Ўзбекистон | 08:12 / 16.06.2022
6610
2 дақиқада ўқилади

Урганчда Ал-Хоразмий мажмуаси қурилишига тамал тоши қўйилди

Хоразм вилояти марказида «шаҳар ичидаги шаҳар» - Ал-Хоразмий мажмуаси қурилиши бошланди. 

Фото: Хоразм вилояти ҳокимлиги

15 июнь куни Урганч шаҳрида умумий майдони 140 гектар бўлган Ал-Хоразмий мажмуаси қурилишига тамал тоши қўйилди

Тадбирда Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов, Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, қурилиш вазири Ботир Закиров, Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов ва  жамоатчилик вакиллари  иштирок этдилар. 

Лойиҳага кўра, бу ерда университет, талабалар ётоқхонаси, IT-парк, уйлар, 3 минг ўринли мактаб ва 1,5 минг ўринли боғча, маданият ва спорт мажмуалари, автотураргоҳлар қурилади. Шаҳарча марказида «Янги Ўзбекистон» боғи - Муҳаммад ал-Хоразмий сайилгоҳи барпо этилиб, буюк алломанинг 30,5 метрлик ҳайкали ўрнатилади. Шунингдек, хорижий инвестицияларни жалб қилган ҳолда технопарк ва замонавий тўқимачилик  корхоналари қурилиб, ишга туширилади.  

Ал-Хоразмий мажмуаси Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қурилмоқда.

«Бу ер шаҳар ичидаги шаҳар бўлади. Университет, инновацион марказ ва мактаблар илм ва таълим кластерини ташкил этади. Бу ерда ишловчилар учун уй-жойлар, илмга асосланган саноат зонаси ҳам бўлади. Бу шаҳарчани шунга муносиб қилиб, сифатли қуриш керак», - деган эди давлат раҳбари.

Мавзуга оид