқ, фирма энди Россия юридик шахслари билан бозорда фаоллик ҳосил қилувчи айрим операцияларни амалга оширмайди», — дейилади банк баёнотида. 

24 май куни АҚШ Молия вазирлиги Россия суверен облигациялари эгаларига ушбу қимматли қоғозларга хизмат кўрсатиш ва қарзни тўлаш учун доллар тўловларини олиш имконини берувчи 9С бош лицензиясини янгиламаганини эълон қилди. Лицензия муддати 25 май куни Москва вақти билан соат 07:01 да тугади. Россиянинг Украинага бостириб киришидан кейин Ғарб томонидан киритилган санкциялар Россия Молия вазирлиги, Марказий банки ёки Миллий фаровонлик жамғармаси билан операцияларни тақиқлайди. Шу билан бирга, 2 март куни OFAC қарзни тўлаш ва акциядорларга тўловлар доирасида фоизлар ва дивиденд тўловларини олиш учун имкон яратди. Ушбу лицензия Россияга давлат облигациялари бўйича тўловларни давом эттиришга ва шу билан давлат қарзи бўйича дефолтнинг олдини олишга имкон берди. 

Мавзуга оид